Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳнинг жажжи ўғли бор эди. Қачон бир нарса сўраса, онаси: «Бор, Аллоҳдан сўра!» дерди. Шунда болакай маъсум қалби ила саждага бош қўяр ва Роббидан истаётган нарсасини сўрар эди. Она эса, бу аснода ўша нарсани бурчакка яшириб қўйиб, ҳеч нарса билмагандай турарди. Бола илтижосини тугатгач, ҳалиги нарсасини топиб оларди.
Бу ҳол бир қанча муддат давом этди.
Бир куни уйда ҳеч ким йўқлигида болакайнинг кўнгли бир нарса тусади ва одатига кўра, саждага бош қўйиб, Аллоҳга илтижо қила бошлади. Кейин эса, у нарсани доим оладиган жойидан олди.
Онаси уйга қайтганида, боласининг қўлидаги нарсани кўриб, қаердан олганини сўради. Соф қалб, соф туйғулар соҳиби бўлган болакай: «Ҳамиша оладиган жойимдан», деб жавоб берди...
«Кўнгил султонлари» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа эмизикли аёлни тўйиб эмиши ила у аёл боланинг онасига, эри отасига, фарзандлари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бу аёлнинг бошқа қариндошлари ҳам эмган болага хеш бўладилар. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланади. Шунинг учун уни эмизган аёл ҳам туққан онаси каби бўлади. Бинобарин, худди ўз онасини эъзозлагандек, унинг ҳам ҳурматини жойига қўйиш ва қадрлаш лозим.
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ الْمُنْكَدِرِ قَالَ: جَاءَتْ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ظِئْرُهُ الَّتِي أَرْضَعَتْهُ، فَبَسَطَ لَهَا رِدَاءَهُ ثُمَّ قَالَ: «مَرْحَبًا بِأُمِّي»، ثُمَّ أَجْلَسَهَا عَلَى رِدَائِهِ.
Муҳаммад ибн Мункадирдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотни эмизган аёл келди. Шунда у зот ридоларини ерга ёзиб, «Марҳабо, онажон!» деб уни ридоларининг устига ўтирғиздилар».
Шарҳ: Демак, аёл фақат эмизган бўлса ҳам, ўша эмизган онасининг ҳаққи туққан онанинг ҳаққидек бўлар экан. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини эмизган аёлни «онам» деб атаганлари, келганларида ўринларидан туриб, ҳурмат-иззат қилганлари, ўзларининг кийимларини, ридоларини ечиб, тўшаб, ўшанинг устига ўтирғизиб, ҳурмат кўрсатганлари мана шунга далил, ҳужжат бўлади.
عَنْ حَجَّاجِ بْنِ حَجَّاجٍ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا يُذْهِبُ عَنِّي مَذَمَّةَ الرَّضَاعِ؟ قَالَ: «غُرَّةُ عَبْدٍ أَوْ أَمَةٍ».
Ҳажжож ибн Ҳажжож отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мендан эмизганлик ҳаққи(ни адо этмаганлик) мазамматини нима кетказади?» деб сўрашди.
«Бир қул ёки чўри озод қилиш», дедилар.
Шарҳ: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мени биров эмизган. Унинг эмизганлик ҳаққини адо эта олмаганман. Бу нуқсоннинг ёмонлигини нима кетказади? Нима қилсам, бу гуноҳни юваман, яъни мени эмизган шахснинг ҳаққини адо қиламан?» деб сўрабди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом бу саволга: «Битта қул ёки чўри озод қилиб», деб жавоб берибдилар.
Демак, эмизган аёлларнинг ҳаққи юқори даражада, олий бир мақомда бўлар экан.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.