Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2025   |   19 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:33
Bismillah
14 Июл, 2025, 19 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

01.04.2025   3688   1 min.
Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ўзини болалардек тутсин...

14.07.2025   1001   3 min.
Ўзини болалардек тутсин...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Болалар билан муомала қилиш услуби

Эрингизнинг ҳурматини жойга қўйинг!

Эркак кишининг оилада оила бошлиғи, ота сифатида ўз ўрни бўлмоғи лозим. Бунинг учун аёл киши турмуш ўртоғига нисбатан меҳр-муҳаббатли, айниқса, фарзандларининг олдида отанинг ҳурматини жойига қўймоғи керак. Солиҳа аёл ҳар қандай вақтда оталарининг буюк шахс эканини билдириб туради ва отани ҳурмат қилиш, уни яхши кўришда болаларига ўрнак бўлиб, амалий йўл кўрсатади. Фарзандларига отасининг гўзал хислатларини ўрнак сифатида айтиб беради. Онанинг фарзандига: “Мана шундай қилсанг отанг сендан хурсанд бўлади. Бундай қилмагин, дадангнинг жаҳллари чиқади. Дадангнинг сендан жаҳли чиқса, Аллоҳнинг ҳам ғазаби келади”, дея панд-насиҳатлар қилмоғи мақсадга мувофиқдир.


Арзимас бўлса ҳам ҳадялар беринг!

Фарзандингизга кичик бўлса-да, ҳадялар беринг. Байрам кунлари, бирор муваффақиятга эришганликлари муносабати билан, айниқса, ҳайит кунлари буни унутманг. Бу билан фарзандингизнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати, эътибори ортади, кайфияти кўтарилади, яхшиликлар сари интилади. Совғаларингиз ичида у қизиққан китоблар бўлса, ундан-да яхши.


Фарзандингизга қулоқ солинг!

Фарзандингиз боғчасида ёки мактабида нима бўлганини айтиб бериш учун олдингизга келса, унинг шаштини қайтарманг. Сўзларини диққат билан тингланг. У сиз билан ўзининг ҳис-туйғуларини бўлишмоқчи бўлади. Фарзандингизнинг муваффақиятларини рағбатлантиринг, агарда у имтиҳондан юқори баҳо олса, йилни аъло баҳоларга якунлаб, мақтов ёрлиғи билан тақдирланса, сиз ҳам фарзандингизни муносиб баҳоланг, ширин сўзларингиз билан уни янада илҳомлантиринг. 


Фарзандларингиз билан ҳазиллашиб туринг!   

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ҳазиллашар ва уларга меҳр кўрсатар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасайинни ўпдилар. У зотнинг олдиларида тамиймлик Ақро ибн Ҳобис ўтирган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менинг ўнта болам бор, улардан биронтасини ҳам ўпмаган эканман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди” [1],  дедилар».

Набий алайҳиссалом болалар билан ҳазиллашар, уларнинг бошларини силар эдилар. Болалар эса у зотнинг тафтини, меҳрини ҳис қилишарди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан менинг бошимни силадилар ва: “Аллоҳ, Жаъфарга боласи учун ўринбосар бўл” [2], дедилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларнинг яноқларини силаганлари борасида  “Саҳиҳи Муслим”да ривоят келтирилади. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим, кейин у зот уйларига чиқиб кетдилар, мен ҳам бирга қўшилиб олдим, йўлда иккита ёш бола у зотнинг қаршиларидан чиқди, ҳар бирининг яноқларини алоҳида-алоҳида силаб қўйдилар”.

Муовийя розияллоҳу анҳу: “Кимнинг кичик ёшдаги фарзанди бўлса, фарзанди билан муносабатда ўзини болалардек тутсин”, деганлар. 


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Муттафақун алайҳ.
[2]  Имом Ҳоким ривояти.