Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Сурма сурмайсизми?

03.04.2025   3526   3 min.
Сурма сурмайсизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу ан­ҳу­дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сурма қўйса, тоқ қўйсин. Ким шундай қилса, яхши қилган бўлади, ким қилмаса, ҳараж йўқ”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмид* билан сурма қўйинглар. Албатта, у кўз­ни равшан қилади ва киприк­ларни ўстиради”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Сурма кўзни муҳофаза қилади, кўздаги хираликни аритиб, чиркинларни чиқариб ташлайди, қув­ватлантиради, кўриш қобилиятини оширади, киприкларни ўстиради. Бу хусусият, айниқса, исмидда кўп­роқ бўлиб, кекса ёшдаги кишилар учун фойдалироқдир.

Юқоридаги ҳадислардан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шах­сий гигиенага аъло даража­да эъти­бор қилганларини кўри­шимиз мумкин. У зот муборак кўзлари­нинг парвариши учун сурмадан фойдаланганлар ва умматларига ҳам тавсия қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурма қўйишлари­ни диққат билан ўрганадиган бўл­сак, у зот сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ва уни ўнг кўз­ларига учта, чап кўзларига учта (ёки ўнг кўзларига иккита, чап кўзларига иккита ва яна бит­тани икки кўзларига ёки ўнг кўзлари­га учта, чап кўзларига иккита) қи­либ тоқ қўйганлари маълум бўла­ди. Ум­матларига ҳам уни кечаси қўйиш­ни ва тоқ қилишни буюрганлар.

Сурманинг кечаси қўйилишида фойдалар кўп. Кўзлар юмилган ҳолда сурмадан узоқ вақт – тонггача озиқланади. Кундузи эса, бундай натижага эришиб бўлмайди.

Ҳанбалийлар, баъзи шо­феъийлар ва аҳли ҳа­дислар На­бий соллаллоҳу алайҳи васал­лам феъл­ларининг зоҳирига эъти­боран эркаклар учун сур­ма қўйиш (зарурат бўлиш-бўлмас­лигидан қатъи назар) мустаҳаб деган йўлни тутганлар.

Ҳанафийлар эса, модоми­ки, у билан зийнатла­ниш кўз­ланмас экан, эркакларнинг ҳам сурма қўйиши жоиз дейдилар. Ҳанафийларнинг баъзилари ман қилинган ҳолатдан такаббурлик учун зийнатланиш назарда тутилган, жамол ва виқор учун зийнатланиш эмас, деб изоҳлашган.

Имом Моликдан ҳам икки қавл бўлиб, бирида жоиз дейилган бўлса, иккинчисида аёлларга ўхшаб қолиши эътиборидан макруҳ дейилган.

Демак, эркаклар учун сурмадан даво сифатида, кўзнинг парвариши учун фойдаланиш жоиз. Зийнат учун бўлса, ҳанафийлар ва моликийлар наздида макруҳдир.

Агар собит бўлган ҳадислар тааммул қилиб кў­рилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сурмани зийнат учун эмас, балки кўз ва киприклар парвариши учун қўйганлари аён бўлади. Сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ҳам бу ишнинг зийнат учун бўлмаганини таъкидлайди.

Сурмадан зийнатланиш мақсадида фойдаланиш фақат аёллар учун мустаҳабдир. Чунки улар эрларига чиройли суратда кўринишлари лозим. Аммо эридан бошқаси учун зийнатланишлари жоиз эмас.

Эркакларнинг сурмадан зийнат мақсадида фойдаланишлари эса, агар ўша жамиятда бу иш одатга айланган бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Қадимда араб­лар чўлнинг жазирамасида кўзнинг хиралашиб, шикастланмаслиги учун сурмадан фойдаланишган ва уни кундузи ҳам қўйиб юришган. Шу боис уларда эркакларнинг ҳам сурмадан фойдаланишлари оддий ҳол бўлган. Аммо бошқа халқларда, масалан, бизнинг минтақаларда бу ҳолатга ўзини аёлларга ўхшатиш қабилидаги хатти-ҳаракат деб қаралади.

Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.

Бошқа мақолалар

"Вазифамдан қутулдим”, деб ўйламанг!

21.04.2025   2265   3 min.

Баъзи оталар аёли, болаларидан ўзининг айшу ишрати ва улфатчилигини устун қўядилар, гоҳида ўша тарафга бутунлай бурилиб кетадилар.

Эй муҳтарам ота! Нима учун оилангиз ва болаларингиздан қочяпсиз?! Нима учун кўзингиздаги нурга парда ташлаяпсиз, фарзандларингиз сизни тун қоронғусидан бош­қа маҳал кўра олишмаяпти.

Барчалари сизни излайдилар. Ёш болаларни ўпсангиз, катталар даврасида бўлсангиз, табассумингизга сабабчи бўлувчи аёлингизга эътибор қаратсангиз, қандай ҳам гўзал!

Зиммангиздаги уларнинг ҳақларига беэътибор бўлманг. “Емак-ичмак, кийим-кечагини тўкиб-сочиб қўйсам бўлди, вазифамдан қутулдим”, деб ўйламанг. Улар сиз томонингиздан етказилувчи  маънавий, руҳий озуқага муҳтождирлар.

Эй муҳтарам ота! Оилангиз беэътибор қолса, кўзи очларнинг ҳирслари уларни еб битириши мумкин. “Бошсиз қолган жасад тирик туради”, деб ўйламанг. Сиз оилангиз учун тананинг бошидексиз, бош танадан жудо бўлса, руҳ танадан ажрайди ва ҳаёт тугайди.

Оилангизга мустаҳкам қўрғон бўлинг. Унутмангки, қиёмат куни ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагилари борасида жавоб беради.

Барча масъулиятни аёлингизга юклаб қўйманг. Тарбия машаққатини унинг елкасига юкламанг.

Ўтинаман, зое бўлаётган умрингизга, оилангизга қайтинг! Аввал Роббингизга қайтинг ва қилган гуноҳу исёнларингизга тавба қилинг. Намозга маҳкам бўлинг. Қалбингизда иймон қайта барқ уриб, раҳмат вужудингизга сизиб кириши учун тун қоронғусида туриб таҳажжуд ўқинг.

Ҳар гал болаларингизни, аёлингизни кўрсам, уларнинг кўзидаги маҳзунлик мени тилка-пора қилади. Бунинг таъсиридан сизга айтадиган охирги гапим:

Ердагиларга раҳм қил, самонинг Эгаси сенга ҳам раҳм қилади. Сенга шукрини адо қилолмайдиган даражада неъматлар ато этган Роббингга яқинлаш. Оила деб аталмиш неъматдан юз ўгирдинг. Оилангни ташлаб кетдинг, улар қаёққа борарини билмай қолишди.

Ачинарли бир воқеани келтирай: Ота-онаси ишга кетиб ёлғиз қолган болаларнинг шўхликлари авжига чиқиб, ораларидан бири пичоқ ўйнаб хонадаги чарим диван ва курсини йиртиб, тешди. Ота ишдан келиб боланинг қилган ишини кўрди ва қаттиқ ғазабланиб боланинг қўл-оёқларини маҳкам боғлаб қўйди.

 Бола тинмай йиғлаб, бўшатиб юборишларини ўтиниб сўради. Лекин бари бефойда эди. Ғазабланган отага ҳеч нарса таъсир қилмади. Лекин она боғичларни ечишга уринди. Ота унга: “Агарда ечсанг, талоқсан”, деди.

 Бола тинмай йиғлайверганидан тинкаси қуриди ва ухлаб қолди. Унинг қўл-оёқларининг ранги ўзгара бошлади ва кўкариб кетди.

 Ота қўрқиб кетганидан боғични ечди ва болани дарҳол шифохонага олиб борди. Бола кома ҳолатида эди. Шифокорлар боланинг оёқ-қўлларини ампутатция қилишга қарор қилишди. Бола ўткир ишемияга чалинган эди.

 Ота ампутация қилиш учун берилган қоғозга имзо қўяркан, тинмай йиғларди.

 Ҳақиқий мусибат бола жарроҳлик амалиётидан чиққанидан кейин бошданди. Бола отасига қараб: “Дада, дадажон, оёқларимни қайтариб беришсин. Энди ҳечам бундай иш қилмайман”, дея дод солди.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.