– Йирик анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлганимда юртингизда маънавий-маърифий, диний жабҳада жуда катта янгиланишлар, ижобий ўзгаришлар юз берганига, йирик таълим, илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилганига гувоҳ бўлдим. Шундай йирик лойиҳалардан бири – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилаётгани. Ушбу мажмуа экспозицияси ислом илми ва гуманитар фанларга оид кўплаб ноёб материаллар билан бойитилмоқда. Айниқса заминингиздан етишиб чиққан буюк олимларнинг бой мероси, улар ҳақидаги муҳим маълумотлар баркамол авлод тарбиясида жуда муҳим аҳамият касб этади. “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро конгресси ҳам ўзбек халқи бой меросига қайта мурожаат қилиш, жараённинг беқиёс аҳамиятини таъкидлашга ишорадир. Қадим мерос, илмий билимлар, хусусан когнитив, табиий ва экспериментал фанлар ривожини Ибн Сино, Ал-Фаробий, Абу Райҳон Беруний каби олимларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ислом илми, масалан фиқҳ ва ҳадис ҳақида гапирганда эса Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Аз-Замахшарий, Аш-Шоший каби аждодларингизни алоҳида санаб ўтиш жоиз. Бу номлар дунёда ва ислом оламида беқиёс мавқега эга.
Биз ҳам келажакда Ўмон – Ўзбекистон ҳамкорлигини янада жадаллаштириш учун бор имкониятни сафарбар этамиз. Хусусан, Султон Қобус университети Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан талабалар алмашинуви, ўзаро ташриф, форум, конференция, семинар ва илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорлик қилишга тайёр.
Тарихга назар ташласак, марҳум Султон Қобус бин Саид Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг ҳозирги биносини қуришда фаоллик кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Бу Ҳазрати олийларининг дин, фиқҳ, тарих, астрономия, математика каби фанларга меҳри, шу юртдан етишиб чиққан олимларга ҳурмат-эътибори рамзи эди. Қолаверса, лойиҳа давлатларимиз ўртасидаги мавжуд маданий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшган. 2018 йил март ойида институт янги биносининг очилиш маросимида иштирок этган Ўмон делегациясига Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид раҳбарлик қилган. Тадбирда ҳукумат, UNESCО ташкилоти ва араб давлатлари элчихоналари вакиллари, мамлакатдаги ихтисослашган олий ўқув юртлари, архив ва илмий муассасалар масъуллари иштирок этгани хорижий матбуотда ҳам кенг ёритилган эди.
Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўмон ҳар доим ўзбек халқининг бой тарихи ва буюк меросини эътироф этади, бундай эзгу ишларни тарғиб этишда Ўзбекистонни фаол қўллаб-қувватлайди.
Муҳаррама Пирматова, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Роббига осийлик қилаётган бир жамоани кўрдилар ва уларга қарата бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг наздида хор бўлишди ва У Зотга осий бўлишди. Борди-ю, улар Аллоҳ учун қадрли бўлганларида, Аллоҳ уларни гуноҳдан сақлаган бўлур эди”.
Демак, Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўрса, уни гуноҳлардан сақлаб қўяр экан. Бирортамиз гуноҳ қилиб, Аллоҳни унутиб, Роббининг наздида ҳақир банда бўлишни истаймизми?! Албатта, йўқ!
Нафсингиз сизни гуноҳга чорлаган пайтда қилаётган ишингизнинг оқибати ҳақида ўйланг ҳамда Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини ҳис этинг. Ўзингизга ўзингиз шу саволни беринг: “Сени ҳурматлаб эъзозловчи бирор ким шу ҳолингда кўриб қолса, ундан уялган бўлармидинг?! Қандай қилиб Роббинг бўлмиш Аллоҳ таолодан уялмайсан?!”.
Нафсингизга: “Сен эртага бошингга бу гуноҳларнинг балоси уриши ва шарманда бўлишдан омондамисан?” денг. Бир нарсани ёдингиздан чиқармангки, сиз қандай гуноҳ қилишингиздан қатъи назар, Аллоҳнинг ато этган неъматларидан фойдаланган ҳолингизда гуноҳга қўл урган бўласиз. Аллоҳ таоло сизга берган, сиз у билан ҳаромга назар ташлаётган кўзингизнинг ўзи қанча неъмат?! Ҳаромга чўзаётган қўлингизнинг ўзи аслида қанча неъмат?! Қанчадан-қанча талаффузи ҳалол бўлмаган нарсаларни тилингизда айлантирасиз. Ато этилган неъматлар ила гуноҳ қилишингиз неъмат ато этгувчи Зотга нисбатан миннатдорчиликми, шукрми?!
Зимистон тунда тош остидаги чумолини кўра олган Зот сизни ҳам кўриб турибди, буни ёдингиздан чиқарманг!
Ҳикоят. Бир куни бир эркакка бегона аёл билан бирга хилватда қолишни шайтон зийнатли қилиб кўрсатибди. Аёлнинг ёнига кирганида кўзлари олайганича унга қараб: “Бизни ҳеч ким кўрмаяптими?” – дебди. Аёл: “Йўқ, Аллоҳдан бошқаси кўрмаяпти”, дебди. Шу пайт эркакнинг кўзлари ёшланиб: “Худо ҳаққи, кўраётганлар ичида Роббим буюкдир! Мабодо мени бирор кичикроқ бола кўриб турган бўлса-да, унинг олдида бунақанги иш қилишга журъатим етмайди-ю, қандай қилиб оламлар Рабби бўлган Зот кўриб турган бўлса, мен бу каби гуноҳ ишни қила оламан?!” – дебди ва аёлнинг уйидан чиқгани ҳолда Аллоҳ таолонинг: «(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур»[1], деган каломини эслабди.
Шоир айтади:
Хилват бир гўшада қолсанг-да юз йил,
Ҳолинг кўриб турган Худо бор, билгил.
Ошкору яширин – баридан воқиф,
Аллоҳ ҳеч ишингдан эмасдир ғофил.
Гуноҳкорга қилаётган иши қанчалик кичик, арзимасдек кўринса-да, Аллоҳнинг наздида қилган гуноҳи катталашиб бораверади.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Банданинг гуноҳни кичик деб ҳисоблаши – бу унинг Аллоҳга бўлган журъатидан. Боиси, банда маъсиятни кичик деб ҳисобласа, гуноҳга беписанд қарайди, қалбида уни енгил қабул қилади ва гуноҳларининг кўпайишидан парвоси фалак ҳам бўлмайди”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам бу борада шундай дейдилар: “Мусулмон одам бир тоғнинг остида турибман-у, мана шу тоғ бошимга қулаб кетай деяпти, дея гуноҳларини тасаввур қилган одамдир. Фожир эса гуноҳларни бурнига қўниб, кейин тезда учиб кетган пашша дея ҳисоблайди”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ғофир сураси, 19-оят.