Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2025   |   23 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2025, 23 Шаввол, 1446
Мақолалар

Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги

29.03.2025   8120   3 min.
Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги

Қадрли юртдошлар!

Аввало, сиз азизларни, бутун халқимизни улуғ айём – муборак Рамазон ҳайити билан чин юракдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ушбу саодатли дамларда бу йилги Рамазон ойини ҳар томонлама муносиб ўтказиб, Ийд-ал-Фитрни эл-юртимиз билан бирга мана шундай шоду хуррамликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз.

Албатта, туб моҳиятида инсонпарварлик ғояси мужассам бўлган муқаддас ислом динининг эзгу қадриятлари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани Рамазон ойида янада яққол намоён бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, маънавий покланиш, сабр-қаноат, шукроналик, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган ушбу ойни миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда, юксак савияда ўтказиш, юртимиз мусулмонлари ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилганини таъкидлаш лозим.

Айниқса, бу муборак ойнинг “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” деган ғоя асосида ўтказилгани жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Шу мақсадда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар, кекса, ногирон ва ёлғиз инсонлар ҳолидан хабар олиш, камбағал кишиларнинг оғирини енгил қилиш, уйлар ва маҳаллаларни обод этиш, уч авлод вакиллари иштирокида оммавий дарахт экиш, янги боғу роғлар барпо этиш бўйича кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилганини қайд этиш зарур. Жумладан, республикамиз бўйлаб кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакатимиз жамоатчилиги вакилларини бирлаштирган ифторлик маросимлари бизнинг кучимиз бирликда ва ҳамжиҳатликда эканини яна бир бор яққол намоён этди.

Ўйлайманки, кейинги йилларда яхши анъанага айланган бундай маросимлар инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизни ягона, аҳил оила сифатида бирлаштириш борасида беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, биз бу ишларни бундан буён ҳам албатта давом эттирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Барчангизга маълумки, ислом – бу аввало, одамийлик, илм-фан, билим ва маърифат, эзгу фазилатларни улуғлаш таълимотидир.

Шу борада мамлакатимизда ислом цивилизацияси ва маданияти асосида яратилган бой илмий-маънавий меросни тўплаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишга сўнгги йилларда улкан эътибор берилмоқда. Айни шу мақсадда юртимизда янги-янги илмий-маърифий марказлар, диний йўналишдаги таълим масканлари, қутлуғ зиёратгоҳлар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бормоқда.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси гўзал диёримизда барча соҳа ва тармоқлар қатори диний-маърифий ҳаёт ҳам узлуксиз ривожланишда эканидан далолатдир. Бу ишларда юртимиз мўмин-мусулмонлари, бутун халқимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаб, бунинг учун барчангизга самимий миннатдорлик билдираман.

Мана шу шукуҳли айёмда чет элларда она юртга садоқат туйғуси билан яшаётган ватандошларимизни ҳам Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлаб, уларга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Ушбу шарофатли кунда дунёнинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига дўстлик саломимизни йўллаймиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сиз, азизларни Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Рамазон ойида қилган барча эзгу ният ва дуоларимиз ижобат бўлсин!

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз ва халқимизни ўз паноҳида асрасин!

Ийд-ал-Фитр айёми барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари таҳлилий марказларининг илк форуми бўлиб ўтади

21.04.2025   1069   1 min.
Тошкентда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари таҳлилий марказларининг илк форуми бўлиб ўтади

21-22 апрель кунлари Марказий Осиё халқаро институти Лондондаги “Bourse & Bazaar” жамғармаси билан ҳамкорликда Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчи таҳлилий марказлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этади.
 

Жорий йил 5 май куни Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари раҳбарлари иккинчи саммити арафасида ташкил этилаётган мазкур тадбир ушбу йирик халқаро анжуманга тайёргарлик жараёнини экспертлар даражасида таҳлил қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.


Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Ўмон каби давлатлардан етакчи таҳлилий, дипломатик ва академик муассасаларнинг 40 нафарга яқин таниқли эксперт иштирок этади. Улар орасида илмий тадқиқотчилар, ҳукумат ва мустақил илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, ёндош университетлар вакиллари ҳам бор.


Учрашув давомида икки минтақа ҳамкорлигининг асосий йўналишлари муҳокама қилинади. Хусусан, транспорт ва минтақавий боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва иқлим хавфсизлиги каби мавзулар кун тартибидан ўрин олган.


Форум якунида дипломатик корпус, илмий доира ва ОАВ вакиллари билан уюштириладиган матбуот брифингида эксперт муҳокамаси давомида ишлаб чиқилган асосий хулоса, тавсиялар тақдим этилади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари