Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки хислат бор. Қайси бир мусулмон банда уни доим бажариб юрса, жаннатга киради, дедилар. Улар енгил, аммо унга амал қиладиганлар оз. Биринчиси, ҳар бир намоз сўнгида ўн марта «субҳаналлоҳ», ўн марта «алҳамду лиллаҳ», ўн марта «Аллоҳу акбар», дейиш. Бу бир кунда тилда 150 та, мезонда бўлса, 1500 тадир. Иккинчиси, тўшакка кирганда, (ухлашдан олдин) ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар», ўттиз уч марта «алҳамду лиллаҳ» ўттиз уч марта «субҳаналлоҳ, деса, тилида 100 та, мезонда эса, 1000 та бўлади», дедилар.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уни қўллари билан таъкидлаганларини кўрдим. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, нима учун енгил бўлса ҳам, уни бажарадиганлар оз?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ухлашни хоҳлаган пайтда шайтон келиб, мана шу калималарни айтишдан олдин ухлатиб қўяди. Намоз ўқиб бўлганидан кейин ҳам шайтон келиб, мана шу калималарни айтишидан олдин унга бир зарур ишни эслатади», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоятлари.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи 4545-ҳадис шарҳида «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта» дейилганда беш вақт намоз кўзда тутилган.
Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса, катта хайр, баракага эга бўлинади.
Бизда намоздан кейин айтиладиган тасбеҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиб келинмоқда.
Имом Муслим ва Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».
Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб, татбиққа кирган.
Имом Муслимнинг ривоятида:
«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.
Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятал Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Бу сўфийлар хатми деб номланади. Бу нур устига нур дейилади, чунки «Оятал Курсий» Куръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Анвар Аҳмад таржимаси
Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.
Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:
– Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.
Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
катта ўқитувчиси.