Қадрли юртдошлар!
Аввало, сиз азизларни, бутун халқимизни улуғ айём – муборак Рамазон ҳайити билан чин юракдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ушбу саодатли дамларда бу йилги Рамазон ойини ҳар томонлама муносиб ўтказиб, Ийд-ал-Фитрни эл-юртимиз билан бирга мана шундай шоду хуррамликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз.
Албатта, туб моҳиятида инсонпарварлик ғояси мужассам бўлган муқаддас ислом динининг эзгу қадриятлари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани Рамазон ойида янада яққол намоён бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, маънавий покланиш, сабр-қаноат, шукроналик, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган ушбу ойни миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда, юксак савияда ўтказиш, юртимиз мусулмонлари ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилганини таъкидлаш лозим.
Айниқса, бу муборак ойнинг “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” деган ғоя асосида ўтказилгани жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шу мақсадда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар, кекса, ногирон ва ёлғиз инсонлар ҳолидан хабар олиш, камбағал кишиларнинг оғирини енгил қилиш, уйлар ва маҳаллаларни обод этиш, уч авлод вакиллари иштирокида оммавий дарахт экиш, янги боғу роғлар барпо этиш бўйича кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилганини қайд этиш зарур. Жумладан, республикамиз бўйлаб кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакатимиз жамоатчилиги вакилларини бирлаштирган ифторлик маросимлари бизнинг кучимиз бирликда ва ҳамжиҳатликда эканини яна бир бор яққол намоён этди.
Ўйлайманки, кейинги йилларда яхши анъанага айланган бундай маросимлар инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизни ягона, аҳил оила сифатида бирлаштириш борасида беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, биз бу ишларни бундан буён ҳам албатта давом эттирамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Барчангизга маълумки, ислом – бу аввало, одамийлик, илм-фан, билим ва маърифат, эзгу фазилатларни улуғлаш таълимотидир.
Шу борада мамлакатимизда ислом цивилизацияси ва маданияти асосида яратилган бой илмий-маънавий меросни тўплаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишга сўнгги йилларда улкан эътибор берилмоқда. Айни шу мақсадда юртимизда янги-янги илмий-маърифий марказлар, диний йўналишдаги таълим масканлари, қутлуғ зиёратгоҳлар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бормоқда.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси гўзал диёримизда барча соҳа ва тармоқлар қатори диний-маърифий ҳаёт ҳам узлуксиз ривожланишда эканидан далолатдир. Бу ишларда юртимиз мўмин-мусулмонлари, бутун халқимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаб, бунинг учун барчангизга самимий миннатдорлик билдираман.
Мана шу шукуҳли айёмда чет элларда она юртга садоқат туйғуси билан яшаётган ватандошларимизни ҳам Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлаб, уларга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Ушбу шарофатли кунда дунёнинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига дўстлик саломимизни йўллаймиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Рамазон ойида қилган барча эзгу ният ва дуоларимиз ижобат бўлсин!
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз ва халқимизни ўз паноҳида асрасин!
Ийд-ал-Фитр айёми барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Хабарингиз бор, Ўзбекисто Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида йирик халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, профессор Музаффар Комилов ўртасида учрашув ўтказилди.
Суҳбат аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш энг устувор вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мусулмон донишмандлари кенгаши билан алоқаларни ривожлантириш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Мусулмон донишмандлари кенгаши билан ҳамкорликда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд шаҳрида қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси фаолияти доирасида самарали алоқаларни йўлга қўйиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари учун аҳиллик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни турли хавф-хатарлардан асраш масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бу йўналишда томонлар кенг ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.