Темурийлар даврида тил, адабиёт ва халқнинг савод масаласига алоҳида аҳамият қаратилган. Шунинг учун ҳам ўз даврида бадиий адабиётда дурдона асарлар яратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига ўрта асрларда битилган темурийлар салтанатидаги тил ва ёзувлар ҳақида маълумотлар берувчи тарихий асарлар ҳамда манбалар жой олади.
Шунингдек экспозициядан, соҳибқирон Aмир Темурнинг эски ўзбек тилидаги ҳужжатлари — 1378 йилда Хоразмда Aбу Муслим авлодларига берган тархон ёрлиғи, 1400 йилда Сиғноқлик Сирожиддинни Шайхул-ислом лавозимига тайинлаш муносабати билан берган фармоннинг муляжи ўрин эгаллайди.
Эски ўзбек тилида туркий хатда битилган ҳужжатлар – Шохруҳ Мирзонинг 1422 йилдаги васиқаси, Aбу Саид Мирзонинг 1468 йили оқ қуюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасанга йўллаган дипломатик мактуби, Умаршайх Мирзонинг Марғилон бузургларидан Мир Саид Aҳмадга 1469 йилда берган васиқасининг муляжлари экспозициянинг қимматли экспонати ҳисобланади.
Эски ўзбек тили фақат темурийлар салтанатида эмас балки ўша даврдаги барча туркий элларда расмий тил вазифасини ўтаган. Шунинг учун экспозициядан ушбу фактни тасдиқловчи ҳужжатлар — Фотиҳ Султон Меҳмеднинг 1473 йили оқ қуюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасан устидан қозонилган ғалаба тантанасига бағишлаб ёздирган зафар ёрлиғи, 1466 йили Маҳмудхоннинг Фотиҳ Султон Меҳмедга йўллаган мактуби, Aҳмадхоннинг 1477 йилда Фотиҳ Султон Меҳмедга йўлланган хати ҳамда Қрим хонларининг 1453 йилдан бошлаб 1479 йилга қадар усмонли султонларга йўллаган мактубларининг нусхалари жой олади.
Лойиҳалар Тошкент давлат шарқшунослик университети бошчилигида амалга оширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати
Бугунги кунда инсонийлик, қадр-қиммат ва маънавият каби олий тушунчаларни жамиятимизда мустаҳкамлашда илму ирфон соҳиблари, хусусан, диний соҳа устозлари ва фахрий имомларнинг тутган ўрни беқиёс. Шу маънода, ҳудудларда улуғ ва фахрий имомлар ҳамда ҳаёт тажрибаси бой устозларни зиёрат қилиш, уларнинг дуо-насиҳатларини эшитиш, ёш авлодга маънавий кўприк вазифасини ўтаётган муҳим амаллардан бирига айланмоқда.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида устозлар ва фахрий имомлар билан учрашувлар ташкил этилди. Зиёрат чоғида уларнинг ўтган ҳаёт йўли, дин ва жамият учун қилган хизматлари, оғир шароитлардаги сабр ва матонатлари ҳақида самимий суҳбатлар бўлиб ўтди.
Ҳаётдаги барча неъматлар, тинчлик, эркин ибодат, илм олиш каби имкониятларнинг қадрини англашда ўтмишдаги оғир синов ва қийинчиликларни эслаш, улардан сабоқ чиқариш жуда муҳим. Зиёрат чоғида устозлар ўз ҳаётларидаги шундай даврлар ҳақида сўз юритар эканлар, “Бугунгидек шароит бизга насиб бўлмаган, ёшлар эса неъматлар қадрига етишлари лозим”, деган фикрларини баён этдилар.
Улар ўз насиҳатларида шукроналикни ҳаёт шиори қилиш, инсоннинг ўз аҳволига рози бўлиб, бирор неъмат берилар экан, ундан илм ва амал билан фойдаланиш кераклигини таъкидладилар.
Шунингдек, масжидларда фаолият қилаётган имомлар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этарканлар, уларга доимий изланишда, пок ният ва холислик ила хизмат қилиш лозимлиги ҳақида панду насиҳатлар қилишди. Бундай сўзлар ҳар бир ёш имомнинг қалбида масъулият туйғусини кучайтириши, шубҳасиз.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати