Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Август, 2025   |   12 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:52
Қуёш
05:23
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:38
Хуфтон
21:02
Bismillah
06 Август, 2025, 12 Сафар, 1447
Янгиликлар

Ўзбекистонда "Arda Xiva" ноёб сайёҳлик мажмуаси очилди

03.04.2025   6527   2 min.
Ўзбекистонда

МДҲ Ижроия қўмитаси порталида Хивада бунёд этилган "Arda Xiva" сайёҳлик мажмуасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

 

Қайд этилишича, мажмуа машҳур тарихий Хива шаҳридан қарийб 4 километр узоқликда жойлашган. "Маҳаллий аҳоли аллақачон ушбу мажмуани қадимий кентни тўлдирадиган сунъий йўлдош шаҳар деб атамоқда. Ҳудудда турли даражадаги бешта меҳмонхона ва 13 меҳмон уйи қурилди. Улар бир вақтнинг ўзида мингдан ортиқ меҳмонларни қабул қила олади", – дейилган нашрда.

 

Мажмуа дизайнерлари "Шарқий Венеция" ғоясидан илҳомланган. Бу ерда сайёҳлар қайиқларда атрофни томоша қилишлари учун канал қурилди. Бундан ташқари, мажмуа ҳудудида Хиванинг машҳур бинолари, жумладан, Калта Минор ва бошқа меъморий объектларнинг нусхалари ўрнатилгани масканга ўзгача файз бағишламоқда.

 

"Arda Xiva" мажмуани барпо этиш ғояси Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган. Иш бир неча йил аввал бошланган ва 2024 йил октябрь ойида якунланди. "Arda Xiva" номи тарих билан боғлиқ. "Арда" сўзи порт шаҳар маъносини билдиради. Тарихчиларга кўра, Амударё илгари Хива яқинидан оқиб ўтган ва Каспий денгизи билан боғланган бўлиши мумкин", – деб таъкидланган материалда.

 

 Портал, шунингдек, қадимий Хива шаҳри дунё сайёҳлари ўртасида жуда машҳурлигини қайд этган. Унинг асосий диққатга сазовор жойи Ичан-Қалъа бўлиб, у 1991 йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Янги қурилган "Arda Xiva" туристик мажмуаси ҳам ҳудудни саёҳатчилар учун янада жозибадор қилади.

 

Мақола "Хива Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири саналади ва унинг тарихи 2500 йилдан ортиқроққа бориб тақалади. Бу бир вақтлар Буюк ипак йўлининг муҳим нуқтаси бўлган", деган сўзлар биланг якунланган. 

 

Ўзбекистонда
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

“Мен билмайман”

06.08.2025   310   3 min.
“Мен билмайман”

Илмнинг қадр-қиммати барчамизга маълум. Илм сабабли Аллоҳ таоло Одамни фаришталардан афзал қилди. Илм сабабидан фаришталарга Одамга сажда қилишни буюрди. Аллоҳ таоло олимлар ва илм талабидагиларнинг мартабаларини юқорига кўтарди. У Зот бундай дея марҳамат қилади: «...Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...»[1].

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олинглар! Аллоҳ учун таълим олиш – Аллоҳдан қўрқишдир. Илм­ни дарс қилиш –  тасбеҳдир. Уни ўрганиш – ибодат, билмаганга ўргатиш – садақа, амал қилиш эса Аллоҳга яқинлашишдир”.

Илм сизнинг қадрингизни кўтаради ва илм орқали Аллоҳ таолога яқинлашиб борасиз. Абу Бакр Варроқ бу борада бундай дейди:

Илм ўз соҳибин кўтаргай юксак,
Хожа айлагайдир қулни-да шаксиз.
Ризолик йўли ҳам шул эрур демак,
Илмдан бошқаси абас, кераксиз.

Илм олувчи гўзал одоб-ахлоқ ила безанмоғи лозим. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олинглар! Илм олар экансиз, сакинат ва ҳалимликни ҳам ўрганинг. Сиздан илм ўрганувчилар ҳам сизга нисбатан камтарин муносабатда бўлсинлар, сиз ҳам илм олаётган кишингизга тавозели бўлинг. Зулмкор олимлардан бўлманг. Сизларнинг илмингиз жаҳолат бирла турмас”.

“Мен билмайман” дейиш ҳеч қачон айб саналмайди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Қалбга роҳат берадиган энг гўзал нарса ҳақида савол сўрашганида, “Мен билмайман”, деб жавоб беришдир”, деганлар.

Ўрганган илмингизни одамлардан беркитманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар”[2], деганлар.

Ўрганаётган нарсаларингизга беэътибор бўлиб одамларга етказмай юриш яхши эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илмни беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унга оловдан бўлган юганни солади”, [3] деганлар.

Амал қилинмайдиган илмда хайр йўқ. Ундай одамнинг устига жилд-жилд китоблар ортилган эшакдан фарқи йўқ.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Илм ўрганиб, унга амал қилинглар. Илм ила чиройли кўриниш учун илм ўрганманг. Умрингиз узоқ бўлса, ҳали шунақаларни кўрасиз, одамлар кийим кийиб безанганидек, одамлар илм олиб ўзларига оро берадилар”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имлни олимларга мақтаниш, у орқали эси паст, жоҳиллар билан талашиб-тортишиш ёки одамларнинг эътиборини ўзингизга қаратиш учун ўрганманг. Ким шундай қилса, у жаҳаннамдадир”[4], деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Мужодала сураси, 11-оят.
[2]  Имом Бухорий ривояти.
[3]  Ибн Ҳиббон, Имом  Ҳоким ва Имом Байҳақий ривояти.
[4]  Ибн Можа ривояти.