Ҳаво йўллари қатнови пайдо бўлмаган, автомобиль транспорти тўла ривожланмаган Усмонлилар империяси даврида Макка-Мадина каби муқаддас ерларга сафар қилиш ўзига яраша машаққатли ва бироз хавфли эди. Ҳижозга борадиган темир йўлнинг қурилиши вазиятни енгиллатарди. Макка ва Дамашқни боғлаш мақсадида қурилган поезд йўли Усмонли умумий темир йўл тармоғининг бир қисми бўлиб, зиёратчилар учун пойтахт Истанбулдан ҳаж ё умрага бориш имконини берарди. Бу сафар йўли сезиларли даражада қисқариб, зиёратчиларга осонлик ва қулайлик туғдирарди.
Мутахассисларнинг фикрича, Истанбулдан Маккага беш кунда етиб олса бўларди.
Ўша пайтларда араб дунёсидаги мусулмон давлатлар ўртасида чегара йўқ эди, шунинг учун ҳам ҳаж зиёратига бориш учун на паспорт, на виза керак эди.
Темир йўл Усмонли салтанатини ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва Арабистон ярим оролини назорат қилишни ҳам мақсад қилган эди. Давлат аскарларига тўсатдан душман ҳужуми бўлса, Макка ва Мадинага ёрдам кучлари тезда етиб борарди.
Қуйидаги харитада Дамашқдан Маккага борадиган маршрут кўрсатилган. Йирик Усмонли темир йўл тармоғига уланган Ҳижоз темир йўли Султон Абдул Ҳамид II буйруғи билан 1900-йилларда қурилиб бошланди ва 1908 йил сентябрь ойида Мадинага етиб борди.

Мадина темир йўл станциясининг очилиши:

Ҳозирда вокзал музейга айлантирилган:

Темир йўл 1913 йилда расмий равишда фойдаланишга топширилган. Дамашқ биринчи бекат бўлиб, Амман, Ҳайфа ва Қуддус каби йирик шаҳарларда ҳам станциялар қурилди. Йўлдан ҳаж зиёратини адо этувчи зиёратчилар, шунингдек, давлат амалдорлари, савдогарлар ва кенг жамоатчилик фойдаланишган.
Ҳожилар вагоннинг орқасида чойга сув қайнатишади:

Ҳижоз поездининг ички қисми:

Ҳижоз темир йўл поездидаги йўловчилар:

Аммандаги Ҳижаз темир йўл станцияси (Иордания):

Дамашқдаги Ҳижоз темир йўл станцияси (Сурия):

Ҳайфадаги Ҳижоз станцияси (Фаластин):

Афсуски, Ҳижоз темир йўл тармоғи Биринчи жаҳон уруши бошланганлиги сабабли Маккага етиб бормади. Араб қўзғолони пайтида араблар инглизлар билан иттифоқдош бўлиб, Усмонли қўшинларига қўшимча кучлар юборишига йўл қўймаслик учун темир йўл тармоғининг бир қисмини портлатиб юборишди.

Файсал ибн Ҳусайн бошчилигидаги араб исёнчилари темир йўлни портлатди, кейинчалик у Британия ёрдами билан Ироқ қиролига айланди.
Охир-оқибат Усмонли империяси қулагач темир йўл бутунлай ишдан чиқди.
Темир йўл излари ва поезд қисмларини Арабистон чўлларида ҳамон кўриш мумкин.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати