Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Яхшилаб эътибор берилса, ғарбликлар ваъдасида туриш бобида биздан анча ўзиб кетишган. Улар келишилган вақтдан кеч қолишмайди. Бу исломий хулқ-атвор бўлишига қарамай, уларда бу сифатларни учратамиз. Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи Набий ва Расул эди»[1], дея Исмоил алайҳиссаломнинг ваъдасига вафо қиладиган пайғамбар эканликларини мақтайди.
Муфассирлар Исмоил алайҳиссалом ҳақларида бир воқеани келтирадилар: «Исмоил алайҳиссалом бир киши билан кўришадиган жойни белгилаб ваъдалашадилар. Исмоил алайҳиссалом келишилган жойга ўз вақтида етиб борадилар ва ўша куни кечаси билан ҳалиги одамни кутиб ўтирадилар. Эртаси куни у киши келади. Исмоил алайҳиссалом унга: “Мен сени кечадан бери кутиб ўтирибман, сен келгунингга қадар бу ердан бир қадам ҳам силжиганим йўқ!” – дейдилар».
Намознинг ҳам ўқилиши керак бўлган ўз вақти бор, тўғрими?! Агар чегараланган вақтидан бир неча дақиқа эртароқ ёки кечроқ ўқисангиз, бу учун савоб берилмайди. Нима учун биз ибодатларимизда диний асосларимизга риоя қилмаймиз, ваъдалашилган ишларимизга тўғри ёндашмаймиз. Машҳур адиб Алий Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, одамлар айтилган вақтдан кеч қолганларни ҳурмат қилишади, ўз вақтида келганларни эса жазолашади. Кеч қолиб келадиганлар етиб келишгандагина дастурхонга таом тортишади. Тадбирлар ҳам кечикканларнинг ташрифидан кейингина бошланади.
Шундай кеч қолиш ҳолати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам содир бўлгани ҳадисларда келади. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамсодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ билан пайғамбар бўлишларидан аввал савдо қилган эдим, орамизда озгина олди-берди қолиб кетган эди. Мен Расулуллоҳга у нарсани келишилган жойга олиб бориб беришга ваъда қилган эдим, ёдимдан кўтарилибди. Орадан уч кун ўтгач эсимга тушиб қолди, дарҳол ўша жойга бордим, қарасам Расулуллоҳ ўша келишилган жойда эканлар. Кейин менга: “Ҳой йигит, мени қийнаб қўйдинг-ку, мен уч (кун)дан бери шу ерда турибман”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Эътибор берингки, саҳобий келишилган вақтдан бир неча дақиқа ҳам, қанчадир соат ҳам эмас, нақд уч кун кеч қолган. Бугунги кун мусулмонлари ҳам келишувга риоя қилсалар, белгиланган вақтга етиб келишга қаттиқ аҳамият берсалар эди, ўзларининг ҳам, бошқаларнинг ҳам оромини бузмаган бўлардилар. Ҳар кимнинг ўзига яраша иши, вазифаси бўлади. Сиз айтилган вақтингиздан кеч қолишингиз, келишган одамингизга нисбатан зулм бўлади. Бундай қилиш орқали уларнинг фойдаларини йўққа чиқарасиз, “аҳд”, “вафо” каби тушунчаларнинг қадрсизланишига сабаб бўласиз.
Ҳакимлардан бири айтади: “Бировга ваъда бериб, ишонтириб қўйма. Берадиган ваъдангни бажариш қўлингдан келмаса, яхшиси ваъда берма”.
Биз замонавий алоқа воситалари асрида яшаяпмиз. Келишган кишисини ёки дўстини кўчада тик оёқда куттириб қўйишга бирор узр йўқ. Агар ўша вақтда бошқа муҳим ишингиз чиқиб қолса, ваъдалашган кишингизга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтиришингиз мумкин, шундагина сизни узрли ҳисобласа бўлади.
Мусанно ибн Ҳориса Шайбоний айтадилар: “Ваъдамга хилоф қилганимдан кўра, қақраб ўлганим яхши”.
Шоир айтади:
Амалсиз, қуруқ сўз эрур бефойда,
Ёлғон берган ваъдангда яхшилик қайда...
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Марям сураси, 55-оят.
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.