Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2025   |   23 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2025, 23 Шаввол, 1446
Мақолалар

Жисм ва руҳ майли

03.04.2025   3374   8 min.
Жисм ва руҳ майли

Барчага аёнки, адабиёт дин эмас, дин ҳам адабиёт эмас. Лекин мусулмон халқлари адабиётини диндан айри тасаввур қилиб бўлмайди. 
 

Ислом таълимоти ўтмишда сўз санъати учун маънавий асос эди. Буни барча мумтоз шоир-у адибларимиз, хусусан, Алишер Навоий ижоди ҳам яққол исботлаб турибди.


Даврнинг ўзи Навоийга исломнинг тарғиботчиси бўлиш вазифасини юклаган эди, десак, хато бўлмас. Шоир "Сирож ул-муслимин" ("Мусулмонлар чироғи") асарининг ёзилишига туртки бўлган баъзи бир сабабларни айтиб ўтади.


Темурий ҳукмдор Ҳусайн Мирзонинг яқинларидан бир нуктадон киши: "Навоий шеърларида ошиқлиг-у майпарастликни бисёр куйлаб, ислом-у дин уйига кўп ғавғо солди-да", қабилида фикр билдиради. Албатта, Навоий асарларида май рамзий тимсол, ишқ эса Аллоҳга ошиқлик экани аён. Бироқ энди шоир дин уйини обод айлайдиган, яъни ислом асосларини тушунтириб берадиган бир асар ёзишни кўнглига тугади.


Аммо гоҳ у, гоҳ бу ташвиш билан бўлиб, орзулагани бу асарни битишга ҳеч фурсат тополмайди. Йиллар ўтиб, шоир олтмишга яқинлашган бир маҳалда Самарқанддан Ҳиротга бир мўътабар зот ташриф буюради.


Навоий ҳам унинг зиёратига боради. Меҳмон Навоийга ўзининг пири бўлмиш Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валийнинг йиллар бурун у ҳақда айтган: "Алишербек кўп яхши назмлар битди, лекин бевосита дин тарғибига оид бир асар ёзиш ҳам ундан лозим эди", деган омонат гапини етказади.


Аллақачон бу дунёни тарк этиб кетган улуғ пирнинг бу тилаклари шоирга руҳ бахш этади. У ўша заҳотиёқ "Сирож ул-муслимин"ни ёзиш учун қалам йўнади…


"Сирож ул-муслимин"да рўза ҳақида махсус икки фасл бор. "Исломнинг тўртунчи рукниким, рўзадур, шарҳ этмак" деб аталган фаслда рўзанинг тартиб-қоидалари баён қилинган. Масалан, онага боласи учун нон чайнаш раво экани айтилади.


Яна "Фавт бўлған (яъни бузилган – С. О.) рўза эвази ва каффорати" фаслида рўзани бузиб қўйиш "айб"и етмиш мискинга таом тортиш ё олтмиш кун рўза тутиб бериш ёхуд Тангри йўлида бир бандани озод қилиш билан ювилади, дейилган.


Бу Навоийнинг соф диний руҳдаги асарида келтирилган рўза таърифидир. Гарчи шоирнинг бадиий асарларида, эслатиб ўтилганидек, ишқ ва унинг рамзий тимсоли саналмиш май кўпроқ куйланган бўлса-да, гоҳ тўғридан-тўғри, гоҳида эса восита билан ислом қоидалари, жумладан, рўза тарғибига ҳам дуч келамиз.


Бу хусусият "Хамса"да ҳам учрайди.


"Ҳайрат ул-аброр"нинг иккинчи мақолати айни шу ислом аркони, яъни беш фарз – иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж ҳақида.
 

Албатта, бир йилда бир ой рўза тутиш – аввало, меъдани бўш қўйиш:


Меъдани холилиқ ила қил тўло,
Неча хало анда сафодин мало.


Лекин, шоир наздида, рўза фақат жисм масаласигина эмас. Унинг уч шарти бор.
Биринчиси, саҳардан то кун ботгунга қадар еб-ичмоқдан тийилиш.


Иккинчиси, бадандаги ҳар бир аъзога шариат йўли билан рўза буюриш:


Сойири аъзоға халал етмамак,
Шаръ хилофиға шуруъ этмамак.
 

Ҳар бири ўз шуғлиға зоҳид бўлуб,
Манъи хилоф ичра мужоҳид бўлуб.


Бормағай-у кўрмагай-у тутмағай,
Айтмагай, эшитмагай-у ютмағай.


Учинчиси, кўнгилни пок тутиш:

Лекин учунчиси будурким, кўнгул,
Чунки эрур маҳбити анвори кулл.


Пок-у равонбахш ҳавоси анинг,
Жилвагаҳи файз фазоси анинг.


Чунки кўнгил – илоҳий сирлар хазинаси, шоҳий чеҳра, яъни Аллоҳ жамолини акс эттирувчи ойина ҳисобланади:


Махзани асрори илоҳий ҳам – ул,
Ойинайи чеҳрайи шоҳий ҳам – ул.


Шунинг учун бу кўзгуни турли хаёллар зангидан тозалаш, шундай асраш керакки, унда фақат дўст, яъни Аллоҳгина акс этсин, ундан бошқа нарсанинг нақши кўринмасин:


Дафъ қилиб занги хаёлотни,
Асрамоқ ул навъ бу миръотни,


Ким анга жуз дўст зуҳур этмагай,
Балки анинг ғайри хутур этмагай.


"Фарҳод ва Ширин"нинг Султон Ҳусайн Мирзонинг ўғли Абулфаворис Шоҳғариб Баҳодирга панд-у насиҳат тарзида битилган 53-бобида шоҳ бўлиш учун илм эгаллаш таъкидланади. Навоий наздида, шоҳ ҳар қандай илмни ўрганиши керак. Бироқ дин илмига келганда, уни асосий манзил айласин. Чунки бу – асл илм:


Гузар қил ҳар неча илм ўлса ҳосил,
Чу дин илмиға етсанг, айла манзил.


Шаҳ улдурким, шиори илми диндур,
Нединким илми дин илм ул-яқиндур.


Дин илмини эгаллаганингдан кейин, бошқа фанларни хоҳ ўрган, хоҳ ўрганма, дейди Навоий. Лекин, деб давом этади шоир, тиб илмининг ҳам кишига керак жойи кўп:


Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб
Ки сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.


Ахир тани соғ бўлмаса, тўшакдан бош кўтармаса, бу одам Тангри амрларини қандай қилиб адо этсин, нечук рўза тутсин, не янглиғ саждага бош эгсин? Ёхуд оғзига пахта билан сув томизиб турилган бўлса, у одам қандай қилиб рўза тутсин:


Қай-у жисмеки онинг сиҳҳати йўқ,
Қилурға Тенгри амрин қуввати йўқ.


Бировким пахта бирла су(в)ни ютқай,
Ўзунг деким, не янглиғ рўза тутқай?!


Нетиб қилғай сафодин саждае фош,
Тўшакдин улки олмас лаҳзае бош.


Бобокалонимиз чаҳорёрлардан бири – Муҳаммад алайҳиссаломнинг куёвлари бўлмиш ҳазрати Алининг ҳикматли сўзлари жамланган насрий "Наср ул-лаолий" китобидан шеърга солиб таржима қилган "Назм ул-жавоҳир" тўпламидаги рубоийларида рўза билан бевосита ё билвосита боғлиқ кўп ва хўб насиҳатлар баён этади.


Ҳазрати Али ва Навоийлар наздида, қорин – ҳамиша кишига душман, у билан дўст бўлмаслик керак:

Ҳар кимгаки кўп таом емак фандур,
Билгилки, нажосатқа тани маскандур.


Қорнинг била дўст бўлмасанг аҳсандур,
Невчунки, эр ўғлиға қорин душмандур.


Гап шундаки, тўқликнинг маънавий зиёни бор. У киши кўнглини қаттиқ қилади:

Кўп тўма ер эл аросидин ихрож ўл,
Савм аҳли аро бош қўй-у соҳибтож ўл.


Ким қалби рақиқ эрур, анга муҳтож ўл,
Тўқлуқ чу кўнгулни қатиқ айлар, оч ўл.


Кўп овқат егандан кейин кишининг лоҳас, демакки, бепарво бўлишини замонавий тиббиёт илми ҳам тасдиқлайди. Чунки бунда тананинг бутун кучи овқатни ҳазм қилишга кетади. Қорин тўқ маҳали кучли жисмоний меҳнат қилиш ҳам, жиддий ақлий фаолият ҳам қийин кечади. Бутун диққати меъданинг ишлашига қаратилган тана мияга етарли миқдорда озуқа, яъни қон етказиб беролмайди. Лоҳаслик – ана шундан.


Бепарволиг-у бефарқлик эса кўнгли қаттиқликнинг ўзгинаси. Шунинг учун ҳам Аллоҳ йилига бир ой рўза буюрган. Ота-боболаримиз бунинг қадрини баланд тутган. Рўзадан руҳга софлик, баданга эса саломатлик келиши аниқ:


Доим тут ўзунгга рўзанинг меҳнатини,
Ким руҳқа еткурур сафо давлатини,


Сиҳҳат тиласанг, қилғил анинг ниятини,
Ким рўзада қўйдилар бадан сиҳҳатини.


Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий: ҳаёти ва илмий мероси

21.04.2025   2812   4 min.
Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий: ҳаёти ва илмий мероси

Ислом илмларининг тараққиётида ҳадис илми жуда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу илм нафақат шариат асосларининг саҳиҳ манбалар орқали етказилиши, балки мусулмон умматининг ақидавий, фиқҳий ва ахлоқий асосларини тўғри англаб олишда ҳам муҳим рўл ўйнайди.

Хусусан, ҳадис илмидаги энг йирик ва ишончли манбалардан бири бўлган Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари бўлиб, минглаб уламолар тарафидан бу китоб ўрганилиб, унга турли мазмун ва услубларда шарҳлар ёзганлар. Ана шундай шарҳловчи уламолардан бири сифатида Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурийнинг номлари алоҳида эътиборга лойиқдир.

Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий, баъзи манбаларда эса бу зотнинг исмлари Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Али ал-Баноний шаклида ҳам учрайди. Бу зотнинг қачон туғулганлари борасида манбаларда аниқ маълумолар кўрсатилмаган бўлсада, ҳижрий 1098 йилда вафот этганлари очиқ баён қилинган.

Яъқуб ал-Баноний Ҳиндистоннинг илмий марказларидан бири бўлмиш Лоҳур шаҳрида таваллуд топганлар ва бутун умрларини шу ерда илмга хизмат қилишга бағишлаганлар.

Яъқуб ал-Баноний машҳур муҳаддис, фақиҳ, муфассир ва бир қанча илмларда йирик ҳанафий олимлардан ҳисобланадилар.

“Нузҳат ал-Хавотир” асарининг муаллифи шайх Яъқуб Ал-Банонийнинг таржимаи ҳолини баён қилиб айтадиларки: “У зот олим, муҳаддис Мавлоно Яъқуб Ал-Баноний Ал-Лоҳурий, Лоҳур шаҳрида туғилиб, вояга етганлар. Ўз замонасидаги етук олимлардан таҳсил олганлар ва кўплаб илмларда, хусусан ҳадис, фиқҳ ва бошқа бир қанча илмларни пухта эгаллаган машҳур олимлардан бири бўлганлар”, деб таърифлайдилар.

Бу зотнинг устозлари ҳақида аниқ маълумотлар учрамасада, энг йирик шогирдлари фазилатли шайх Муҳаммад Ғовс ибн Абу ал-Хойр ибн Абу ал-Мағфар ибн Абдуссалом ал-Ҳанафийдир. У илмли шайхлар оиласидан бўлиб, ҳижрий 1056 йилда туғилган. У ҳадис илмини шайх Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурийдан ўрганган.

Яъқуб ал-Баноний ҳадис илмда ҳам чуқур билим эгаси сифатида танилган олимлардандир. У зотнинг энг машҳур асари “Ал-хойр ал-Жорий фи Шарҳи саҳиҳ Ал-Бухорий” бўлиб, бу асар имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” китобига ёзилган муҳим шарҳлардан бири ҳисобланади.

Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий илмий мақом ва мартаба жиҳатидан юксак мавқега эга бўлган олимлардандир. Манбаларда у зот бир қанча асарларнинг муаллифи экани қайд этилган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. “Ал-Хойр ал-Жорий фи шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий”;
  2. “Ал-Муъаллим фи шарҳи Саҳиҳ ал-Имом Муслим”;
  3. “Ал-Мусаффа фи шарҳи ал-Муватто”;
  4. “Шарҳ аъла Таҳзийб ал-Калам” ва “Шарҳ аъла ал-Ҳусамий” каби йирик шарҳлар шулар жумласидан.

Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий ҳижрий 1098 йилда вафот этганлари қайд этилган.

Шунингдек, қўлёзма нусхасининг кўчирилгани ҳам бу санани тасдиқлайди. “Нузҳат ал-Хавотир” китоби муаллифи ҳам унинг 1098 ҳижрий йилда вафот этганини таъкидлаб бундай ёзади: “У ҳижрий бир минг тўқсон саккизинчи йилда вафот этди. Бу санани муфтий Валиййуллоҳ ал-Фарҳободий ўз таълиқларидан бирида очиқ баён қилган”.

Бу зот Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида вафот этганлар ва ўз уйларига дафн этилганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий ўз даврининг йирик алломаларидан бири бўлиб, ҳадис, фиқҳ, тафсир каби илмларда чуқур билмга эга бўлган зотлардан саналадилар. У зотнинг илмий, маънавий мероси Ҳиндистон минтақасидаги исломий илмий тараққиётга катта таъсир кўрсатган ва кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам у зотнинг қолдирга илмий мерослари тадқиқотчилар учун ҳам бебаҳо манба бўлиб хизмат қилмоқда.


Муҳаммад Умар Муҳаммаджонов,
Тошкент Ислом институти талабаси.