Мусибат гоҳида мудроқ иймонни уйғотиши ва инсонни Аллоҳга қайтариши мумкин. Натижада касалликни давога, қийинчиликни эса совғага айлантиради.
Қийинчиликларга дош бериш Аллоҳга бўлган одоб ва Унинг тақдирини мамнуният билан қабул қилиш белгисидир.
Ҳикматларда айтилади: "Мен юмшоқликни ҳам, қилични ҳам синаб кўрдим. Билдимки, юмшоқ – мулойимлик кескирроқ экан".
Бардошли мўмин ҳодисаларга нисбатан заиф ва мунофиқларча эмас, худди рақибига жанг тактикасини сездирмайдиган паҳлавон баҳодир каби ҳаракат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Мўмин янги экилган ниҳол дарахтига ўхшайди. Қайси тарафдан шамол эсса, у ана шу тарафга оғади ва шамол тўхтаган пайтда яна тик туриб олади. Худди шундай, мусулмон ҳам ҳар хил бало ва қийинчиликларга дучор бўлади (лекин у, Аллоҳ унинг қийинчиликларини кўтаргунича, сабр қилади). Ва фосиқ (ёмон) одам эса қарағай дарахтига ўхшаб қаттиқ ва тикка бўлиб тураверади, Аллоҳ уни Ўзи хоҳлаган пайтда узиб (синдириб) ташлагунича" (Имом Муслим ривояти).
Ҳаётнинг ёқимсиз воқеаларига дуч келишда бардошли бўлиш гоҳида уларга нисбатан табассум билан боқишга ва хотиржамлик билан қабул қилишга имкон беради. Сиз шундай давом этишини хоҳлаганингиз учун эмас, улардан безовта бўлиб, қайғуга тушишни енгиллатиш учун шундай табассум керак бўлади.
©️ Шайх Муҳаммад Ғаззолий
Cафарга чиқувчиларнинг ҳаққига дуо қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан саналади. У зот алайҳиссалом:
أَسْتَوْدِعُ اللهَ دِيْنَكَ وَأَمَانَتَكَ وَخَوَاتِيمَ عَمَلِكَ
“Аставдиъуллоҳа дийнака ва амаанатака ва хавотийма амалика”, деб саҳобаларни сафарга кузатар эдилар.
Маъноси: “Динингизни, омонатингизни ва амалларингиз хотимасини Аллоҳга топшираман”.
Ҳожиларни кузатишда қуйидаги дуоларни қилиш тавсия этилади:
1. Аллоҳим, ҳожиларнинг сафарларини осон қилгин. Уларни Сенга топширдик.
2. Аллоҳим, ҳожиларни сафарлари давомида ҳар қандай бало ва ёмонликлардан асрагин ҳамда оилалари бағрига соғ-саломат қайтаргин.
3. Аллоҳим, ҳожиларнинг дуо, ибодатларини ва қалбларидаги барча шаръий ният ҳамда мақсадларини ижобат этгин. Гуноҳларини мағфират, тавбаларини қабул қилгин.
4. Аллоҳим, ҳожиларнинг ибодатларини Ўзинг учун холис қилинган амаллар қаторида қабул айлагин.
Аллоҳнинг фарз ибодатини адо этишга отланган муҳтарам юртдошим Аллоҳ таоло юртимиз, халқимиз ҳаққига қиладиган барча дуоларингизни қабул этсин. Дуоларингизда бизни ҳам унутманг!
Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур ва гуноҳларингиз мағфур бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД