Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилояти Избоскан туманидаги бахтсиз ҳодиса рўй берган “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидини мутасаддилар иштирокида кўздан кечирдилар. Воқеа туфайли таъзияли бўлган хонадонларга ҳамдардлик билдирдилар. Қуръони карим оятлари ўқилиб, марҳумлар ҳақига бағишланди.
Сўнгги маълумотларга кўра, 31 март куни (https://t.me/muslimuzportal/40908) масжид таҳоратхонасида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида бир неча фуқаро ҳалок бўлиб, 10 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Ҳодиса натижасида таҳоратхона девор ва том қисмига зарар етган, ёнғин содир бўлмаган.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги уламолар вафот этганларнинг жаноза намозларида, маърака-маросимларида ҳақларига дуолар қилишди. Марҳумларнинг яқинларига моддий-маънавий тасалли берилди. Тан жароҳати олиб, шифохоналарда муолажа олаётганларга тез фурсатда соғайиб кетишларини тиланди.
Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан моддий ёрдамлар берилди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан моддий ёрдам пуллари ҳам тўлаш назарда тутилган. Масжиднинг талафот кўрган қисмини қайта тиклаш ишлари учун ҳам белгиланган тартибда маблағлар ажратилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Жаноза намозида тўртта такбирни айтиш фарз деб эшитганмиз. Имомга иқтидо қилган кишилар ҳам такбирларни айтишлари керакми? Уларга ҳам тўрт такбирни айтиш фарз бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Албатта, иқтидо қилганлар ҳам мазкур такбирларни айтишлари фарз бўлади. Чунки уламоларимиз мазкур такбирлар бошқа намозлардаги ракатнинг ўрнида бўлади, яъни тўрт такбирли жаноза гўёки тўрт ракатли намознинг ҳукмида бўлади, деганлар.
Шу боис имом ҳам, унга иқтидо қилганлар ҳам такбирларни айтишлари шарт ҳисобланади. Агар кимдир такбирларни айтмаса, ёки улардан биттасини қолдирса, жаноза ўқиган бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.