frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

Ҳайитлик

25.03.2025   16961   2 min.
Ҳайитлик

Ҳайитда ота ўғлига оёқ кийим олиб бериш учун бозорга олиб борди. Дўконда ўғли бир оёқ кийим ёққандай бўлди. Шу пайт дўкон ёнидан бир бола нарса сотиб ўтиб қолди. У дўконга мўралаб, сотаётган егулигидан олишга чорларкан, отаси оёқ кийим олиб бераётган болага ҳавасланиб қараб қолди. Ота ўғлининг эътибори тенгдошига тушганини кўрди. Ўғли унинг эскириб кетган кийим-бошига қараб, ачинганини сезди. Боягина ўзига ёққан оёқ кийимни кийиб, шодланган чеҳраси маюслашди.

Ота ўғлидан: “У болани ҳам хурсанд қилмоқчимисан?”, деб сўради. Ўғлининг юз-кўзлари қувончдан порлади: “Отажон! Унга ҳам шу оёқ кийимдан олиб берасизми?” дея отасини қучоқлаб миннатдорлик билдирди. Ота нарса сотиб юрган болани чақирди. Ўғлига олиб берган оёқ кийимдан унга ҳам олиб, кийдирди. Бола олдинига ишонқирамади.

Сўнг хурсанд бўлганидан йиғлаб юборди. Бу саховатли амакига раҳмат айтиб, қўлини ўпмоқчи бўлди. Амаки эса унинг бошини силаб: “Ҳайит муборак бўлсин, болам!” деди. “Сизга ҳам байрам муборак бўлсин, пулларингиз бундан ҳам кўпайсин!” дея тезда жавоб қайтарди бола. Ота зимдан ўғлига қаради. Унинг хурсандлигини кўриб, Аллоҳ таолога шундай салим қалбли фарзанд бергани учун шукроналар айтди. Ўйлаб қараса, у ўғлига ҳайитлик учун бир оёқ кийим олиб берибди. Ўғли эса унга бебаҳо нарсалар – яхшилик қилишнинг ҳузури ва шукроналик туйғусини ҳадя қилибди.

Ҳақиқий ҳайитликни Аллоҳ таоло учовларига ҳам ато этибди.
 

Яхшилик қилиш бандани жаннатга олиб бориши Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда жуда кўп айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар. 


Акбаршоҳ Расулов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Турли эътиқодлар — умумий келажак

19.10.2026   20254   1 min.
Турли эътиқодлар — умумий келажак

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Турли эътиқодлар – умумий келажак: ҳурмат ва мулоқот маданияти” мавзусида динлараро мулоқот тадбири ташкил этилди, хабар бермоқда ЎзА.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад жамиятда динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тамойилларини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар вакиллари ўртасида очиқ мулоқотни ривожлантириш ҳамда ёшлар орасида тинчлик ва бағрикенглик қадриятларини кенг тарғиб этишдан иборат бўлди.

Тадбирни университет филиалининг ижрочи директори Абдулла Мағрупов очиб, иштирокчиларни қутлади. Филиалнинг ижрочи директори ўз нутқида жамиятда тинчлик ва осойишталикни асраш, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, ёшларни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳамда таълим муассасаларида бағрикенглик муҳитини ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Тадбирда Ўзбекистондаги турли диний конфессиялар ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирок этиб, динлараро ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик, тинчлик ва ўзаро мулоқот маданиятига оид мавзуларда маърузалар қилди.

Маърузалар давомида турли эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёш авлодни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари