Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларини тамомласалар, ўнг қўлларини пешоналарига суртиб сўнгра:
أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ اللهُمَّ أَذْهِبْ عَنِّي الهَمَّ وَالْحَزَنَ
«Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳур роҳманур роҳийм. Аллоҳуммазҳиб ъаннил ҳамма вал ҳазан», деб айтардилар.
Маъноси: Раҳмон ва раҳим сифатли Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бераман. Аллоҳим, мендан ғам ва хафачиликларни кетказ (Ибн Сунний ривояти).
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати