Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас» (Моида сураси, 87-оят).
«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ўзингиз иймон келтирган Аллоҳга тақво қилинг» (Моида сураси, 88-оят).
Аввал ўтган оятларда ва уларнинг тафсирида Аллоҳ ҳалол қилган нарса пок ва фойдали бўлиши айтилган эди. Бу ерда ўша покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Ким Аллоҳ ҳалол деган нарсани ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига – шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, буни қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув – ҳаддан ошиш ҳисобланади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби бу фикрни таъкидлайди.
Имом ибн Жарир Тобарий қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўтириб, одамларга ваъз-насиҳат қилдилар, аммо ортиқча қўрқитмадилар. Сўнгра туриб кетдилар. Шунда у кишининг саҳобаларидан баъзилари:
«Агар янги бир иш қилмасак, нима деган одам бўламиз. Насоролар ўзларига бир қанча нарсаларни ҳаром қилишган, биз ҳам ҳаром қилайлик», дейишди. Баъзилари ўзига гўшт ейишни ҳаром қилди, баъзилари соннинг юқори қисмини ейишни ҳаром қилди. Бошқалари кундузи овқат ейишни, яна бошқалари аёлларни ўзларига ҳаром қилди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда:
«Аёлларни, таомни ва уйқуни ўзига ҳаром қилганларга нима бўлди?! Огоҳ бўлинглар, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан, рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким мендан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар. Шунда Аллоҳ «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг» оятини нозил қилди.
Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.
Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришнинг ягона соҳиби Аллоҳ таолодир, бошқа эмас.
Имом Бухорий ва имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганда, у (ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда Улар:
– Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтган-у, қолган гуноҳлари мағфират қилинган, – дедилар. Улардан бири:
– Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман, – деди. Бошқаси эса:
– Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман, – деди. Яна бошқа бири:
– Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:
– Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг таҳводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, – дедилар».
Шу билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб, онт ичиш ёки вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги таъкидланди.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Индонезия пойтахтида Ўзбекистон туризм салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Индонезия сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, Туризм ва Дин ишлари вазирликлари масъул ходимлари ҳамда матбуот вакиллари иштирок этди.
"Qanot Sharq" авиакомпанияси раҳбарияти жорий йилнинг кузги мавсумидан бошлаб Жакарта-Самарқанд-Жидда йўналишида ҳаво қатновлари йўлга қўйилишини эълон қилди. Самарқанд шаҳри ва "Умра+" дастури доирасида индонезиялик сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақидаги видеофильм намойиш этилди.
Анжуманда сўзга чиққан Индонезия дин ишлари вазири Насируддин Умар Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк зотлар, мутафаккир ва уламолар тўғрисида сўзлаб берди.
–Ўзбекистон – муқаддас замин. Самарқанд шаҳри эса Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза, – деди вазир Насируддин Умар. – Мовароуннаҳр уламолари Индонезия оролларида ислом дини таълимотини қарор топтиришда алоҳида ўрин тутади. Ислом оламининг буюк даҳоси, Қуръондан кейинги ўринда турувчи "Ал Жомий ас-Саҳиҳи" китобининг муаллифи Имом Бухорий Ўзбекистон заминида таваллуд топган. Ўзбекистон Президентининг фармони билан таниқли муҳаддиснинг қабри жойлашган Самарқанд ёнидаги Хартанг қишлоғида улуғвор ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Зиёратгоҳ дунё мусулмонлари учун энг аҳамиятли туҳфа бўлиши муқаррар. Шубҳасиз, ушбу воқеа нафақат Янги Ўзбекистон тарихида балки ислом дини ривожланиши тарихида ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
Имом Бухорий индонезияликлар учун ниҳоятда қадрли шахс. Унинг мақбарасини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Мамлакатимиз биринчи Президенти Сукарно ҳам бундан 70 йил муқаддам яъни 1956 йилда муҳаддиснинг қабрини зиёрат қилган.
Ҳар йили 1 миллион 200 мингдан ортиқ ватандошимиз Умра амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига йўл олади. Зиёратчиларимиз аксарият ҳолларда Истамбул, Қоҳира, Доҳа, Аммон шаҳарларида тўхтаб ўтишади. Самарқанд шаҳри ўзининг бой тарихи, юксак маданияти, исломий обидалари, тамаддун масканлари, ўзбекларга хос меҳмондўстлик қадриятлари, аҳолисининг индонезияликларга бўлган илиқ муносабати нуқтаи назаридан қайд этилган шаҳарлардан кўп маротаба афзалдир.
Индонезия томони, шунингдек, "Умра+Самарқанд" дастурини оммалаштиришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдириб, бугунги нутқи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида жойлаштирилиши ва кенг жамоатчиликка етказилишини урғулади.
Шунингдек, тарғибот ва ташвиқот қилиш орқали "Умра+Самарқанд" турпакетини оммалаштириш ва Индонезиядан Ўзбекистонга туристлар сонини кескин ошириш имконияти мавжуд эканлигини таъкидланди.
Тадбир доирасида "Qanot Sharq" авиакомпанияси вакиллари ва Индонезиянинг "ASITA" туризм агентликлари ташкилоти раиси Русмиати Нунунг ўртасида Жакарта - Самарқанд - Жидда йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш ва индонезиялик туристларга хизмат кўрсатиш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.