Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июл, 2026   |   1 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
04:58
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:32
Bismillah
15 Июл, 2026, 1 Сафар, 1448
Мақолалар

Жисм ва руҳ майли

03.04.2025   8405   8 min.
Жисм ва руҳ майли

Барчага аёнки, адабиёт дин эмас, дин ҳам адабиёт эмас. Лекин мусулмон халқлари адабиётини диндан айри тасаввур қилиб бўлмайди. 
 

Ислом таълимоти ўтмишда сўз санъати учун маънавий асос эди. Буни барча мумтоз шоир-у адибларимиз, хусусан, Алишер Навоий ижоди ҳам яққол исботлаб турибди.


Даврнинг ўзи Навоийга исломнинг тарғиботчиси бўлиш вазифасини юклаган эди, десак, хато бўлмас. Шоир "Сирож ул-муслимин" ("Мусулмонлар чироғи") асарининг ёзилишига туртки бўлган баъзи бир сабабларни айтиб ўтади.


Темурий ҳукмдор Ҳусайн Мирзонинг яқинларидан бир нуктадон киши: "Навоий шеърларида ошиқлиг-у майпарастликни бисёр куйлаб, ислом-у дин уйига кўп ғавғо солди-да", қабилида фикр билдиради. Албатта, Навоий асарларида май рамзий тимсол, ишқ эса Аллоҳга ошиқлик экани аён. Бироқ энди шоир дин уйини обод айлайдиган, яъни ислом асосларини тушунтириб берадиган бир асар ёзишни кўнглига тугади.


Аммо гоҳ у, гоҳ бу ташвиш билан бўлиб, орзулагани бу асарни битишга ҳеч фурсат тополмайди. Йиллар ўтиб, шоир олтмишга яқинлашган бир маҳалда Самарқанддан Ҳиротга бир мўътабар зот ташриф буюради.


Навоий ҳам унинг зиёратига боради. Меҳмон Навоийга ўзининг пири бўлмиш Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валийнинг йиллар бурун у ҳақда айтган: "Алишербек кўп яхши назмлар битди, лекин бевосита дин тарғибига оид бир асар ёзиш ҳам ундан лозим эди", деган омонат гапини етказади.


Аллақачон бу дунёни тарк этиб кетган улуғ пирнинг бу тилаклари шоирга руҳ бахш этади. У ўша заҳотиёқ "Сирож ул-муслимин"ни ёзиш учун қалам йўнади…


"Сирож ул-муслимин"да рўза ҳақида махсус икки фасл бор. "Исломнинг тўртунчи рукниким, рўзадур, шарҳ этмак" деб аталган фаслда рўзанинг тартиб-қоидалари баён қилинган. Масалан, онага боласи учун нон чайнаш раво экани айтилади.


Яна "Фавт бўлған (яъни бузилган – С. О.) рўза эвази ва каффорати" фаслида рўзани бузиб қўйиш "айб"и етмиш мискинга таом тортиш ё олтмиш кун рўза тутиб бериш ёхуд Тангри йўлида бир бандани озод қилиш билан ювилади, дейилган.


Бу Навоийнинг соф диний руҳдаги асарида келтирилган рўза таърифидир. Гарчи шоирнинг бадиий асарларида, эслатиб ўтилганидек, ишқ ва унинг рамзий тимсоли саналмиш май кўпроқ куйланган бўлса-да, гоҳ тўғридан-тўғри, гоҳида эса восита билан ислом қоидалари, жумладан, рўза тарғибига ҳам дуч келамиз.


Бу хусусият "Хамса"да ҳам учрайди.


"Ҳайрат ул-аброр"нинг иккинчи мақолати айни шу ислом аркони, яъни беш фарз – иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж ҳақида.
 

Албатта, бир йилда бир ой рўза тутиш – аввало, меъдани бўш қўйиш:


Меъдани холилиқ ила қил тўло,
Неча хало анда сафодин мало.


Лекин, шоир наздида, рўза фақат жисм масаласигина эмас. Унинг уч шарти бор.
Биринчиси, саҳардан то кун ботгунга қадар еб-ичмоқдан тийилиш.


Иккинчиси, бадандаги ҳар бир аъзога шариат йўли билан рўза буюриш:


Сойири аъзоға халал етмамак,
Шаръ хилофиға шуруъ этмамак.
 

Ҳар бири ўз шуғлиға зоҳид бўлуб,
Манъи хилоф ичра мужоҳид бўлуб.


Бормағай-у кўрмагай-у тутмағай,
Айтмагай, эшитмагай-у ютмағай.


Учинчиси, кўнгилни пок тутиш:

Лекин учунчиси будурким, кўнгул,
Чунки эрур маҳбити анвори кулл.


Пок-у равонбахш ҳавоси анинг,
Жилвагаҳи файз фазоси анинг.


Чунки кўнгил – илоҳий сирлар хазинаси, шоҳий чеҳра, яъни Аллоҳ жамолини акс эттирувчи ойина ҳисобланади:


Махзани асрори илоҳий ҳам – ул,
Ойинайи чеҳрайи шоҳий ҳам – ул.


Шунинг учун бу кўзгуни турли хаёллар зангидан тозалаш, шундай асраш керакки, унда фақат дўст, яъни Аллоҳгина акс этсин, ундан бошқа нарсанинг нақши кўринмасин:


Дафъ қилиб занги хаёлотни,
Асрамоқ ул навъ бу миръотни,


Ким анга жуз дўст зуҳур этмагай,
Балки анинг ғайри хутур этмагай.


"Фарҳод ва Ширин"нинг Султон Ҳусайн Мирзонинг ўғли Абулфаворис Шоҳғариб Баҳодирга панд-у насиҳат тарзида битилган 53-бобида шоҳ бўлиш учун илм эгаллаш таъкидланади. Навоий наздида, шоҳ ҳар қандай илмни ўрганиши керак. Бироқ дин илмига келганда, уни асосий манзил айласин. Чунки бу – асл илм:


Гузар қил ҳар неча илм ўлса ҳосил,
Чу дин илмиға етсанг, айла манзил.


Шаҳ улдурким, шиори илми диндур,
Нединким илми дин илм ул-яқиндур.


Дин илмини эгаллаганингдан кейин, бошқа фанларни хоҳ ўрган, хоҳ ўрганма, дейди Навоий. Лекин, деб давом этади шоир, тиб илмининг ҳам кишига керак жойи кўп:


Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб
Ки сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.


Ахир тани соғ бўлмаса, тўшакдан бош кўтармаса, бу одам Тангри амрларини қандай қилиб адо этсин, нечук рўза тутсин, не янглиғ саждага бош эгсин? Ёхуд оғзига пахта билан сув томизиб турилган бўлса, у одам қандай қилиб рўза тутсин:


Қай-у жисмеки онинг сиҳҳати йўқ,
Қилурға Тенгри амрин қуввати йўқ.


Бировким пахта бирла су(в)ни ютқай,
Ўзунг деким, не янглиғ рўза тутқай?!


Нетиб қилғай сафодин саждае фош,
Тўшакдин улки олмас лаҳзае бош.


Бобокалонимиз чаҳорёрлардан бири – Муҳаммад алайҳиссаломнинг куёвлари бўлмиш ҳазрати Алининг ҳикматли сўзлари жамланган насрий "Наср ул-лаолий" китобидан шеърга солиб таржима қилган "Назм ул-жавоҳир" тўпламидаги рубоийларида рўза билан бевосита ё билвосита боғлиқ кўп ва хўб насиҳатлар баён этади.


Ҳазрати Али ва Навоийлар наздида, қорин – ҳамиша кишига душман, у билан дўст бўлмаслик керак:

Ҳар кимгаки кўп таом емак фандур,
Билгилки, нажосатқа тани маскандур.


Қорнинг била дўст бўлмасанг аҳсандур,
Невчунки, эр ўғлиға қорин душмандур.


Гап шундаки, тўқликнинг маънавий зиёни бор. У киши кўнглини қаттиқ қилади:

Кўп тўма ер эл аросидин ихрож ўл,
Савм аҳли аро бош қўй-у соҳибтож ўл.


Ким қалби рақиқ эрур, анга муҳтож ўл,
Тўқлуқ чу кўнгулни қатиқ айлар, оч ўл.


Кўп овқат егандан кейин кишининг лоҳас, демакки, бепарво бўлишини замонавий тиббиёт илми ҳам тасдиқлайди. Чунки бунда тананинг бутун кучи овқатни ҳазм қилишга кетади. Қорин тўқ маҳали кучли жисмоний меҳнат қилиш ҳам, жиддий ақлий фаолият ҳам қийин кечади. Бутун диққати меъданинг ишлашига қаратилган тана мияга етарли миқдорда озуқа, яъни қон етказиб беролмайди. Лоҳаслик – ана шундан.


Бепарволиг-у бефарқлик эса кўнгли қаттиқликнинг ўзгинаси. Шунинг учун ҳам Аллоҳ йилига бир ой рўза буюрган. Ота-боболаримиз бунинг қадрини баланд тутган. Рўзадан руҳга софлик, баданга эса саломатлик келиши аниқ:


Доим тут ўзунгга рўзанинг меҳнатини,
Ким руҳқа еткурур сафо давлатини,


Сиҳҳат тиласанг, қилғил анинг ниятини,
Ким рўзада қўйдилар бадан сиҳҳатини.


Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқдир

14.07.2026   3925   10 min.
Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқдир

Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган ва унинг турмуш тарзини тартибга солувчи ҳаёт тарзи сифатида тушунилади. Ислом ҳалол ва ҳаром тушунчаларини аниқ белгилаб, инсонларга фақатгина ҳалол нарсалардан фойдаланишни тавсия қилади. Ҳалоллик нафақат моддий жиҳатдан, балки маънавий ва руҳий поклик учун ҳам муҳимдир.
 

 Қуръони каримда ҳалол ризқ ҳақида


Аллоҳ таоло инсонларга ҳалол ва покиза ризқларни танлашни буюради. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”  (Бақара сураси, 168-оят).


 Бу оятдан англашиладики, инсон ҳалол ва покиза ризқ истеъмол қилиши керак. Ҳаром нарсалар нафақат жисмоний, балки руҳий зарар ҳам етказади.


Ҳалол касб


  Ислом ҳалол меҳнат қилиш ва ҳалол касб топишга катта аҳамият беради.  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

  Миқдом ибн Маъдикариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топиб еганидан яхши таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан кун кўрар эди”, – дедилар”.

   (Имом Бухорий Саҳиҳда ривоят қилган).


  Ҳалол касб инсонга нафақат молиявий барқарорлик, балки руҳий хотиржамлик ҳам олиб келади. Ҳалол меҳнат қилиб топилган ризқда барака бўлади ва оила ҳам тинч-осойишта ҳаёт кечиради.


Ҳалол никоҳ

 Никоҳ инсониятнинг маънавий ва жисмоний поклиги учун муҳим воситадир. Қуръони каримда шундай буюрилган:

  “ ….Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверингиз….” (Нисо сураси, 3-оят).


 Ҳалол никоҳ оилавий тинчлик ва муҳаббат манбаи бўлиб, келажак авлоднинг соф ва тарбияли бўлишига хизмат қилади. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар:

Никоҳ менинг суннатимдир, кимки суннатимдан юз ўгирса, у биздан эмас” (Имом Бухорий ривояти).

 Шунинг учун ҳам Ислом ҳалол никоҳни қўллаб-қувватлайди ва уни муқаддас деб билади.


Ҳалол таом


 Ҳалол таом инсоннинг соғлиғи ва руҳий ҳолатига катта таъсир кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

“Ҳалол ва покиза таом енглар, шунда дуоларингиз қабул бўлади.” (Имом Муслим ривояти)

Ҳалол таом инсонга куч-қувват беради, соғлом ҳаёт кечиришга ёрдам беради ва ибодатлари қабул бўлиши учун замин ҳозирлайди.


Ҳалол савдо ва тадбиркорлик

Ислом ҳалол савдони рағбатлантиради ва адолатли тадбиркорликни қўллаб-қувватлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Ростгўй ва ишончли савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.” (Имом Термизий ривояти)

 Ҳалол савдо билан шуғулланган инсон жамият учун манфаатли бўлиб, унинг бойлигида барака бўлади. Шунингдек, у ўз мижозлари ва ҳамкорлари олдида ишончли бўлиши керак.


Ҳалол турмуш тарзи


    Ҳалоллик фақат озиқ-овқат ва молиявий ишлар билан чекланиб қолмайди. Инсоннинг ҳаёт тарзи ҳам ҳалолликка асосланган бўлиши лозим. Бу дегани, инсон ҳалол мулоқот қилиши, ҳалол ишлар билан шуғулланиши ва адолатли йўл тутиши керак. Бу хусусда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:


“ У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…..” (Аъроф сураси, 157-оят)


Хулоса


Ислом дини ҳалолликка катта аҳамият беради. Ҳалол ризқ, ҳалол меҳнат, ҳалол никоҳ ва ҳалол таом инсоннинг жисмоний соғлиғи, руҳий поклиги ва маънавий камолотини таъминлайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ҳалолликка риоя қилиши, ҳалол егулик ейиши ва ҳалол меҳнат қилиши лозим. Чунки ҳалол нарсалар инсон ҳаётида барака, тинчлик ва фаровонлик келтиради.


Аллоҳ таоло барчамизни ҳалол ва покиза ҳаёт кечиришга муваффақ қилсин! Омин.


Исломда ҳаром нарсалар ва уларнинг зарарли жиҳатлари

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасига йўл-йўриқ кўрсатиб, унга ҳалол ва ҳаром тушунчаларини аниқ белгилаб берган. Ҳаром нарсалардан сақланиш мусулмон кишининг бурчи бўлиб, бу инсоннинг жисмоний ва маънавий соғломлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Қуръон ва ҳадисларда ҳаром қилинган нарсалар ва уларнинг зарарлари ҳақида кўплаб таъкидлар келтирилган.


1. Ҳаром озиқ-овқат ва ичимликлар

Ислом дини муайян таом ва ичимликларни ҳаром деб белгилаган. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

“У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди….” (Бақара сураси, 173-оят)

Ҳаром таом ва ичимликларнинг зарарлари:

Соғлиқ учун зарарли: Ҳаром қилинг ан гўштлар ва ичимликлар инсон организмига зарар етказади.

Руҳий ва маънавий покликни йўқотиш: Ҳаром таом истеъмол қилиш инсоннинг ибодати ва дуоларининг қабул бўлишига таъсир қилади.

Жамиятга салбий таъсир: Спиртли ичимликлар ва ҳаром маҳсулотлар жамиятда бузғунчиликка олиб келади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Албатта, Аллоҳ ҳалол ва ҳаромни аниқ баён қилди. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дин ва номусини сақлаган бўлади.” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)


2. Спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар

Ислом спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни қатъий ҳаром қилган. Қуръонда шундай буюрилган:

” Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз.” (Моида сураси, 90-оят)

Зарарли жиҳатлари:

Ақл ва онгни заифлаштириш: Спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар инсоннинг фикрлаш қобилиятини йўқотади.

Ижтимоий муаммолар: Ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик оилавий ва жамиятда муаммоларни келтириб чиқаради.

 Жиноят ва бузғунчилик:  Спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар жиноятлар ва жамиятда тартибсизликларни кўпайтиришга сабаб бўлади.


3. Қимор ва ноҳақ йўл билан бойлик орттириш

Қуръони Каримда қимор ва нохақ йўл билан бойлик орттириш қаттиқ қораланади:

” Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз??!” (Моида сураси, 91-оят)

Қиморнинг зарарли жиҳатлари:

Иқтисодий муаммолар: Қимор ўйнаган одамлар ўз мол-мулкини йўқотиб, қашшоқликка тушишади.

Оилавий низолар: Қиморбозлик оила бузилиши ва жанжалларга сабаб бўлади.

Жамиятда бузғунчилик: Қимор жамиятда коррупция ва алдовга йўл очади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким қимор ўйнаса, у худди тўнғиз гўшти еган одамга ўхшайди.” (Имом Муслим ривояти)


4. Зино ва фаҳш ишлар

Ислом зино ва фаҳш ишлардан қаттиқ қайтарган. Қуръони Каримда шундай дейилган:

“. Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир..” (Исро сураси, 32-оят)

Зинонинг зарарли жиҳатлари:

Оила бузилиши: Зино оилаларнинг парокандалигига олиб келади.

Жамиятда тартибсизлик: Фаҳш ишлар жамиятда ахлоқий тушкунликка олиб келади.

 Руҳий зарарлар: Зино инсоннинг руҳий хотиржамлигини йўқотади ва уни гуноҳга ботиради.

Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар: “Зино қилган инсон иймонли ҳолда зино қилмайди.” (Имом Бухорий ривояти)


5. Нохақ сўз ва туҳмат

Ислом ёлғон гапириш, ғийбат қилиш ва туҳмат қилишни ҳаром деб белгилаган. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

” Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин!…” (Ҳужурот сураси, 12-оят)

  Ёлғон ва ғийбатнинг зарарлари:

  Ишончсизлик: Ёлғон гапириш одамлар ўртасида ишончсизликка олиб келади.

  Одамлар ўртасида низо: Ғийбат ва туҳмат жамиятда фитна ва низоларни келтириб чиқаради.


Хулоса

   Исломда ҳаром қилинган нарсалар инсон ва жамият учун зарарли экани аниқ кўрсатилган. Ҳаром таомлар, спиртли ичимликлар, қимор, зино ва ёлғон сўзлар инсон ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Мусулмон киши бу каби ишлардан узоқ бўлиши, ҳалол йўл билан ҳаёт кечириши лозим.


Аллоҳ таоло барчамизни ҳаром ишлардан сақласин ва покиза ҳаёт кечиришга муваффақ қилсин! Омин. 

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан

Мақолалар