Шу йил 18 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридаги "Иброҳим ота" масжидида ўқилаётган хатми Қуръонда иштирок этдилар.
Муфтий ҳазратлари жомега йиғилган мўмин-мусулмонларга Рамазон – ҳам жисман, ҳам руҳий покланиш ойи эканини баён этиш билан бирга динимизда рўзадорга ваъда қилинган мукофотлар ҳақида мавъиза қилдилар.
Манфаатли маъруза давомида Шайх ҳазратлари рўзадорга жуда кўп мукофотлар ваъда қилингани, хусусан, ҳадиси шарифларда рўзадорнинг гуноҳлари мағфират қилиниши, дўзахдан озод қилиниши, рўза ўз соҳибини жисмонан соғлом, руҳан бой инсонга айлантириши, Қиёмат куни шафоатчи бўлиши, “Райён” деб номланган дарвозадан чақирилиши ва рўзанинг мукофотини Аллоҳ таолонинг фақат Ўзи бериши ҳақида сўз юритдилар.
Гўзал суҳбат сўнгида барча рўзадорларга куч-қувват ва уларга ваъда қилинган улкан ажру савобларга эга бўлишларини тилаш баробарида юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ