Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ливиялик машҳур зот Умар Мухтор раҳимаҳуллоҳ аёли вафот топганида йиғлади. Унинг ёнидагилар:
— Сиздек инсоннинг йиғлаганини кўрмаган эдик, нима сабабдан йиғладингиз? - дейишди. Шунда Умар Мухтор жавоб берди:
— Италия босқинчилари билан жанглардан қайтганимда чодирга кирар эканман, аёлим ҳар сафар чодирнинг парда-эшигини кўтариб турар «Нега бундай қиласан?», десам, «Аллоҳдан бошқанинг ҳузурида бошингизни доимо тик тутишингизни хоҳлайман», дерди. Шуни эслаб кўзимга ёш келди.
Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими