«Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Аллоҳнинг Расули, шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида тўсиқ бўлди. У мени қироатда адаштиряпти», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўша Ханзаб деб номланадиган шайтондир. Қачон уни сезсанг: «Аъузу биллаҳи»ни айтгин-да, чап томонга уч марта туфлагин", дедилар.
У: «Мен шундай қилган эдим, Аллоҳ мендан уни кетказди», деди.
Муслим «Руқя» – «Дам солиш» бобида келтирган.
Шарҳ: Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳунинг саволлари намоз ичидаги шайтон васвасаси ҳақида бўлган.
Ушбу ҳадисларга биноан, Ҳанафий мазҳабида «Биринчи ракатда «аъузу биллаҳи» ичида айтилади», дейилган.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мушриклар муҳим масалаларини “Дорун Надва” дея аталмиш кенгашларида ҳал қилсалар, илк мусулмонлар кенгашадиган макон “Дорул Арқам” эди. Бу муборак уй Каъбанинг ғарбида, ҳозирги кунда ҳожилар Сафо билан Марва ўртасида ҳаж арконларини амалга оширадиган жуда гавжум жойда жойлашганди. Арқам Бану Махзум қабиласидан бўлган 16 ёшли маккалик йигит эди. Исломни қабул қилган биринчи одамлардан бири бўлган Арқам ўз уйини хурсандчилик билан мусулмонларнинг яширин йиғинлари учун тақдим этган. Уч йил давомида Арқамнинг уйи мусулмонлар учун учрашув жойи бўлиб хизмат қилди. Бу уйда Ҳамза, Аммор, Мусъаб, Суҳайб ва бошқа кўплаб таниқли саҳобалар (розияллоҳу анҳум) шаҳодат калимасини айтганлар.
Ушбу муборак уй ҳазрати Умардек исломнинг забардаст сиймоларидан бирининг ҳидоят топганига гувоҳ бўлган. Ўшанда Арқамнинг уйида суҳбатлашиб ўтирган мусулмонларга: “Уйга Умар ибн Хаттоб қуролланган ҳолда яқинлашиб келяпти”, деган хабар келди. Саҳобалар сергакланишди, ҳазрати Ҳамзанинг қўли беихтиёр қилич дастасига югурди. Умар ибн Хаттоб уйга киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқинлашдилар ва: “Эй Хаттоб ўғли, Исломга келсанг бўлмайдими?!” – дедилар. Бунга жавобан Умар шаҳодат калимасини айтиб, исломни қабул қилди.
Шу воқеадан кейин мусулмонлар Маккада эмин-эркин юрадиган бўлдилар.
Арқам кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган илк мусулмонлардан эди. У ерда у исломий жамият ва давлатни яратишда ва мустаҳкамланишида иштирок этди. Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа жангларнинг қатнашчиси, саводли одам эди. Шу сабабдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири бўлиб, нозил қилинган ваҳийларни ёзган.
Арқам ўғли ва яқинларининг эҳтиёжлари учун вақф қилган, кейинчалик бир неча қўлга ўтган ушбу иморат ўрта асрларда Ҳарамнинг кенгайтирилиши муносабати билан бузилган ва масжидга қўшиб юборилган.
Арқам ибн Абу Арқам ҳижрий 54 ёки 55 йилда 80 ёшида вафот этади. У зот Бадр қатнашчиларининг дунёдан энг охирги кўз юмганидир. Жанозаси ўз васиятига кўра содиқ дўсти Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу томонидан ўқилиб, Бақиъ қабристонига қўйилган.
Ёқуб Умар тайёрлади