Ойлар султони Рамазоннинг ҳар бир кунида саховат, хайрия тадбирлари Тошкент шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан ўтказиляпти.
Рамазоннинг 20-куни (20 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрдилар.
Туман бош имом-хатиби, имом-домлалар билан 3 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди.
Шундай оилалардан иккитасида ёши улуғ отахон ва кекса онахон истиқомат қилади. Отахон ва онахон кўзларида ёш ила юртимиз тинчлиги мустаҳкам, халқимиз турмуши янада фаровон бўлиши сўраб дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун 700 ва ундан ортиқ савоб ато этишини билдирмоқда.
Парвардигор эҳсонларни қабул қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Ушбу тамойил асосида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги таъминланади
МУНОСАБАТ
Юртимизда диний соҳада давлат сиёсатининг такомиллашуви, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлиги кафолатланиши ва диний соҳага оид масалаларнинг ҳуқуқий асосда ҳал этилиши борасида туб бурилиш юз бермоқда. Бу борада илгари сурилган концептуал ёндашувлар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотлар учун муҳим ҳужжатдир. Зеро, у орқали давлат-дин муносабатлари очиқлиги, шаффофлиги, диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, диний-маърифий фаолиятни илмийлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ташкил этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.
Фармон нафақат диний соҳада фаолият юритаётган мутасаддилар, балки кенг жамоатчилик, илмий доиралар, халқаро экспертлар томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда. Чунки у Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, хусусан, виждон эркинлиги бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни амалда рўёбга чиқаришга интилаётганини яққол намоён этди.
Илҳомжон Бекмирзаев,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, тарих фанлари доктори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 26 апрель, 85-сон