Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Июн, 2025   |   2 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
27 Июн, 2025, 2 Муҳаррам, 1447
Янгиликлар

Жанубий Кореядаги ватандошлар Рамазон ҳайитини кенг нишонлади

01.04.2025   5760   2 min.
Жанубий Кореядаги ватандошлар Рамазон ҳайитини кенг нишонлади

Кеча дунёнинг турли мамлакатларида бўлгани каби, Корея Республикасида ҳам Рамазон ҳайити кенг нишонланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, Жанубий Кореяда вақтинча ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз ҳам ушбу байрам кўтаринки руҳда кутиб олдилар.

 

Бундан ташқари, муборак Рамазон ойи муносабати билан Жанубий Кореяда бўлиб турган ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий вакиллари бир ой давомида ушбу мамлакатда бўлди.

 

Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан амалга оширилган ушбу ташриф доирасида имомларимиз иштирокида Жанубий Кореядаги фуқароларимиз зич яшайдиган шаҳарларда "Рамазон-2025" илмий-маърифий тадбирлари ўтказилди.

 

31 март юртдошларимиз энг кўп яшайдиган Мокпо, Тэгу ва Чонджу каби шаҳарларда имомларимиз билан биргаликда Рамазон ҳайити намози ўқилди.

Маърузалар давомида Ўзбекистон Президентининг халқимизга Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган табригининг  мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди. 

 

Айниқса, мамлакатимиз раҳбари табригидаги "Мана шу шукуҳли айёмда чет элларда она юртга садоқат туйғуси билан яшаётган ватандошларимизни ҳам Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлаб, уларга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз", деган фикрлар алоҳида урғуланди.

 

Ватандошлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, ҳукуматимиз томонидан хорижда истиқомат қилаётган фуқароларга қаратилаётган эътибор ва жонажон Ўзбекистонимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб дуо қилдилар.

 

– Бу йил муборак Рамазон ойини Жанубий Кореяда ватандошлар билан биргаликда кўтаринки руҳда ўтказдик, – дейди Тошкент шаҳридаги "Юнус ота" масжиди имом хатиби Жамолиддин Қодиров. – Бир ой давомида Чонджу шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошларга муқаддас Ислом динининг асл моҳияти, Рамазон ойи фазилатлари, шукроналик ҳисси билан яшаш, берилган неъматларнинг қадрига етиш, юрт равнақи, ватан тараққиёти, миллатимиз ҳамжиҳатлиги, халқ фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилиш каби мавзуларда маърузалар ўқидик. 

 

Жанубий Кореядаги ватандошлар Рамазон ҳайитини кенг нишонлади
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

20.06.2025   24774   3 min.
Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!
2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.

Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).


Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД