– Тошкентдаги Ислом Цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг маданий мулоқотни ривожлантиришга содиқлигини тасдиқлаган ҳолда, ислом меросини асраб-авайлаб, бу борадаги мавжуд анъаналарни тарғиб этадиган глобал марказга айланишни мақсад қилган, – деб ёзади муаллиф. – 2018 йил Рамазон ҳайити куни иншоот пойдеворига тамал тоши қўйилган. Ҳазрати Имом тарихий мажмуаси ҳудудида жойлашган марказнинг маҳобати ҳар қандай кишини ўзига ром қилади...
Анъанавий ўзбек меъморчилиги ва замонавий технологияни мужассам этган марказ уч қаватли кенг бинодан иборат, баланд гумбазли ислом дизайни улуғворлигини акс эттиради.
Марказнинг мақсади мусулмон олимлари меҳнатини ҳужжатлаштириш, UNESCO ва ISESCO каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бағрикенгликка асосланган қадриятларни тарғиб қилишдир.
Марказ асрлар давомида ислом цивилизацияси ривожини ўрганувчи бир неча асосий бўлимни ўз ичига олган. Иккинчи қаватда ноёб экспонатларга бой кенг музей, каттагина мажлислар зали, учинчи қаватда минглаб қўлёзмалар, улкан кутубхона бор.
Илмий муассасалар билан ҳамкорликда, бутун дунё тадқиқотчилари иштирокида кўплаб лойиҳалар амалга ошириладиган ушбу марказ илмий ва маданий алмашинув майдонига айланиши кутилмоқда.
М.Пирматова, ЎзА
Савол: Мўмиё ҳалолми? Уни истеъмол қилса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, мўмиё ҳалол ва уни истеъмол қилиш жоиз. Мўмиё тоғ жинсидан сизиб чиқадиган қуюқ модда бўлиб, табобатда қадимдан ишлатиб келинган. Шаръий жиҳатдан эса, у тоғ жинсидан сизиб чиқадиган табиий модда ва зарарсиз эканлиги эътиборидан истеъмоли ҳалол ҳисобланади. Зеро, динимизда: “Нарсалар аслида мубоҳ (ҳалол)дир”, деган қоида бор.
Бундан маълум бўладики, барча нарсалар инсон учун яратилган бўлиб, улардан фойдаланиш ҳалол. Қатъий далил собит бўлмагунича ҳеч бир нарса ҳаром бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром, сукут қилган нарса афв (этилган)дир. Аллоҳдан офиятни сўранглар, чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни Аллоҳ таоло баъзи нарсалар борасида ҳалол ёки ҳаром, деган ҳукмни баён қилмаган. Шунинг учун ҳам улар мубоҳлик ҳукмида қолаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.