Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Шаввол ойининг фазилати

01.04.2025   5149   11 min.
Шаввол ойининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг биз, бандаларга ато этган неъматлари беҳисоб, уларнинг саноғига етиш ҳам қийин. Аммо Парвардигорнинг бир неъмати ҳам борки, унинг нақадар муҳимлигини ҳар бир мусулмон жуда яхши билади. Бу неъмат инсонларнинг ҳаёт кечириш ва ибодат қилиш вақтларини аниқлаб-белгилашга хизмат қилувчи йил ва ой ҳисобининг жорий этганидир. 

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса, Роббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз” (Исро сураси, 12-оят); “Аллоҳ қуёшни зиё (таратувчи) ва ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун (ойни) манзилларга ўлчаб қўйган Зотдир” (Юнус сураси, 5-оят).

Мусулмон олами Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага кўчишлари, яъни ҳижрат қилишларидан ҳисоби юритилувчи ҳижрий-қамарий тақвимга кўра йил ҳисобини юритади. Ана шу тақвимнинг ўнинчи ойи шавволдир. Маълумки, муборак Рамазон ойи билан хайрлашиб, мана шаввол ойини ҳам бошлаб юбордик. Бу ой динимиздаги фазилатли ойлардан ҳисобланади. Шаввол ойи ҳам зулқаъда ва зулҳижжа ойлари каби ҳаж ибодатини қилиш мавсуми саналади.  

Шаввол ойининг фазилатларидан энг муҳими ва эътиборлиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойда олти кун рўза тутишни биз, умматларига суннат қилиб қолдирганлар. Юқорида айтганимиздек, шаввол ойи ҳижрий сананинг ўнинчи ойи ҳисобланади. Бу ойда соғлиғи ва имкони бўлган киши нафл рўзасини тутса, Аллоҳ таоло бу бандасига кўп ажру мукофотларларни беришини ваъда қилган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади:  “Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ривояти).

Юқоридаги ҳадис Аллоҳ таолонинг оятидаги: “Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” сўзининг изоҳидир. Чунки бир ҳижрий сана деярли 360 кундан иборат. Рамазон рўзаси ўттиз кун бўлиб, бунинг ўн баравари уч юз кунга тўғри келади. Бу ёғига яна олтмиш кун қолади. Агар шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутилса, бу олтмиш кунга тенг бўлиб, бир йил тўлиқ бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деган эканлар (“Ат-Тарғиб ват-тарҳиб” китобидан).

Шаввол ойи рўзасини тутиш борасида бошқача фатволар ҳам мавжуд. Баъзи уламолар: “Узлуксиз олти кун кетма-кет тутиш керак”, дейишган. Аммо “Оламгирия”, “Заҳирия” ва “Хулоса” номли фатво китобларида келтирилишича: “Икки ҳайит кунлари, ташриқ кунлари (қурбон ҳайити арафасидан бошлаб беш кун давомида) нафл рўза тутиш макруҳдир. Рўза ҳайитидан кейин олти кун шаввол ойида рўза тутиш мустаҳаб амаллардандир. Лекин пайдар-пай эмас, балки ҳар ҳафтада икки кундан тутиш лозим бўлади”.

Қолаверса, нафл рўзанинг энг афзали бир кун тутиб, бир кун тутмаслик экани тўғрисидаги фатволар ҳам бор.

Қўшимча қилиб шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, агар бир киши Рамазон рўзасидан айрим кунларни тутолмаган бўлса, аввал унинг қазосини ўтайди, кейин нафлга киришади. Зеро, фарзлар мукаммал бўлмасдан, нафл ибодатларини қилиш мақбул эмасдир.

Рамазон ойидан кейин келадиган шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилишнинг ўзига яраша ҳикмати ва аҳамияти бор. Аввало, динимизда ҳамиша турли нафл ибодатларга, хусусан ҳамиша нафл рўза тутишга тарғиб қилинади. Қолаверса, бутун Рамазон ойи мобайнида рўза тутиб юриб, шавволда бирдан ўзини овқатга уриш ҳам руҳий, ҳам саломатлик жиҳатидан унча тўғри бўлмайди. Табиблар ҳам очликдан чиққан кишиларга овқат истеъмолини аста-секин кўпайтиришни тавсия қилишади.

Шаввол ойи яна Ислом тарихида  пайғамбарликнинг ўнинчи йилида тоифликларни Исломга даъват қилиш учун бориб катта машаққат ва хўрликларга учраган ой сифатида ҳам маълумдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Тоиф сафарлари айнан шаввол ойида бўлган эди. Тоиф ҳозирги Саудия Арабистонидаги бир шаҳар бўлиб, у Маккадан 60 мил (115 км.) узоқликда жойлашган. Ислом келганида Тоифда яшовчи Сақиф қабиласи бутпараст бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом тоифликларни Исломга даъват қилиш мақсадида Макка даврининг ўнинчи йили шавволида (милодий 609 йили) Тоифга сафар қиладилар. Шаҳар аҳли ўн кун мобайнида қилинган даъватга қулоқ солмади, аксинча Расулуллоҳ ва у зотнинг шерикларини тошбўрон-ҳақоратлар билан Тоифдан қувиб чиқаради. 

Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз мавлолари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳликларида ўзлари гўдакликларида эмизиш, кўксиларини ёриб тозалаш воқеаларини ва шундан кейинги бир муддатни ўтказган Бани Саъд қабиласи ерлари орқали Тоиф томонга кетмоқдалар. Улар шояд Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса, деган умиддалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга етиб борганларидан кейин диёр аҳолиси асосини ташкил қилувчи Сақиф қабиласи аҳёнлари билан учрашдилар. Улар билан мажлис қуриб, Исломга даъват қилдилар. Аммо уларнинг жавоби энг ёмон жавоб бўлди. Улар у зот алайҳиссаломни масхара қилишди. Бу ҳам етмаганидек ўзларининг эси пастлари, қуллари ва бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишга, ортларидан қичқиришга ва тош отишга чорлашди. Тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб, у зот олдиларидан ўтаётганда аёвсиз тошбўрон қилишди. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонга, қалблари эса дарду аламга тўлди. Аммо бағри кенг, комил хулқ эгаси бўлмиш Пайғамбар алайҳиссалом шунда ҳам тоифликларни баддуо қилмадилар, имконлари бўлиб кейин ҳам ўч олиб ўтирмадилар. Аксинча тиллари Аллоҳ таолога илтижога-дуога тўлди: «Эй бор Худоё! Ўзингга қувватим заифлигидан, ҳийлам озлигидан, одамлар олдида ожизлигимдан шикоят қилурман! Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси, Сен заифҳолларнинг Парвардигорисан! Сен Парвардигоримсан! Мени кимларга топшириб қўйдинг?! Мени ёқтирмайдиган нотанишларгами?! Ёки ишимни душманга топширдингми?! Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, буларга эътибор бермайман! Фақат Сенинг офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган ҳамда дунё ва охират ишини салоҳиятли қилган юзинг нури ила, менга ғазабинг нозил бўлишидан ва қаҳринг тушишидан паноҳ тилайман. Токи рози бўлгунингча узримни айтаман. Фақат Аллоҳдагина имкон ва қувват бордир».

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу дуоларини дарҳол қабул қилди. Шу ондан ишлар аста-секин юриша бошлади. Шунда Аллоҳ таоло у зотнинг ҳузурларига тоғ фариштасини юборди. У келиб, икки тоғни бир-бирига уриштириш билан Тоиф аҳлини ҳалок қилиб юборишга изн сўради. 

Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бу ишга изн бермадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам тоғ фариштасига: “Уларнинг пушти камаридан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган одамлар чиқишини умид қиламан”, дедилар. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни бундай ҳолда кўрган Утба ибн Робиъа ва Шайба ибн Робиъаларнинг раҳмлари келди. Ўзларининг Аддос исмли насроний қулларини чақириб: Узилган узумдан олиб, манави товоққа солгин-да анави одамга олиб бор, ундан есин”, дейишди. Аддос узумни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди ва “Енг!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бисмиллаҳ” дедилар-да қўлларини узатиб, узумдан олиб едилар. Шунда Аддос ажабланиб: “Аллоҳга қасамки, ушбу диёр аҳли бу гапни айтмайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан “Сен қайси юртдансан, қайси диндансан?” деб сўрадилар. “Насронийман, Найнаво деган юртданман”, деди у. “Солиҳ киши Юнус ибн Маттонинг қишлоғиданмисан?” дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Юнус ибн Матто ким бўлди?” деди Аддос. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У биродарим, набийлардан эди, мен ҳам Набийман”, дедилар. Шунда Аддос ўзини у зотга отиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари, оёқ-қўлларидан ўпа бошлади. У мусулмон бўлди. 

Макка фатҳидан кейин Ҳунайн ва Автос ғазотларида мағлубиятга учраган бутпараст Ҳавозин қабиласи раиси Малик Тоифга қочиб борган эди. Чунки шаҳар бутпарастликнинг охирги уяси бўлиб турарди. Шунинг учун мусулмонлар Тоифни қамалга олишди. Бир ойлик қуршов ва ҳужумлардан кейин улар шаҳарни ташлаб кетишди. Тоифликлар бир қанча вақт ўтиб мусулмонликни қабул қилишди ва бутларни парчалаб ташлашди.

Мана, шаввол ойидаги биргина воқеанинг тафсилоти билан танишдингиз. Ушбу ойда бундай воқеа-ҳодисалардан жуда кўпи содир бўлган. Ҳижрий биринчи йили шаввол ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳога уйланганлар. Иккинчи ҳижрий сана шаввол ойида Бани Қайнуқоъ ғазоти бўлган. Худди шу пайтда Сувайқ уруши ҳам бўлган. Учинчи ҳижрий йилнинг 15 шаввол куни Ислом тарихида чуқур из қолдирган Уҳуд жанги бўлиб ўтди. Бешинчи ҳижрий йилнинг шу ойида Ҳандақ уруши бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниинг мўминлар онаси  Умму Салама розийаллоҳу анҳога уйланишлари ҳижрий тўртинчи йилнинг шаввол ойида бўлиб ўтди. 

Шунинг учун ушбу ойнинг фазлидан олти кун нафл рўзаларни ихлос ва эҳтимом билан тутиб, савобли ишларимизни янада кўпайтирайлик. Аллоҳнинг Расули башорат берганларидай ушбу ойда олти кун нафл рўза тутиб, бир йил мобайнида рўзадор юрганлик савобига эришайлик. Аллоҳ таоло қилган ибодатларимизни ва тутган нафл рўзаларимизни ҳусни қабул айласин, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин!

"Ҳилол" электрон журналидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Олим қуёшга ўхшайди...

23.07.2025   4202   8 min.
Олим қуёшга ўхшайди...

Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.

Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.

Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.

Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.

Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.

«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».

Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.

Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.

Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...

Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.

Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.

Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.

Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.

Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.

Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: Дин, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: Дин ва мол, деди. Агар учта бўлса-чи? деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.

Отаси: Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик, деб жавоб берди. Ўғил яна: Олтита бўлса-чи? деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.

Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.

Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.

Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.