Рўза мия ва ичак фаолиятини қайта тиклайди, бу эса вазн йўқотиш ва саломатликни яхшилашга олиб келади.
АҚШнинг “Frontiers in Cellular and Infection Microbiology” номли халқаро журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, рўза тутиш мия фаолиятини ва ичак бактерияларини сезиларли даражада яхшилайди, ортиқча вазннинг йўқолишига ҳамда умумий саломатликнинг тикланишига олиб келади.
Тадқиқотчилар рўза тутганларнинг саломатлигини текширишлари натижасида қуйидагиларни аниқладилар:
– ортиқча вазндан халос бўлиш (ўртача 7,6 килограмм – 16,8 фунт);
– ичак бактерияларидаги ижобий ўзгаришлар, хусусан ёғон ичак фаолияти учун фойдали “Coprococcus ва Eubacterium hallii” бактериясининг фаоллашуви;
– озиқ-овқат истеъмоли ва импульсларни назорат қилувчи мия тўқималарининг яхшиланиши.
Хулоса қилиб айтганда, рўза ошқозон ва ичаклар ҳамда мия фаолиятини яхшиланишига сабаб бўлади.
“Рўза тутишингиз сиз учун яхшиликдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар ва “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар” деган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар бўлсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати