Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳнинг жажжи ўғли бор эди. Қачон бир нарса сўраса, онаси: «Бор, Аллоҳдан сўра!» дерди. Шунда болакай маъсум қалби ила саждага бош қўяр ва Роббидан истаётган нарсасини сўрар эди. Она эса, бу аснода ўша нарсани бурчакка яшириб қўйиб, ҳеч нарса билмагандай турарди. Бола илтижосини тугатгач, ҳалиги нарсасини топиб оларди.
Бу ҳол бир қанча муддат давом этди.
Бир куни уйда ҳеч ким йўқлигида болакайнинг кўнгли бир нарса тусади ва одатига кўра, саждага бош қўйиб, Аллоҳга илтижо қила бошлади. Кейин эса, у нарсани доим оладиган жойидан олди.
Онаси уйга қайтганида, боласининг қўлидаги нарсани кўриб, қаердан олганини сўради. Соф қалб, соф туйғулар соҳиби бўлган болакай: «Ҳамиша оладиган жойимдан», деб жавоб берди...
«Кўнгил султонлари» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бугун ҳижрий санада Шаввол ойининг 20 санаси. Тахминан яна 10 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Ва эслат. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур” (Зориёт сураси, 55-оят).
Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:
“Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас” (Анъом сураси, 160-оят).
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!
Даврон НУРМУҲАММАД