ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон – Қуръони карим нозил бўлган ой бўлгани учун, айнан Қуръони каримни бошқа ойларга нисбатан кўпроқ ўқиш тавсия қилинади. Зеро, Қуръони карим энг улуғ, энг афзал зикрдир. Бундан ташқари тасбиҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), истиғфор (Астағфируллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳам энг афзал зикрлар саналади. "Аллоҳ, Аллоҳ", деб юриш ҳам зикрнинг энг тилга осон кўринишидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бухоро вилояти имом-хатиблари ва имом ноибларининг хайрли ташаббуси билан вилоятнинг барча ҳудудида ифторлик дастурхонлари ёзилиб, кўплаб рўзадору эҳтиёжмандлар, нуроний отахон-онахонлар, дуогўй мўйсафидларнинг кўнгли олиб келинмоқда.
Эзгу дуолар ила ўтаётган ифторликлардан кўнгиллар шодликка тўлиб, шукроналик ҳисси ортмоқда. Албатта, бундай хайрли амалларнинг ажру савоблари ҳам улкан бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: “Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати