Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ливиялик машҳур зот Умар Мухтор раҳимаҳуллоҳ аёли вафот топганида йиғлади. Унинг ёнидагилар:
— Сиздек инсоннинг йиғлаганини кўрмаган эдик, нима сабабдан йиғладингиз? - дейишди. Шунда Умар Мухтор жавоб берди:
— Италия босқинчилари билан жанглардан қайтганимда чодирга кирар эканман, аёлим ҳар сафар чодирнинг парда-эшигини кўтариб турар «Нега бундай қиласан?», десам, «Аллоҳдан бошқанинг ҳузурида бошингизни доимо тик тутишингизни хоҳлайман», дерди. Шуни эслаб кўзимга ёш келди.
Қиёмат куни икки кишига Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қарамайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни икки кишига раҳмат назари билан қарамайди. Улардан бири қариндош-уруғи билан алоқаларини узган киши бўлса, иккинчиси ёмон қўшнидир”.
Шундай экан, ким Аллоҳнинг назаридан умидвор бўлса, силаи-раҳмни узмаслиги, қўни-қўшнилар билан яхши қўшничилик қилиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳматига сазавор айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими