Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббасиддинов бошчилигида Наманган туманининг Шодлик тантаналар мажмуасида ҳамда Янги Наманган туманининг “Ҳазрати Билол“ жоме масжидида йиғилишлар ўтказилди.
Вилоят вакиллиги ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда "Ҳаж – 2024" зиёратчилари, маҳалла аҳли иштирок этган маърифий тадбирларда динимиз жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшашга буюриши, улар ўртасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурматга чорлаши ҳаётий мисоллар асосида айтиб ўтилди.
Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига эл-юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш масалаларига урғу берилди.
Тадбирларнинг амалий қисмида масъуллар Янги Наманган тумани масжидлари ҳудудидаги маҳаллаларнинг бир неча хонадонларига кириб, аҳоли вакилларидан ҳол-аҳвол сўрашди. Уларнинг муаммолари ўрганилди. Таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди. Лозим бўлган оилаларга моддий-маънавий кўмаклар кўсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бақара сурасининг охирги икки оятини тунда ўқиса, унга кифоя қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Муфассирлар мазкур икки оятнинг инсонга кифоя қилиши борасида: “Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиган инсонга мазкур оятлар унинг ҳаёти давомида учрайдиган ғам-ташвишлардан, ёмонликлардан кифоя бўлади. Ким кеч кирганда мазкур икки оятни ўқиса, гўё кечани ибодат билан бедор ўтказгандек савоб олишига кифоя қилади”, дейишган.
Бошқа бир қавлда: “Ким мазкур икки оятни тунда ўқиса, туни билан Қуръонни ўқиб чиққандек савобга кифоя қилинади”, дейилган.