Саудия Арабистонининг "Swift News" электрон нашрида "Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий барча мусулмонларни Рамазон ҳайити байрами билан табриклади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров Рамазон ҳайити муносабати билан бутун дунё мусулмонларга табрик йўллади", – дейилган нашрда.
Табрикда Яратган барча мўмин ва мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида тутган рўзасини қабул қилиши, гуноҳларидан халос бўлишларини сўраб дуолар қилингани қайд этилган.
"Барчамизни Рамазон ҳайитига эсон-омон етказган, юртимизни тинчлик-хотиржамликда сақлаётган Худога беҳисоб шукроналар бўлсин. Рамазон ҳайити байрамингиз муборак бўлсин", – дея Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси сўзларидан иқтибос келтирилган мақолада.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта Аллоҳ таоло ризқларингизни тақсимлаганидек, хулқларингизни ҳам тақсимлаган. Аллоҳ таоло дунёни яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандасига ҳам бераверади. Аммо динни фақат Ўзининг суйган бандасига беради. Кимга динни ато этган бўлса, батаҳқиқ уни яхши кўрибди", дедилар.