Ҳожи деган шарафли номга сазовор бўлган, Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиб, Исломнинг бешинчи рукнини адо этган киши ўз манфаатларидан кўра халқиникини, Ватаниникини устун қўяди, қўя олади. Шу боис у ҳар жойда азиз ва мукаррамдирлар.
Шу йил 3 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Чирчиқ шаҳридаги «Марказий» жоме масжидида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов, Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби, имом-домлалар, ҳожи оталар, ҳожи оналар иштирок этди.
Сўнгра тадбир иштирокчилари шаҳардаги маҳаллаларга ташриф буюрдилар.
Кам таъминланган, боқувчсини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур кўмаклар берилди.
Шу билан бирга, адашиб турли ёт оқимлар, ақидаси бузуқ кимсалар таъсирига тушиб қолган фуқаролар, айниқса, ёшларга ҳам ҳожи оталар, ҳожи оналар зарур тавсиялар, йўл-йўриқлар беришди.
Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, маҳаллаларимиз ободлигини сўраб қилинган хайрли дуолар ташрифларга маънавий зеб бағишлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов