Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Азизлар сиз билан башариятнинг, хусусан, мўмин-мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлмиш шайтон ҳақидаги фикрлар дунёсига сайр қилиб кўрамиз!
Қуръони Каримда шайтон ҳақида 60 дан зиёд оят бор. Шулардан 4 тасини келтириб ўтсак:
«(Иблис) айтди: «Роббим! Қасамки, мени йўлдан оздирганинг сабабли ихлосли бандаларингдан бошқа барчасига ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўяман ва ҳаммаларини йўлдан оздираман.» (Ҳижр сураси, 39-40-оятлар).
«У (аламидан) деди: «Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан» (Аъроф сураси, 16–18-оятлар).
«Сизларни шайтон (Аллоҳнинг динига эътиқод қилишдан) сира тўсмасин! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Зухруф сураси, 62-оят).
«Шайтон сизларга душмандир! Уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур» (Фотир сураси, 6-оят).
Мазкур ояти карималарни яхшилаб тадаббур, тафаккур қилиб кўрайлик!
Шайтон Одам алайҳиссаломдан аввал яратилган ва қиёматгача мавжуд бўлиб қолади. Ўша даврдан бери қанчадан-қанча инсонларга, хусусан, пайғамбарлар, расуллар ва уларнинг йўлини тутган салафи солиҳлар, мужтаҳид олимлару обидларга душманлик қилиб, васваса солиш мумкин бўлганларини васвасага гирифтор этиб, жаннат йўлидан адаштиришга, Аллоҳ таоло сари бир қадам босишга ҳам йўл қўймасликка уриниб келди. Ва қайсидир маънода Аллоҳ таолога айтган қасамларининг уддасидан чиқди ва шундай қилишда давом этмоқда.
Унинг ягона вазифаси, кўзлаган мақсади – бизга тўлақонли душманлик қилиш, жаннат сари етаклайдиган одимларимизни чалғитиш, йўлдан оздириш, солиҳ амаллар қилишимизга тўсқинлик қилиш, хайрли амалларни унуттириш ва ҳоказо... У бу борада асло тинмайди, чарчоқ нелигини ҳам билмайди. У ўта билимдон, жуда айёр, маккор, содда қилиб айтганда, сизу биздан анчагина илмли, турли усулларни биладиган даражада уддабурон. Бу борада анча тажрибага ҳам эга.
Ҳар бир кишининг нозик нуқтасини топиб, ўшанга ҳужум қилади. Қалбга кирадиган бирор тирқишни кўриб қолса борми, албатта, ўша жойдан кириб боришга уринади. У инсонни бирданига ёмон амалларга бошламайди. Инсон пайқаб қолиши мумкинлигини билгани ҳолда бунинг эҳтиётини қилади! Шунинг учун арқонни узун ташлаб қўяди. Бандани адаштириш учун обдан вақт ажратади, куч сарфлайди. Унинг васвасасини сезиб, дарров зикр қилса: «Майли, сен Аллоҳни эслаяпсан, мен кетдим, лекин яқинда қайтаман», дея шу заҳоти гумдон бўлади. Кейин яна келади ва ишини шундай давом эттираверади.
Аввало кичик гуноҳлар сари ундайди. Секин-асталик билан Аллоҳ таолога осий бандага айлантиради, бора-бора гуноҳкор, осий инсонни ношукрга айлантириб, энг катта гуноҳ ҳисобланган ширк ва куфр амалларни қилдиришгача боради ва ўзининг олий мақсади – жаҳаннамий қилишнинг уддасидан ҳам чиқади. Аллоҳ таоло барчамизни асрасин!
Душманимизнинг қай даражада кучли, уддабурон эканини кўрдингизми?
Инсонларнинг душманлиги шайтоннинг душманлиги олдида ҳеч нарса эмас. Инсон чиркин мақсадига эриша олмаса, ёмонликдан воз кечиши мумкин. Балки, сизга, мол-дунёингиз, амалингизга зарар етказиш орқали таъсир эта олар. Сиз бу зиённинг ўрнини қоплай оласиз, вақти келса, балки ўша душманингиздан ўч ҳам оларсиз. Лекин иблиснинг сизга етказган зарарининг ўрнини тўлдира олмайсиз. Чунки унинг олий мақсади – бизни жаҳаннам сари улоқтириш, Аллоҳ таолонинг ношукр, осий, ғазабига дучор бандаларига айлантиришдир. Бундан ортиқ душманлик бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Юқоридаги оятларда бутун оламлар Робби Аллоҳ таоло шайтон бизнинг ашаддий ғанимимиз экани, уни душман тутишимиз лозимлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Ана ўша душманимиз ҳозир кишанда. Салафи солиҳлар Рамазон кириб келганида бежиз хурсанд бўлишмаган. Улар ашаддий душманлари бўлмиш шайтоннинг занжирбанд этилишини тўла ҳис қила олишган. Бу улар учун том маънода байрамга айланган. Рамазон охирлагани сари маҳзунликлари ортаверган. Бунинг бир қанча сабаблари бор, лекин энг асосийси – бу шайтоннинг кишандан озод бўлиши ҳисобланган. Улар шайтоннинг шарридан доимо Аллоҳдан паноҳ сўрашган. Катта саҳобалардан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дуо қилсалар, энг катта гуноҳлар, жумладан, хамр (маст қилувчи ичимлик) ичиш, зино, ўғрилик, куфр, ширк қилишдан паноҳ сўрар эканлар. Буни эшитганлар: «Шу гуноҳларни қилиб қўяман деб ўйлайсизми?» деб сўрашганида: «Модомики иблис тирик экан, ўзимга ишонмайман. Қалбларни бурувчи Зот хоҳлаган томонга бура олади», дер эдилар.
Бу сўзлар кимнинг оғзидан чиқаётганига эътибор беринг-а! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлган, олдиларидан жилмайдиган, у зотдан энг кўп ҳадис ривоят қилган, тирикликларида Аллоҳ таоло улардан рози бўлган, жаннатий буюк саҳобийнинг оғзидан чиқмоқда!
Ҳа, азизлар, биз ҳам шайтонга нисбатан худди шундай хавотирда бўлишимиз лозим. Доимо унинг макру ҳийлаларидан омонда қилишини Яратгандан сўрашимиз керак.
Шайтоннинг душманлигини озроқ бўлса ҳам ҳис қилдингизми?
Бир кишига эмас, бир қанча яқинларимга ўзимча: «Нохуш хабар! Эшитдингизми? Жуда ёмон бўлар экан», десам, «Оббо, яна қандай нохуш хабар экан?» деб бирдан ҳаммаларининг саволи: «Тинчликми?» бўлди. Мен: «Тинчлик эмас-да!» десам, хавотирлари янада ошиб: «Айта қолинг, юракни сиқмасдан, нима бўлди ўзи?» деб қистайверишди. Кейин мен: «Огоҳ бўлинг! Шайтон яқинда занжирларидан озод бўлар экан!» десам, енгил тортиб: «Э, шумиди, нима бўлибди экан дебман», дейишди.
Субҳаналлоҳ! Бу энг ёмон хабар эмасми?! Наҳотки, уни эшитган инсон хавотирга тушмаса, маҳзун бўлмаса?! Бундан ҳам ёмонроқ хабар бўлиши мумкинми?!
Ҳа, азизлар, аччиқ бўлса-да, ҳақиқат шу, бизнинг ҳолимиз шундай... Шайтонни ашаддий душман санамаганимиз ёки унинг ашаддий ғаним эканини тўлиқ ҳис қила олмаганимиз сабаб ана шундай ҳолатга тушиб қолганмиз. Ғофилликдан уйғонмасак аҳволимиз не кечади?! Тасаввур қилиш қийин...
Ана шундай ҳис-туйғулари бўлган ҳақиқий мўмин-мусулмон Рамазонни интиқлик билан кутади. Рамазон кириб келса, боши кўкка етади, қалби шодланади. Кўпроқ ибодатлар қилишга Робби билан аҳдлашади. Денгизга тушган балиқ қандай яйраса, у ҳам Рамазонда шундай яйрайди. Ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланиб қолишга, 11 ой давомида улгурмаган амалларни бор кучи билан кўпроқ қилиб олишга, охирати учун оғир ва салмоқли захира тўплашга ҳаракат қилади. Бироқ «Яқинда шайтон чиқаркан, озод бўлар экан» деган хабарни эшитиши билан сиқилиб, қалбини маҳзунлик қамраб олади, хотиржамлиги йўқолади. Мўмин-мусулмоннинг ашаддий душмани бўлмиш шайтоннинг занжирлари оз фурсатдан кейин ечилиши ҳақидаги хабар унга оғир ботади.
Хўш, бу хабардан кейин энди ҳақиқий мўмин нима қилиши керак? Эшитганларидан таъсирланиб, жим бўлиб қолиши, амаллардан тўхтаб қолиши керакми?!
Йўқ, асло! Бу хабарни эшитган киши кўзини каттароқ очади, янада сергак тортади. Ашаддий душманига қарши қуролланишга, 11 ой давомида унинг алдовлари, ёлғон ваъдалари, васвасаларига учиб қолмаслик учун моҳирона тайёргарлик кўришга қатъий киришади. Шу вақтгача шайтон қайси томондан ўзига ҳужум қилгани, қай тирқишу тешиклар орқали васваса қилгани ҳақида мулоҳаза қилиб, дарҳол шу камчиликларини бартараф этишга, қалб қалъасини 11 ойлик озуқа билан таъминлашга, пойдеворию биносини мустаҳкамлашга тиришади. Заиф томонларини ўрганиб, уларни тўғрилашга ҳаракат қилади.
Мўминнинг шайтонга қарши қуроли нима? Албатта, Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳар қандай солиҳ амаллар шайтонга қарши қурол ҳисобланади. Бу амаллар ихлос билан амалга оширилиши, фақат шу ой билан кифояланиб қолмай, умрининг охиригача бардавом бўлишини Яратгандан сўраши, бу борада қатъий азму қарор қилиши лозим. Сиз эга бўлишингиз керак бўлган қуролларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Илм ўрганиш, Аллоҳ таолони таниш, каломини ўрганиш, уни фаҳмлаш, тадаббур-тафаккур қилиш, ундаги Роббоний буйруқларни таҳлил қилиб, ҳаётга татбиқ қилиш, қайтариқлардан тийилиш, набавий кўрсатмаларга амал қилиш, ростгўй, гўзал хулқли бўлиш, ғазаб қилмаслик, ота-онага итоат, ғамхўрлик қилиш, намозларга мустаҳкам бел боғлаш, имкон бўлса, ҳаж ва умрани адо қилиш, закот бериш, мўмин-мусулмон ва қийналганлар ҳолидан хабар олиш, рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, доимий таҳоратда юриш, Аллоҳ таолони зикр қилиш, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар тарк қилмаган доимий тонгги ва тунги зикрларни ёдлаб, ўқиб юриш, мунтазам равишда истиғфор, салавотлар айтиш, жума куни Каҳф сурасини ўқиш, намозларини доимо жамоат билан адо этишга ҳаракат қилиш, кундалик суннат намозларни тарк этмаслик, кўп дуо қилиш, етим-есирларнинг бошини силаш, уларга ғамхўрлик қилиш, дўсту биродарларнинг эҳтиёжларини қондириш, ҳаёли, иффатли бўлиш, инсонларнинг айбини яшириш, ширк ва куфр амаллардан сақланиш, мусулмон ва бошқаларга тил билан ҳам, қўл билан ҳам азият бермаслик, аёлнинг эрига итоат қилиши, эр-хотин бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларига риоя этиши, ҳасад ва бахилликдан эҳтиёт бўлиш, Аллоҳ таолога шукрона айтиб юриш ва ҳоказо...
Азизлар, душманимизга қарши қуроллана оляпмизми?! Ашаддий душманимиз бўлмиш шайтоннинг озодликка чиқиши сизни ҳам хавотирга солдими? Рамазоннинг бебаҳо лаҳзаларини беҳуда нарсалар билан ўтказиб қўймаяпмизми? Душманимизни ҳақиқатдан ҳис қила олдикми? Шайтон ҳужум қиладиган биноимизни мустаҳкам қилишга киришдикми? Камчиликларимиз, шайтон кира оладиган тирқишларни беркитишга ҳаракат қиляпмизми?
Ўзи қайси томондамиз: Роббимизнинг нурли йўлидами ёки шайтоннинг зулмат сўқмоқларидами? Кимга дўстмиз? Жаҳаннам сари етаклашга уринадиган шайтон ва унинг гумашталарими ёки абадий ҳаёт – жаннатга чорлайдиган Аллоҳ таолоними? Кимга қулоқ солмоқдамиз? Ашаддий душманимиз шайтон ёки унинг тоифасидаги инсонларгами ёки биз учун энг меҳрибон бўлган Зот – Аллоҳ таоло ва унинг суюкли Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларнинг йўлини тутган ҳақиқий мўмин-мусулмонларгами?
Йўлимизни, мақсадимизни аниқлаб олиш вақти келмадими?! Ҳозир шуни қилмасак, ҳаётимизни керакли томонга йўналтирмасак, кейин кеч бўлиб қолиши мумкин! Яна бир бор эслатамизки: Ашаддий душманимиз шайтоннинг озод бўлишига саноқли кунлар қолди. Унга қарши қуролланиб олайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни шайтон ва унинг ёмонликларидан, шайтоний инсонлар ва уларнинг ярамасликларидан Ўз паноҳида асрасин! Ушбу Рамазондан кейинги Рамазонга қадар шайтонга қарши кураша оладиган куч-қувват, мустаҳкам иймон ато қилсин, солиҳ амаллар билан қуроллантирсин!
«Рамазон соғинчи» китобидан олинди
Ислом шариатида ижтиҳод (яъни шариат ҳукмларини аниқлашда илм ва далил асосида изланиш олиб бориш) жуда муҳим ўринга эга. Шариат ўз самарасини бериши учун шахс, оила, жамият ва уммат ҳаётида мақсадларига эриша олиши учун, у ҳар томонлама ва ҳар даражада ижтиҳоднинг амалга оширилишига муҳтождир. Бу — янги масалаларда ижтиҳод бўладими, мавжуд фикрлардан танлаб олинадиган ижтиҳодми, умумий ёки қисман, якка тартибда ёки жамоавий бўладими — барчаси шариат фаолиятида зарур саналади.
Ижтиҳоднинг турли кўринишлари мавжуд. Улардан бири — қозиликдаги ижтиҳод бўлиб, бу қозилар томонидан амалга оширилади. Айниқса, исломда ижтиҳод фаол даврларда ва ҳукмлар қонун сифатида расман қайд этилмаган, қозилар мажбурий равишда уларга амал қилишга буюрилмаган даврларда бу жуда кенг тарқалган эди.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — қонунлаштиришдир. Яъни, фиқҳ ҳукмларини ҳуқуқий моддалар шаклида ифода этиш. Масалан, оила қонунчилиги, фуқаролик қонунчилиги, жиноят қонунчилиги, маъмурий ва молиявий қонунчилик каби соҳаларда. Масалан, Усмонлилар империясининг охирги даврларида ҳанафий мазҳаби асосида тайёрланган машҳур "Мажаллатул аҳком" ана шундай қонунлар тўпламининг намунаси бўлган. Бугунги кунда ҳам шариат ҳукмларини янги ижтиҳод асосида тартиблаш мумкин, бу ижтиҳод умумий ҳам бўлиши мумкин, ёки қисман, янги ёки мавжуд фикрлардан танланган ҳолда бўлиши мумкин.
Бу амалиёт оила қонунчилигида (ёки "шахсий ҳолатлар" деб аталувчи соҳада) амалга оширилган. Аввалида бу ҳанафий мазҳаби асосида бўлса-да, кейинчалик тўрт мазҳаб доирасига кенгайди ва янада илгарилаб, ислом фиқҳининг барча имкониятларидан баҳра олишга ўтилди. Бу йўлни Мисрда ал-Азҳар шайхи — шайх Муҳаммад Мустафо ал-Мароғий бошлаган, уни баъзи мазҳаб мутаассиблари ва тақлид тарафдорлари танқид қилганлар, лекин у шариат далиллари билан уларга муносиб жавоб қайтарган.
Ижтиҳоднинг яна бир кўриниши — фиқҳий тадқиқотдир. Бу ислом уламолари ўз ҳалқаларида шогирдлари билан бирга бажарган ишлар бўлиб, масалаларни баён қилиш, саволларга жавоб бериш ва буни шариат матнлари, қоидалари ва мақсадлари асосида олиб боришни ўз ичига олади. Бугунги кунда буни университетлардаги профессорлар ёки илмий даража (магистрлик, докторлик) ишини ёзаётган талабалар амалга оширмоқдалар. Ана шундай изланишлар асосида китоблар ёзилади.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — фетво беришдир. Фуқаҳоларга одамлар турли ҳаётий масалаларда мурожаат қилишади ва муфтий унга жавоб бериши шарт, айниқса бошқа муфтий бўлмаса ёки у давлат томонидан тайинланган бўлса. Муфтийнинг фатвоси таҳқиқ ва ижтиҳод асосида бўлиши керак, яъни реал ҳолатга мос равишда қарор чиқарилади.
Ҳар бир мазҳабда воқеаларга мос тушган фатволар китоблари мавжуд бўлиб, уларда барча фиқҳ бўлимлари қамраб олинган. Бу китоблар мазҳаб қоидалари асосида тузилган ва "аҳкамун навозил" (янги масалаларга оид ҳукмлар) деб ҳам аталади.
Уламоларнинг сўзларига кўра, фатво замон, макон, урф-одат ва инсонларнинг аҳволига қараб ўзгариши мумкин. Биз ҳам бу тадқиқотимизда фатво берувчи замондош уламолар учун ушбу омилларни эътиборга олишни вожиб, деб билдик. Илғор замон талабига кўра, олдинги уламолар таърифлаган тўрт омилга яна олти омил қўшдик. Яъни, ҳозирги замонда фатвонинг ўзгаришига таъсир қилувчи ўнта омил бор:
1. Маконнинг ўзгариши
2. Замоннинг ўзгариши
3. Ҳолатларнинг ўзгариши
4. Урф-одатнинг ўзгариши
5. Маълумотлар ўзгариши
6. Инсонлар эҳтиёжининг ўзгариши
7. Инсонлар имконият ва иқтидорининг ўзгариши
8. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароитнинг ўзгариши
9. Оммавий муаммоларнинг юзага келиши
10. Фикр ва қарашлар ўзгариши
Албатта, Исломда фатво бериш улкан масъулиятдир. Бу вазифани илми ва тақвоси етарли бўлмаган одамларга топшириш мумкин эмас. Салафи солиҳларимиз бу масалада жуда қатъий бўлишган. Фиқҳда ва фикрда билимсиз киши фатво бермаслиги керак. Имoм Шотибий шундай дейди: фатво берувчи киши уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрнида туради — одамларга Аллоҳнинг шариати ҳукмларини баён қилади. Имoм Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ фатво берувчи ҳақида шундай дейди: у Аллоҳ таоло номидан ҳукм чиқарадиган одамдир, худди подшоҳ ва амирлар номидан қарор чиқарадиган вакиллар каби. Шу сабаб, у киши “Иълом ал-мўаққийн ъан Рабб ал-ъАламийн” (Оламлар Роббиси номидан имзо қўюқчиларни огоҳлантириш) деб номланган китобини муфтийлар учун ёзган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло баъзи масалаларда фатвони Ўзи беради. Масалан: “Сендан мерос ҳақида сўрайдилар. Айт: Аллоҳ сизларга калала ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,176-оят). “Аёллар ҳақида сендан сўрайдилар. Айт: Аллоҳ улар ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,127-оят).
Қуръонда “Сўрайдилар” деган ибора ўнлаб оятларда келади. Аллоҳ таоло унга “Айт” (Қул) деган жавоб билан мурожаат қилади. Масалан: “Сендан май ичимлик ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айт: уларда катта гуноҳ бор…” (Бақара сураси, 219-оят) ва шунга ўхшаш оятлар. Бу ҳам фатво ва фатво беришнинг аҳамияти, улуғлиги ва масъулиятини кўрсатади. Аллоҳнинг Ўзи фатво берган бўлса, бу қандай улуғ иш!
Ҳеч бир тадқиқотчига сир эмаски, мусулмонлар — дунёдаги ягона умматдирки, шариат ҳукмлари ҳақида савол беради, ибодатларида ва муомалаларида ҳалол-ҳаромни аниқламоқчи бўлади. Бошқа биронта миллатда — ҳатто китобий ёки бутпараст бўлсин — бундай интизом йўқ. Шу сабабли мусулмон давлатларда фатво муассасалари ташкил этилган. Шунингдек, кўпгина мамлакатларда “Муфтий” лавозими жорий этилган. У айрим мамлакатларда диний ва илмий энг олий мансаб саналади. Мисрда эса “Шайх ал-Азҳар” энг юқори мансаб ҳисобланади.
Шу туфайли, муфтийнинг шартлари, одоблари ва фатво сўровчининг ҳам одоблари ҳақида китоблар ёзилган, ҳозирги замонда эса фатво масалаларига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айниқса, замонавий оммавий ахборот воситалари, телевидениелар пайдо бўлганидан сўнг “ижтимоий тармоқ орқали фатво берадиган” баъзи шахслар кўпайди, улар ҳар қандай масалада ўзини билимдон қилиб кўрсатади. “Билмайман”, “Бу масала таҳқиқ талаб қилади”, “Кенгаш қилишим керак” демайди. Ҳолбуки салафи солиҳларимиздан бири айтганидек: “Кимки ‘билмайман’ дейишда хатога йўл қўйса, у ҳалокатга юз тутган бўлади”.
Шу мақсадда биз аввалроқ «Фатво: интизом ва беқарорлик ўртасида» номли китобимизни нашр этган эдик. Энди эса ушбу «Фатвонинг ўзгаришига сабаб бўлувчи омиллар» номли рисоламизни тақдим этяпмиз. Бу орқали фатво эгаларини тўғри йўл — нурли сиротул мустақим — билан юришга ёрдам беришни, имкони борича ҳақ ва тўғриликни излаб топишга ундашни, ҳақиқатни аниқлаш учун ҳаракат қилишни ва энг охирида муфтийнинг Аллоҳдан тавфиқ сўраб, У зотдан кўмак сўрашини истаймиз. Чунки салафи солиҳлардан бири шундай деган: “Агар бир масала сен учун қийин келса, айт: ‘Эй Иброҳимга илм ўргатган Зот, менга ҳам илм ўргат!’”. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Кимки Аллоҳга иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини ҳидоят қилади» (Тағобун сураси, 11-оят), «Кимки Аллоҳга суянса, бас у тўғри йўлга ҳидоят этилди» (Оли Имрон сураси, 101-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизга бундай дуони ўргатганлар: “Эй Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Парвардигори! Осмонлар ва ернинг яратувчиси! Яширин ва ошкора нарсаларнинг билгувчиси! Сен бандаларинг ўртасида келиша олмаётган масалаларда ҳукм чиқарасан. Сенинг изнинг билан менга ҳақ йўлни кўрсат, чунки Сен истаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят этасан”.
Европа Фатво ва Тадқиқотлар Кенгашининг Бош котибияти мендан унинг маданий рисолалар силсиласига муқаддима сифатида бир рисола ёзишимни сўради. Мен эса мана шу рисолани танладим. Умид қиламанки, бу рисола кўзланган мақсадга хизмат қилади, мусулмонларни умуман, айниқса, озчиликда яшаётган мусулмонларни фаҳм ва ҳидоятга етаклайди. Ниятимиз Аллоҳ учун. Унинг Ўзи бизга етарли ва қандай яхши вакилдир У.
Аллоҳга муҳтож бандаси —
Юсуф ал-Қаразовий
Дўҳа шаҳри,
Рабиъ ус-соний, 1428 ҳижрий
Май, 2007 милодий
Ҳомиджон домла Ишматбеков
таржимаси