Бир ғамгин киши донишманднинг ҳузурига келиб: “Айтинг-чи, мени қийнаётган бу ғам–ташвишлардан қутилишнинг бирор чораси борми? дея дардини достон қилди. Шунда донишманд: “Аввал менинг икки саволимга жавоб бер”, деди. Биринчидан: “Сен дунёга келган вақтингда сени қийнаётган шу муаммолар бор эдими?”. Ҳалиги киши: “Йўқ”, деб жавоб берди.
“Дунёдан кетар вақтингда шу ғам-ташвишларни ўзинг билан олиб кетасанми?” деб иккинчи саволни сўради донишманд. У яна: “Йўқ”, деди.
“Сен билан келмаган ва сен билан кетмайдиган, нарса учун нимага ғам чекасан?! Дунё ишларида сабрли бўл! Назарингни ерга эмас, самога қарат! Шунда муродинг ҳосил бўлади.
Табассум қил! Ризқинг ўлчаб қўйилган. Тақдиринг белгиланган. Дунё ишлари ғам чекишга арзимайди. Чунки у мудом Тирик ва Абадий Зотнинг изнидадир”, дея насиҳат қилди донишманд.
Уламоларимиз: “Мўмин икки ҳолатнинг орасида яшайди. Бири енгиллик, иккинчиси қийинчилик. Агар билса, уларнинг ҳар иккиси ҳам “неъмат”дир. Чунки енгилликда шукр қилиш ажру мукофотларга сабаб бўлади: «Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлагай» (Оли Имрон сураси, 144-оят).
Қийинчиликда эса сабр қилиш имкони бор. Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга дунёю охират мукофотларини беради: «Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур» (Зумар сураси, 10-оят).
Агар бахтли ҳаёт кечиришни истасанг, ҳамма нарсани тафтиш қилаверма. Чунки қимматбаҳо тошлар билан шуғулланувчилар олмосни ҳадеб таҳлил қилавергач, унинг асли кўмир эканини аниқладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтгин. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир", дедилар".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас", дедилар.
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ" калимасини кўп айтсин”.