Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
اللهم إنك قد أقدرت بعض خلقك علي السحر والشر ولكنك أحتفظت لذاتك بإذن الضر فأعوذ بما أحتفظت به مما أقدرت عليه بحق قولك ﴿وَمَا هُمْ بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللهِ﴾
Ўқилиши: Аллоҳумма иннака қод ақдарта баъзо холқика аълас сиҳри ваш шарри ва лакиннака иҳтафазта лизатика биизниз-зорри. Фааъузу бима иҳтафазта биҳи мимма ақдарта алайҳи биҳаққи қовлика "Вама ҳум бизооррийна биҳи мин аҳадин илла биизниллаҳ".
Маъноси: Аллоҳим Сен баъзи халқингни сеҳр ва ёмонликка қодир қилдинг. Лекин ёмонликнинг таъсирини Ўзингни изнингда сақлаб қолдинг. Ўзингни изнингда сақлаб қолган нарсанг билан қодир қилган нарсангдан паноҳ беришингни Ўзингни қуйидаги сўзинг ҳаққи ҳурмати сўрайман: "Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар" (Бақара сураси, 102-оят).
©️ Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг дуоларидан.
Баъзи оталар аёли, болаларидан ўзининг айшу ишрати ва улфатчилигини устун қўядилар, гоҳида ўша тарафга бутунлай бурилиб кетадилар.
Эй муҳтарам ота! Нима учун оилангиз ва болаларингиздан қочяпсиз?! Нима учун кўзингиздаги нурга парда ташлаяпсиз, фарзандларингиз сизни тун қоронғусидан бошқа маҳал кўра олишмаяпти.
Барчалари сизни излайдилар. Ёш болаларни ўпсангиз, катталар даврасида бўлсангиз, табассумингизга сабабчи бўлувчи аёлингизга эътибор қаратсангиз, қандай ҳам гўзал!
Зиммангиздаги уларнинг ҳақларига беэътибор бўлманг. “Емак-ичмак, кийим-кечагини тўкиб-сочиб қўйсам бўлди, вазифамдан қутулдим”, деб ўйламанг. Улар сиз томонингиздан етказилувчи маънавий, руҳий озуқага муҳтождирлар.
Эй муҳтарам ота! Оилангиз беэътибор қолса, кўзи очларнинг ҳирслари уларни еб битириши мумкин. “Бошсиз қолган жасад тирик туради”, деб ўйламанг. Сиз оилангиз учун тананинг бошидексиз, бош танадан жудо бўлса, руҳ танадан ажрайди ва ҳаёт тугайди.
Оилангизга мустаҳкам қўрғон бўлинг. Унутмангки, қиёмат куни ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагилари борасида жавоб беради.
Барча масъулиятни аёлингизга юклаб қўйманг. Тарбия машаққатини унинг елкасига юкламанг.
Ўтинаман, зое бўлаётган умрингизга, оилангизга қайтинг! Аввал Роббингизга қайтинг ва қилган гуноҳу исёнларингизга тавба қилинг. Намозга маҳкам бўлинг. Қалбингизда иймон қайта барқ уриб, раҳмат вужудингизга сизиб кириши учун тун қоронғусида туриб таҳажжуд ўқинг.
Ҳар гал болаларингизни, аёлингизни кўрсам, уларнинг кўзидаги маҳзунлик мени тилка-пора қилади. Бунинг таъсиридан сизга айтадиган охирги гапим:
Ердагиларга раҳм қил, самонинг Эгаси сенга ҳам раҳм қилади. Сенга шукрини адо қилолмайдиган даражада неъматлар ато этган Роббингга яқинлаш. Оила деб аталмиш неъматдан юз ўгирдинг. Оилангни ташлаб кетдинг, улар қаёққа борарини билмай қолишди.
Ачинарли бир воқеани келтирай: Ота-онаси ишга кетиб ёлғиз қолган болаларнинг шўхликлари авжига чиқиб, ораларидан бири пичоқ ўйнаб хонадаги чарим диван ва курсини йиртиб, тешди. Ота ишдан келиб боланинг қилган ишини кўрди ва қаттиқ ғазабланиб боланинг қўл-оёқларини маҳкам боғлаб қўйди.
Бола тинмай йиғлаб, бўшатиб юборишларини ўтиниб сўради. Лекин бари бефойда эди. Ғазабланган отага ҳеч нарса таъсир қилмади. Лекин она боғичларни ечишга уринди. Ота унга: “Агарда ечсанг, талоқсан”, деди.
Бола тинмай йиғлайверганидан тинкаси қуриди ва ухлаб қолди. Унинг қўл-оёқларининг ранги ўзгара бошлади ва кўкариб кетди.
Ота қўрқиб кетганидан боғични ечди ва болани дарҳол шифохонага олиб борди. Бола кома ҳолатида эди. Шифокорлар боланинг оёқ-қўлларини ампутатция қилишга қарор қилишди. Бола ўткир ишемияга чалинган эди.
Ота ампутация қилиш учун берилган қоғозга имзо қўяркан, тинмай йиғларди.
Ҳақиқий мусибат бола жарроҳлик амалиётидан чиққанидан кейин бошданди. Бола отасига қараб: “Дада, дадажон, оёқларимни қайтариб беришсин. Энди ҳечам бундай иш қилмайман”, дея дод солди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.