Рамазони шарифда диний-маърифий соҳадаги барча ишларни ўзгача руҳ ва кайфият қуршаб олади. Хусусан, улуғ ойдаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқоти кўплаб муаммолар ўз ечимини топишида муҳим омил бўлмоқда.
Ана шундай қабуллардан бири бугун, 19 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, ҳаж, оилавий келишмовчилик, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Мана шундай самимий қабул ва Рамазон ҳадяларидан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлиб, хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ноёб ҳужжатли фильм – “Усмон Мусҳафи: Мадинадан Мовароуннаҳр сари” номли лойиҳа устида иш бошланмоқда. Фильмда дунёдаги энг қадимий Қуръон қўлёзмаси – VII асрда пергаментга ёзилган, ҳажми 53х68 см бўлган ва 353 варақдан иборат Усмон Мусҳафининг Мадинадан Мовароуннаҳргача бўлган тарихий йўли ёритилади.
Фильмда қўлёзманинг яратилишидан тортиб, турли цивилизациялар даврида бошдан кечирган мураккаб тарихий жараёнлар, унинг Ўзбекистонга қандай сақланиб келгани ва ҳозирда Ислом цивилизацияси марказида муқаддас мерос сифатида эъзозланаётгани ҳужжатлар, тарихий манбалар ҳамда мутахассисларнинг изоҳларига таянган ҳолда ёритилади.
Мазкур ҳужжатли фильм марказдаги экспозиция таркибига киритилиши режалаштирилган бўлиб, у зиёратчилар ва меҳмонлар учун муҳим маънавий-тарихий тажрибани тақдим этади. Фильм орқали томошабинлар нафақат Қуръоннинг тарихий қадр-қиммати, балки Ўзбекистон заминининг бу бебаҳо меросни асраб-авайлашдаги тутган ўрни ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлишади.
cisc.uz