Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Апрел, 2025   |   25 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:32
Пешин
12:26
Аср
17:11
Шом
19:15
Хуфтон
20:35
Bismillah
23 Апрел, 2025, 25 Шаввол, 1446

Абу Бакр ва Али розияллоҳу анҳум диалоги

07.04.2025   2745   9 min.
Абу Бакр ва Али розияллоҳу анҳум диалоги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ораларидаги мунозара.

Бир куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг уйларига келдилар. Энди ичкарига кираман деб турганларида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам келиб қолдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу орқага тисарилиб:

- Эй Али, марҳамат сиз киринг, дедилар.

Ҳазрати Али ҳам жавоб бердилар, натижада ораларида бундай узун диалог бўлди:

- Эй Абу Бакр! Сиз аввал киринг. Ҳар яхшиликда аввалда бўлган, ҳар хайрли ишда илғор бўлган, ҳар кимдан илгарилаб кетган Сизсиз.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Сиз аввал киринг! Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломга энг яқин киши Сизсиз.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдинга қандай ўтаман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман:

«Умматимдан, Абу Бакрдан устунроқ бўлган бир кимсанинг устига қуёш чиқмади» деб марҳамат қилдилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдинга қандай ўтаман? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳони сизга берган куни, «Аёлларнинг энг яхшисини, эркакларнинг энг яхшисига бердим», деб айтдилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу :

- Мен сиздан олдинга ўтолмайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иброҳим алайҳиссаломни кўришни хоҳлаганлар Абу Бакрнинг юзига қарасин», деб айтганлар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Барибир, мен, сиздан олдин киролмайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам алайҳиссаломнинг ҳилм сифатини ва Юсуф алайҳиссаломнинг гўзал ахлоқини кўришни истаганлар, Али Муртазога боқсин», деб айтганлар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Сиздан олдин киролмайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни:

«Эй Роббим! Мени энг кўп яхши кўрган ва саҳобаларимнинг энг яхшиси ким, дедилар. Аллоҳ таоло: Эй Муҳаммад! Абу Бакр Сиддиқдир!» деб марҳамат қилди, дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан аввал ўтолмайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбарда:

«Эртага байроқни шундай бир кимсага бераманки, Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Мен ҳам уни жуда яхши кўраман» деб айтдилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдин қандай кираман? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннатнинг эшикларининг тепасига «Абу Бакр - Ҳабибуллоҳ» деб ёзилган», деб айтганлар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдинга қандай ўтаман? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар ғазотида байроқни сизга бериб: «Бу байроқ Малики Ғолибнинг, Али ибн Абу Толибга ҳадясидир» дея марҳамат қилдилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдинга қандай ўтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганларини эшитганман:

«Эй Абу Бакр! Сен менинг кўрадиган кўзим ва биладиган қалбим ўрнидасан».

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сизнинг олдингизга қандай тушаман? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки:

«Қиёмат кунида Али жаннатнинг ҳайвонларидан бирига минган ҳолида келади. Жаноби Ҳақ буюрадики: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сенинг бобонг Иброҳим Ҳалил қандай гўзал бободир. Сенинг биродаринг Али ибн Абу Толиб қандай гўзал биродардир!»

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан ўтолмайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки:

«Қиёмат куни Жаннат фаришталарининг раиси бўлган Ридвон номли фаришта Жаннатга киради. Жаннатнинг калитларини келтириб, менга беради. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом келиб, Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Жаннатнинг ва жаҳаннамнинг калитларини Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бер, истаган кишисини Жаннатга, тилаганини Жаҳаннамга юборсин, дейди»

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдинга қандай ўтаман? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Али қиёмат кунида менинг ёнимда бўлади. Ҳавзи Кавсар ёнида мен билан бўлади. Аллоҳ таолони кўрганида ҳам мен билан бирга бўлади».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен аввал киролмайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Бакрнинг иймони, бутун мўъминларнинг иймони билан тортилса, Абу Бакрнинг иймони оғир келади», деб айтганлар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдинга қандай қилиб ўтаман? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки:

«Мен илмнинг шаҳриман, Али эса унинг эшигидир».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен қандай қилиб сиздан олдинга ўтаман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки:

«Мен содиқликнинг шаҳриман, Абу Бакр унинг эшигидир».

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдинга қандай ўтаман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки:

«Қиёмат куни Али бир отга минади. Уни кўрганлар, ажабо, бу қайси пайғамбар экан? дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: Бу Али ибн Абу Толибдир», деб айтади.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен сизнинг олдингизга қандай ўтаман? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки:

«Мен ва Абу Бакр бир тупроқданмиз. Такрор бир бўламиз».

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан аввал қандай кираман? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки:

«Аллоҳ таоло: Эй Жаннат! Сенинг тўрт бурчагингни, тўрт одам билан безайман. Бири пайғамбарларнинг устуни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бири Аллоҳдан қўрқувчиларнинг устуни Алидир. Учинчиси аёлларнинг устуни Фотиматуз-Заҳродир.Тўртинчи четидаги эса покиза инсонларнинг устуни Ҳасан ва Ҳусандир, - деди».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдин киролмайман. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки:

«Саккиз Жаннатдан шундай бир овоз келади: «Абу Бакр! Ўзинг севган инсонларинг билан бирга кел. Ҳаммангиз бирга Жаннатга киринг»».

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан олдин киролмайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки:

«Мен бир дарахтга ўхшайман. Фотима унинг илдизи, Али танаси, Ҳасан ва Ҳусайн мевасидир».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

- Мен сиздан аввал киролмайман.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедиларки:

«Аллоҳ таоло Абу Бакрнинг бутун қусрларини афв этсин. Чунки у қизи Ойшани менга берди. Ҳижратда менга ёрдамчи бўлди. Билоли Ҳабашийни мен учун озод қилди».

Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом, бу икки яхши кўрган одамлари эшикда шундай сўзлашар эканлар, буни ичкаридан эшитиб ўтирар эдилар. Шу вақт Ҳазрати Алининг розияллоҳу анҳу сўзларини бўлиб ичкаридан шундай овоз бердилар:

- Эй биродарларим, Абу Бакр ва Али! Етар энди. Ичкарига киринг. Жаброил алайҳиссалом келиб менга дедики, ердаги ва етти қат осмондаги фаришталар сизни тинглаяптилар. Қиёматга қадар бир-бирингизни мақтасангиз ҳам, Аллоҳ таоло ҳузуридаги қийматингизни англата олмайсиз.

Шундан сўнг икковлари бир-бирлари билан қучоқлашиб Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирдилар.

Расулуллоҳ сооллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Аллоҳ таоло икковингизга ҳам юз мингларча раҳмат этсин. Икковингизни яхши кўрган инсонларга ҳам, юзмингларча раҳмат этсин. Сизнинг душманларингизга эса юз мингларча лаънат бўлсин, дея марҳамат қилдилар...

Шамсиддин Аҳмад Афандининг «Тўрт катта Халифа» китобидан
Шоолим Шомансур таржимаси.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дорул Арқам

23.04.2025   486   2 min.
Дорул Арқам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мушриклар муҳим масалаларини “Дорун Надва” дея аталмиш кенгашларида ҳал қилсалар, илк мусулмонлар кенгашадиган макон “Дорул Арқам” эди. Бу муборак уй Каъбанинг ғарбида, ҳозирги кунда ҳожилар Сафо билан Марва ўртасида ҳаж арконларини амалга оширадиган жуда гавжум жойда жойлашганди. Арқам Бану Махзум қабиласидан бўлган 16 ёшли маккалик йигит эди. Исломни қабул қилган биринчи одамлардан бири бўлган Арқам ўз уйини хурсандчилик билан мусулмонларнинг яширин йиғинлари учун тақдим этган. Уч йил давомида Арқамнинг уйи мусулмонлар учун учрашув жойи бўлиб хизмат қилди. Бу уйда Ҳамза, Аммор, Мусъаб, Суҳайб ва бошқа кўплаб таниқли саҳобалар (розияллоҳу анҳум) шаҳодат калимасини айтганлар.

Ушбу муборак уй ҳазрати Умардек исломнинг забардаст сиймоларидан бирининг ҳидоят топганига гувоҳ бўлган. Ўшанда Арқамнинг уйида суҳбатлашиб ўтирган мусулмонларга: “Уйга Умар ибн Хаттоб қуролланган ҳолда яқинлашиб келяпти”, деган хабар келди. Саҳобалар сергакланишди, ҳазрати Ҳамзанинг қўли беихтиёр қилич дастасига югурди. Умар ибн Хаттоб уйга киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқинлашдилар ва: “Эй Хаттоб ўғли, Исломга келсанг бўлмайдими?!” – дедилар. Бунга жавобан Умар шаҳодат калимасини айтиб, исломни қабул қилди.

Шу воқеадан кейин мусулмонлар Маккада эмин-эркин юрадиган бўлдилар. 
Арқам кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган илк мусулмонлардан эди. У ерда у исломий жамият ва давлатни яратишда ва мустаҳкамланишида иштирок этди. Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа жангларнинг қатнашчиси, саводли одам эди. Шу сабабдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири бўлиб, нозил қилинган ваҳийларни ёзган.

Арқам ўғли ва яқинларининг эҳтиёжлари учун вақф қилган, кейинчалик бир неча қўлга ўтган ушбу иморат ўрта асрларда Ҳарамнинг кенгайтирилиши муносабати билан бузилган ва масжидга қўшиб юборилган.

Арқам ибн Абу Арқам ҳижрий 54 ёки 55 йилда 80 ёшида вафот этади. У зот Бадр қатнашчиларининг дунёдан энг охирги кўз юмганидир. Жанозаси ўз васиятига кўра содиқ дўсти Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу томонидан ўқилиб, Бақиъ қабристонига қўйилган.

Ёқуб Умар тайёрлади

Мақолалар