Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. ЎМИ Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев, Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев ва Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби Хошимжон домла Отажоновлар ҳомийларни жалб қилган ҳолда Урганч шаҳрида боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож учта оилага Урганч шаҳрида қуриб битказилган барча қулайликларга эга кўп қаватли уйлардан, 3 та янги хонадон ҳадя қилинди. Янги уйларни топшириш маросимида Урганч шаҳар ҳокими Бунёд Ражабов, маҳалла аҳли ва мутасаддилар иштирок этди. Хайрулла домла Абдуллаев уй-жойли бўлганларни муборакбод этиб, янги уйларда яхши кунлар, тўйлар бўлишини тиладилар. Ўз ўрнида уй соҳиблари ҳам бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнгли тоғдек кўтарилиб, бу ишнинг бошида турганларни, инсонпарварлик ёрдами кўрсатганларни дуо қилдилар.
Мазкур хайрли тадбирда хизмати ва саховати билан иштирок этган барча сахий инсонларни Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотласин!
“Яхшиликнинг мукофоти, фақат яхшиликдир”!
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: “Жума кунида садақа беришнинг ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан фазли, Рамазон ойида садақа беришнинг бошқа ойларда садақа беришга нисбатан фазли кабидир”, деди.
Жуда оз бўлса ҳам, кунига садақа қилишни одат қил. Чунки садақа:
• Аллоҳнинг ғазабини ўчиради;
• касалликка даво бўлади;
• мол-мулкингни поклайди;
• Қиёмат куни соя бўлади;
• инсон вафотидан кейин ҳам ажр-савобни кўпайтириб туради.