Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда. “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида бўлиб ўтаётган хайрли ишларда ўтган йилнинг июл ойидан жорий йилнинг 24 мартига қадар 473 972 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри ва шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди.
Диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар иштирок этаётган тадбирлар натижасида низоли оилалар яраштирилмоқда, ёт унсурлар таъсирига тушиб қолганлар тўғри йўлга қайтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов