Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Апрел, 2025   |   25 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:32
Пешин
12:26
Аср
17:11
Шом
19:15
Хуфтон
20:35
Bismillah
23 Апрел, 2025, 25 Шаввол, 1446

Улар 6 нарсадан маҳрум бўлмайдилар

08.04.2025   3879   3 min.
Улар 6 нарсадан маҳрум бўлмайдилар

Сиз яхши феъл-атворга эга бўлган ҳолда оилангиз, қариндош-уруғларга  силаи раҳмли, ота-онангизга ва атрофингиздагиларга яхшилик қилаётган бўлсангиз...

Тонгни Аллоҳга тасбеҳу ҳамд ила қарши олиб, Уни улуғлаганингиз ҳолда қош қорайтирсангиз...

Аллоҳ яратган нарсаларида гўзалликни кўришга иштиёқманд бўлсангиз...

Яралмишларнинг бари Аллоҳга тасбеҳ айтишини англаб етсангиз ва сиз бефойда нарсалар учун эмас, аксинча, буюк ишлар учун яратилган эканингизга инонсангиз...

Одам болаларининг хатокор эканини англаб, сизга ёмонлик қилганни афв этиш ва уларга нисбатан кенгфеъл бўлиш ҳаракатида бўлсангиз...

Агарда сиз манманлик, мансабпарастлик ва адоватдан нажотга эришган бўлсангиз ва айтиб ўтилмаган ўнлаб ижобий хис­латлар сизда топилса, демак, сиз Аллоҳнинг ҳикматини тушуниб етишга, У Зотга яқинлашишга, Уни яхши кўриб, Унга шукр қилишга қодир кишига айланибсиз.

Аллоҳ сизни бошқалардан афзал ва мукаррам қилган, мақсадларингизга эриштирган. Шу тариқа сиз инсон Аллоҳнинг ердаги халифаси эканлигини тушуниб етасиз ва Аллоҳнинг мухлис бандалари қаторидан ўрин олишга тайёр бўлиб борасиз.

Ҳакимлардан бири айтади: “Ким олтита нарса билан ризқланса, бошқа бир олтитадан маҳрум бўлмайди:

1. Кимга шукр қилиш насиб қилса, зиёдаликдан маҳрум бўлмайди.
Зеро, Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида: «...Қасамки, агар  (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир», дейди.


2. Кимга сабр қилиш насиб этса, савобдан маҳрум бўлмайди.
«...Албатта, сабр қилгувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур»[1].


3. Ким тавба билан ризқланса, қабулдан маҳрум бўлмайди.
Бундай дейилишига сабаб шуки, Аллоҳ таоло: «У бандаларидан тавбани қабул қиладиган...»[2], деган. 


4. Ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан бенасиб бўлмайди.
Чунки Аллоҳ таоло айтади: «...Мен дедимки: “Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта мағфиратли бўлган Зотдир”»[3].


5. Дуо ила ризқланган киши ижобатдан маҳрум қилинмайди.
Зеро, Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 60-оятида айтади: «...Менга дуо қилинг, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!..».


6. Ким эҳсон қилса, ўрни тўлдирилмай қолмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Сабаъ сурасининг 39-оятида: «...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур...», дея марҳамат қилади.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” 
номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Зумар сураси, 10-оят.
[2]  Шууро сураси, 25-оят.
[3]  Нуҳ сураси, 10-оят.

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Усмон Мусҳафи тарихи ҳақида китоб тайёрланади

23.04.2025   712   1 min.
Усмон Мусҳафи тарихи ҳақида китоб тайёрланади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида буюк тарихий ва маданий меросларимизни ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланмоқда. Дунёда энг қадимги нусхаларидан бири ҳисобланган Усмон Мусҳафи тарихи ҳақида илк бор илмий-оммабоп китоб тайёрланмоқда.

Мазкур китобда Қуръони Каримнинг энг қадимий нусхаларидан бири саналмиш, 7 асрда кўчирилган ва ҳозирги кунда Ўзбекистонда сақланаётган Усмон Мусҳафининг келиб чиқиши, тарихий йўли, палеографик хусусиятлари, диний ва маданий аҳамияти кенг ёритилади. Китоб нашр этилгач Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси таркибига киритилади ва ташриф буюрувчиларга ушбу ноёб Қуръон қўлёзмаси ҳақида батафсил маълумот бериш имконини яратади.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистон ҳудудида сақланаётган бу нодир тарихий манба орқали ислом илм-фанининг юксак савиясини, мусулмон дунёсининг илк даврлардаги ёзув маданияти ва Қуръонни кўчириш анъаналарини кенг жамоатчиликка танитишдан иборат.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази