Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Июн, 2025   |   2 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
27 Июн, 2025, 2 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Буюк аждодларимизни ўз номи билан аташ лозим

09.04.2025   5167   20 min.
Буюк аждодларимизни ўз номи билан аташ лозим

9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун
 

Кейинги йилларда бой ва улуғвор маданий меросимизни асраб-авайлаш, ўрганиш ва уни оммалаштириш борасидаги ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 


2017 йилнинг 23 июнь куни Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилиниши бу масалада қўйилган энг улуғ қадамлардан бири бўлди. 

Марказ тарихидаги унутилмас воқеа

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 29 январь куни ушбу Марказда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташриф марказимиз ходимлари учун ўзига хос, унутилмас воқеа бўлди. Қурилиш ишлари ва экспозиция билан танишиш жараёнида давлатимиз раҳбари марказ фаолиятини ташкил этиш, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди. 


Президент Марказнинг асосий кириш фойесидан ўрин оладиган буюк алломаларимиз, тарихий шахслар қиёфалари акс этган маҳобатли рангтасвир асарлари билан ҳам танишди. Уларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди. Яқин вақт ичида Марказ олимлари томонидан аниқланган тарихий экспонатлар, хорижий музей ва кутубхоналардан келтирилган факсимиле нусхалар, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида нашр қилинаётган лойиҳалар намойиш қилинди. 

Давлат раҳбарининг “Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, Ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди” деган фикрлари ҳам айни пайтда бу ерда олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳиятини белгилайди. 


Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази контентини яратишда “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” тамойилига изчил амал қилинмоқда. Марказнинг дунёдаги шу йўналишда фаолият олиб бораётган муассасалар, музей ёки кутубхоналардан фарқи ҳам асосий эътибор турли даврларда юртимизда юзага келган цивилизациялар, шу даврларда яшаб ўтган шахслар ва уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини акс эттиришдан иборат.


Амир Темур – миллат ифтихори

Марказ экспозициясида Соҳибқирон Амир Темур асос солган салтанат ва темурийлар ренессанси давридаги йирик ўзгаришлар, маданий муҳит, шу даврда яшаган алломалар ҳаёти ва ижоди алоҳида ўрин тутади. 


Амир Темур ва унинг ворислари ҳукмдорлиги даврида юзага келган йирик шаҳарлар, илм-фан, маданият ривожи, меъморий ёдгорликлар, санъат ва адабиёт дурдоналари бугун дунё илмий жамоатчилиги эътиборида турибди. Марказ экспозициясида Амир Темур сиймоси нафақат буюк саркарда ва давлат арбоби, балки Шарқдаги Иккинчи ренессанс асосчиси, илм-фан, маърифат ва маданият ҳомийси, цивилизация тарафдори сифатда намоён бўлади. 


Бироқ, бугун дунёнинг турли қутбларида бу улуғ ҳукмдор ва унинг авлодлари ҳақида турли хил, бир-бирига зид қарашлар борки, уларнинг муносиб ворислари сифатида бундай ноўрин ёндашувларга барҳам беришимиз керак бўлади. 


Халқаро миқёсда ҳали-ҳануз ўз ечимини топмаган масалалардан бири бу темурийлар ва бобурийлар яхлит бир сулола эканини кенг жамоатчиликка англатиш, хусусан, Ғарб тарихчилари ҳам фойдаланиб келаётган “Буюк мўғуллар” атамасига муносиб баҳо беришдан иборат.

Бобурийлар ким эди?

Тарихдан яхши маълумки, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги юришларда муваффақиятсизликка учраган Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1525 йилда Ҳиндистонга юриш қилади. Шу тахлит Ҳиндистоннинг катта қисмида янги сулола – Бобурийлар ҳукмронлиги ўрнатилади. 


Бу сулола мамлакатни то инглизлар босқинига қадар – 1858 йилгача бошқарган. Бобурийлар маҳаллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилиш баробарида Ҳиндистонга янги маданиятни олиб киришди. Бобурийлар даври тасвирий санъатида маҳаллий ва темурийлар анъаналарининг уйғунлиги кўзга ташланади. Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Шоҳжаҳон, Аврангзеб сингари ҳукмдорлар мамлакатда илм-фан, санъат ва маданият ривожига катта ҳисса қўшишган. 


Бобурийлар сулоласи даврида илм-фанга катта эътибор қаратилган. Уларнинг даврида таълим муассасалари барпо этилган, турли фанларнинг ривожи учун шароитлар яратилган. Бобурийлар даврида Ҳиндистонда жуда кўп машҳур бино ва иншоотлар қурилган.


Жумладан, Тожмаҳал Шарқ меъморчилигининг энг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган Қизил қалъа сулоланинг куч-қудратини намойиш қилувчи рамзий бино сифатида танилган.

Бобурийлар даврида ўнлаб илмий, фалсафий ва адабий асарлар яратилди, илмий-ижодий ишлар қўллаб-қувватланди. Мусаввирлик, ҳайкалтарошлик юқори даражага кўтарилган. 

Аждодлар хотирасига садоқат

Бобурийлар ҳар доим ўз анъаналарига, маданий меросга, она тилларига содиқ қолишган. Манбаларга кўра, бобурий ҳукмдорлар ҳар доим энг ишончли мулозимлар ва оила аъзолари даврасида йиғилишларни туркий тилда олиб боришган. 


Бобурийлар даврида ҳинд, форс тиллари билан бирга туркий тил ва адабиёт ҳам жадал ривожланган. Бобур, Ҳумоюн, Комрон сингари сулола вакиллари туркий тилда девонлар яратишган, қатор асарлар битишган. 


Шоҳжаҳон саройида туркий мушоиралар ўтказилган, уларда Мовароуннаҳр ва Хуросондан машҳур шоирлар таклиф этилган. Туркий тилдаги асарлар форс ва ҳинд тилларига таржима қилинган. Аврангзеб ўз даврида кўчирилган туркий тилдаги “Бобурнома” қўлёзмасини шахсан ўз қўли билан таҳрир қилган. Улар ўз саройларига Мовароуннаҳр ва Хуросондан олимлар, шоирлар, хаттот ва мусаввирларни чорлашган. 


Бобурий ҳукмдорлар бир қатор хорижий давлатлар, ҳатто Россия билан ҳам ёзишмаларни она тиллари – туркий тилда олиб боришган. 


Амир Темур давлатчилигининг ўзига хос қомуси ҳисобланган “Темур тузуклари” асари ҳам айнан бобурийлар даврида топилган ва туркий тилдан форсийга ўгирилиб, қайта-қайта кўчирилган. 


Бу даврда кўплаб Шарқ адабиёти дурдоналари китобат қилинган. Алишер Навоийнинг қатор асарлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си форс ва ҳинд тилларига таржима қилинган. Жуда кўп темурий ҳукмдорлар, илм-фан ва маданият намояндаларининг миниатюралари ишланган. 


Ҳинд миниатюра мактаби намуналари орасида тахтдаги бобурий ҳукмдорларни Амир Темур ва Бобур билан бир даврада тасвирланган суратлари кўп учрайди. Бу албатта бобурийлар салтанати вакилларининг ўз насл-насабига бўлган юксак эътиборини кўрсатади. Амир Темур ва Бобурнинг бизгача етиб келган кўпгина тасвирлари ҳам ҳинд рассомлари ижодига мансуб. 


Бундай суратлардан яна бири ҳиндистонлик мусаввир Муҳаммад Афзал Абу Фақируллоҳхон ижодига мансуб бўлиб, у айни дамда Рампур Раза кутубхонасида сақланади. 1712-1713 йиллар орасида чизилган бу суратда сулоланинг асосчиси Амир Темур ўзининг 12 нафар авлоди қуршовида тасвирланган. 


Суратда Соҳибқироннинг чап томонида Мироншоҳ, Абу Саид мирзо, Бобур, Акбар, Шоҳжаҳон, Баҳодиршоҳ, ўнг томонда эса, Муҳаммад Султон, Умаршайх мирзо, Ҳумоюн, Жаҳонгир, Оламгир, Жаҳондоршоҳни кўриш мумкин. Демак, Бобур ҳам, унинг авлодлари ҳам доим туркий илдизлари, Амир Темур авлоди эканлиги билан фахрланишган. 


Цезарь юртини забт этган Бобур

Жорий йилнинг 12-15 февраль кунлари Ислом цивилизацияси маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Италияда хизмат сафарида бўлди. 


Европада буюк темурийзода ҳукмдор, Ҳиндистондаги Бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига қизиқиш ҳам анча олдин бошланган. Маълумки, Бобур Мирзо ҳассос шоир, қомусий олим, атоқли давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида такрорланмас ва бой ижодий-илмий мерос қолдирган.


XVIII аср бошларидаёқ “Бобурнома” Европа тилларига таржима қилина бошлаган. Яқинда Италиянинг “Sandro Teti Editore” нашриёт уйи “Бобурнома”ни итальян тилида чоп этди. Асарни атоқли итальян олими, турколог Федерико Пасторе таржима қилган.


“Бобурнома” асарининг итальян тилидаги нашри тақдимотига бағишланган тадбирлар Флоренция, Рим сингари шаҳарларда ўтказилди. Ушбу тадбирларда “Бобурнома”нинг нашр этилиши икки давлат ўртасидаги адабий ва маърифий алоқаларда муносиб ўрин тутиши таъкидланди. 


Сўз навбати менга берилганда, ушбу нашрнинг икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларда тутган ўрни ҳақида сўз юритарканман, юқорида тилга олинган масалага алоҳида тўхталишга тўғри келди. 


Албатта, европалик олимлар ва тадқиқотчиларнинг Ўзбекистон тарихи ва маданиятига, темурийлар ва бобурийлар меросига ҳурмати ва эътибори бизни қувонтиради. Аммо, афсуски, Европада бир неча асрдан бери бобурийларга нисбатан қўлланиб келаётган “Буюк мўғуллар” атамасини “Буюк темурийлар” билан алмаштирадиган вақт етиб келди. 


“Мен бу фикрни ҳар томонлама қўллаб қувватлайман, – деди тадбирда иштирок этган профессор Франко Кардини. – Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг кундалиги Амир Темур ва темурийларнинг келиб чиқиши, жаҳон тамаддунидаги ўрни ҳақида ҳаққоний тушунча ҳосил қилишимизга асос бўлади. Амир Темур туфайли Европа халқлари ярим аср давомида усмонийлар қарамлигидан халос бўлди. Бу эса Европадаги Уйғониш даврига катта туртки берди. Амир Темур авлодидан бўлган Бобур ва унинг Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган авлодларини “Буюк темурийлар” номи билан аташ тарихий ҳақиқатнинг тикланиши бўлур эди”. 


Бу биринчиси эмас...


Бу масалага олдин ҳам бир неча турли хорижий сафарлар пайтида тўхталган эдим. Бундан икки ойча илгари Ўзбекистон маданий меросига бағишланган медиа-ивент ўтказиш мақсадида Буюк Британияга борганимизда ҳам шундай ҳолнинг гувоҳи бўлдик. Сафар давомида Лондонда Виктория ва Альберт музейидаги нодир экспонатлар билан танишдик. 


Ўша кунларда музейда “Бобурийлар даври санъати” мавзусида кўргазма бўлиб ўтаётганди. Кўргазмада Бобур ва унинг авлодлари, Акбар, Жаҳонгир Мирзо, Шоҳжаҳон, Аврангзеб сингари ҳукмдорлар даврига оид нодир экспонатлар намойишга қўйилган. Улар орасида “Бобурнома”, “Акбарнома” сингари тарихий асарлар, махсус мураққаъ альбомлар, улардан ўрин олган миниатюраларнинг асл нусхалари борлиги диққатга сазовор. Шунингдек, кўргазмада бобурийлар даврида ишлатилган жанг қуроллари, заргарлик буюмлари, шоҳона ҳадялар, тарихий ҳужжатлар, халқ амалий санъатининг бетакрор намуналарини кўриш мумкин.


Кўргазма юқори савияда ташкил қилинган. Томошабинларнинг ҳам қадами узилмаяпти. Фақат биргина нарса дилни хира қиларди – кўргазманинг номи! “Буюк мўғуллар санъати”!


Биз албатта кўргазма ташкилотчилари билан учрашиб, бу атаманинг хато эканлиги, бобурийларнинг бугунги мўғуллар ва Мўғулистонга алоқаси йўқлигини тушунтирдик. Улар бу масалани ҳар жиҳатдан ўрганиб чиқишга ваъда беришди. 


Шу ҳақда тадбирларимизда иштирок этиш учун атайин Париждан келган машҳур олим, Темурийлар ассоциацияси президенти Фредерик Брессанга айтгандим, бу фикрни тўла-тўкис қўллаб-қувватлади. 


“Мен темурийларга оид тарихий манбалар, европалик олимларнинг кўплаб тадқиқотлари билан танишман, – деган эди Брессан хоним. – Бобурийлар аслида расман темурийлар сулоласининг давомчилари бўлса-да, уларнинг ҳукмронлиги дунё тарихчилари томонидан алоҳида давр сифатида ўрганилади. Нима сабабдан бу сулоланинг “Буюк мўғуллар” деб номланишини очиғи мен ҳам тушунолмайман”.


Брессан хоним билан жорий йилда Парижда темурийлар меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказиш, у ерда жаҳон илмий ҳамжамиятига ана шу номни етказиш бўйича гаплашиб олдик. 

Тарихий ҳақиқат қарор топса...

350 йил ҳукмронлик қилган Бобурийлар салтанати тарихи дунё олимлари томонидан юз йиллардан бери тадқиқ этиб келинади. Аммо, Ғарб илмий ҳамжамияти бу сулолага нисбатан “ғалати машҳур” сифатида қўллаб келаётган “Буюк мўғуллар” атамаси қанчалик тўғри?


Тўғри, бу атамани ҳақиқатдан мутлақо йироқ деб бўлмайди. Чунки генетик жиҳатидан турк ва мўғул халқларининг илдизлари минг йиллар оша ягона нуқтада туташади. Аммо, асрлар давомида бу икки халқ фарқли маданият, эътиқод ва қарашлар таъсирида алоҳида ривожланиш босқичларини босиб ўтган. 


Мирзо Улуғбекнинг маълумотига кўра, Чингизхон мўғул тилидан бошқа тилни билмасди. Эронда ҳукмронлик қилган Элхонийлар давлатида ҳам кўпгина расмий ҳужжатларни туркий эмас, мўғул тилида юритишган. Чингизхон босқинидан сўнг унинг авлодлари ислом дини ва туркий маданиятни қабул қилишган. Юз йиллар ичида маҳаллий муҳит таъсирида Марказий Осиё ва Олтин Ўрдада ҳукмронлик қилган чингизий ҳукмдорлар тўлиқ туркийлашиб кетишган.


Бобур ота томонидан темурийлар, она томонидан туркийлашган чингизийлар авлодидан эди. Бобур ўз асарларида ҳеч қачон ўзини мўғул деб атамаган. Фақатгина, Бобурнинг чингизийларга она тарафдан қариндошлиги, шу билан бирга Бобур қўшинлари сафида мўғул аскарлари ва амирлари кўплиги сабаб Ҳиндистонда маҳаллий аҳоли томонидан ҳарбий ва мусулмон элитага нисбатан “муғал” (монгол ёки мўғул эмас) атамаси қўлланган. Кейинчалик европалик олимлар ана шу хато нуқтаи назар сабабли бу салтанатга нисбатан “Буюк мўғуллар империяси” ифодасини қўллай бошлашган. 


Ҳолбуки, Бобур ҳам, унинг авлодлари ҳам мўғул тилида гапиришмаган. Уларнинг ҳукмронлиги даврида давлат тили туркий (эски ўзбек) ва форс тиллари эди. 


Бобур ўзини ҳамиша турк (туркий) эканлиги билан фахрланган. Жумладан 1525 йил Ҳиндистондаги Биёна вилояти амири Низомхонга битган мана бу форсий шеъри ҳам унинг қанчалик қатъият ва иқтидор эгаси эканини кўрсатади:


Бо турк ситеза макун эй мири Биёна,

Чолокию мардонагии турк аён аст,

Гар зуд наоию насиҳат накуни гўш,

Онжо ки аён аст, чи ҳожат ба баён аст.


(Эй Биёнанинг амири, сен турк билан ўйнашма, унинг куч-қудрати ва мардлиги ҳаммага маълум. Агар тезда келиб насиҳатимизни қулоғингга илмасанг, ҳаммага аён бўлган нарсани сенга баён қилиб ўтирмаймиз).

Жаҳон олимлари нима дейди?

Ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан ўтказилган “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” мавзусидаги халқаро маданий мерос ҳафталигида германиялик олим, Берлин миллий кутубхонаси масъул ходими Ойсиймо Мирсултон яна бир муҳим топилма ҳақида маълумот берди. 


Олиманинг айтишича, Берлин кутубхонасида Бобурийлар ҳукмдори Жаҳонгир (1569-1627) пайтида 1608-1618 йиллар орасида яратилган мураққаъ альбомда Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Мавлавий сингари шоирларнинг туркий шеърлари ўрин олган. Шу пайтга қадар Берлин кутубхонасида бу қўлёзмани тадқиқ этган немис тадқиқотчилар араб алифбосидаги ушбу байтларнинг ўзбек тилида эканини билмаганлар ва уни ҳиндий (урду) тилидаги парчалар деб ҳисоблашган. 


Айни пайтда Берлин кутубхонасида бу қўлёзманинг фақат 25 та саҳифаси сақланади. Қўлёзма дастлаб 120 саҳифадан иборат бўлган ва унга 44 та миниатюра киритилган. Альбом саҳифалари ҳозирги кунда дунёнинг турли ҳудудларига тарқалиб кетган. 


Миниатюраларда Шарқ ва Ғарб тасвирий санъатига хос хусусиятлар яққол кўзга ташланади. Туркий тилдаги шеърлар жуда чиройли, настаълиқ хатида, хатосиз кўчирилган. Мураққаъда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ўнлаб шеърлари ўрин олган. 


Шу қўлёзманинг ўзи бобурийлар Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган бўлса-да, уларнинг ўз тарихи, маданияти, маънавий меросига содиқ қолгани, тили ва адабиётини унутмагани, уларнинг ривожига етарлича эътибор қаратганини кўрсатади. 


“Мен узоқ йиллардан бери бобурийлар мероси билан шуғулланиб келаман, – деган эди Покистон Ислом Республикасининг Панжоб университети профессори Рухшона Ифтихор Самарқандда 2024 йил августда ўтказилган халқаро конгресс пайтида. – Нима учун Амир Темур авлодига мансуб бўлган бобурийларни биз мўғуллар деб аташимиз керак? Мўғулистон умуман бошқа ҳудудда жойлашган ва бу халқнинг тарихи, турмуш тарзи ва маданияти бобурийлардан тамоман фарқ қилади. Мен бу сулолани “Буюк темурийлар” деб аташ тарафдориман”. 

Арнольд Тойнби тан олган ҳақиқат

Британиялик машҳур тарихчи ва социолог Арнольд Тойнби “Тарихни англаш” китобида бобурийларнинг жаҳон давлатчилигида тутган ўрнига алоҳида тўхталади. Бобурийлар даврида ҳинд заминида универсал давлат барпо этилганидан кейин ушбу чегаралар мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлайди. “Улар тараққиёт бобида энг чўққига чиққан даврларда Амударё ҳавзасидаги ўзлари келиб чиққан ўзбек давлатларининг бир қисмини ўз мулкларига қўшиб олган эдилар”, дейди Тойнби ўз асарида. 


Ушбу китобдан олинган мана бу парчалар ҳам мавзуга янада ойдинлик киритади:


“...Албатта Деҳли уларнинг ҳам биринчи пойтахти эмасди. Лекин бобурийларнинг биринчи пойтахти Агра шаҳри ҳам мамлакат марказида жойлашганди”.


“...Британия империяси маъмурлари ҳам ўз навбатида бобурийлар йўлини тутишди. Бундан ташқари ҳинд савдогарларига мамлакат иқтисодий ҳаётида иштирок этиш учун имконият яратишди”. 


Эътибор қиляпсизми, Тойнби бу сулолага нисбатан “Буюк мўғуллар” эмас, асосан “бобурийлар” атамасини қўллаган ва уларни ўзбек ҳукмдорлари сифатида эътироф этган. Бундай фикрларни америкалик тарихчи олим Фредерик Старр “Марказий Осиёнинг кашф этилиши”, “Йўқолган тамаддун изидан” сингари асарларида ҳам билдириб ўтади. 

Хулоса ўрнида...

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда асос солган давлатни “Буюк мўғуллар” деб аташ тарихий ҳақиқатнинг бузилишидан бошқа нарса эмас. Ҳатто уларга нисбатан ишлатиладиган “Бобурийлар” атамаси ҳам асл ҳақиқатни тўла очиб беролмайди. Зотан, Ҳиндистон уч ярим аср ҳукм сурган бу хонадон сулоланинг асосчиси сифатида Бобурни эмас, Амир Темурни кўришган. 


Дунё тарихда бир қатор ҳукмдорларга нисбатан Буюк атамаси қўлланилган. Буюк Кир, Буюк Искандар, Буюк Карл, Буюк Пётр... Улар қаторида Буюк Амир Темур атамасини кенг истилоҳда жорий этиш, унинг авлодларини “Буюк темурийлар” деб аташни жаҳон илмий ҳамжамияти орасида тарғиб этиш вақти келди. 


Зотан ҳурматли Президентимиз таъбири билан айтганда “Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир”. Тарихий ҳақиқатни тиклаш, буюк аждодларимиз номи ва шахсиятига муносиб эҳтиром кўрсатиш, уларни ўз номи билан номлаш ҳам бизнинг ворислик бурчимиз саналади. 


Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори.

ЎзА

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

«Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолса...

23.06.2025   6682   5 min.
«Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолса...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَإِنْ نَسِيَ أَنْ يَذْكُرَ اسْمَ اللهِ فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).


Баъзан таом тановул қилиш пайтида инсон шошилиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолади. Бир оз еганидан кейин «Бисмиллаҳ»ни айтмагани эсига тушиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларига биноан, ана шундай вақтда «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» демоғи лозим.

Бу жумланинг маъноси «аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ» дегани бўлиб, таомнинг баракасини қайтаради ва унга шайтон шерик бўлишини қирқади.

وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ فِي سِتَّةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ فَجَاءَ أَعْرَابِيٌّ فَأَكَلَهُ بِلُقْمَتَيْنِ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَمَا إِنَّهُ لَوْ سَمَّى كَفَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки луқмада (ҳаммасини) еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган).

Бу ҳадиси шарифда ҳар бир одам таомни «Бисмиллаҳ»ни айтиб еса, у баракали бўлишига далолат бор.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг олти саҳобалари албатта «Бисмиллаҳ»ни айтиб, сўнг таом ейишни бошлаганлар. Аммо ҳалиги аъробийнинг «Бисмиллаҳ»ни айтмай таом егани баракани қочирди.

وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا وَرَجُلٌ يَأْكُلُ فَلَمْ يُسَمِّ حَتَّى لَمْ يَبْقَ مِنْ طَعَامِهِ إِلَّا لُقْمَةٌ، فَلَمَّا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: مَا زَالَ الشَّيْطَانُ يَأْكُلُ مَعَهُ، فَلَمَّا ذَكَرَ اسْمَ اللهِ اسْتَقَاءَ مَا فِي بَطْنِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши таом ер эди. У тасмия айтмади. Фақат бир луқма таом қолгандагина «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва:

«Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганида қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).

Бу ҳам барчамиз учун дарс. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бор жойдаги ҳар бир ўтириш, ҳаракат ва сакинат ҳамманинг диққат эътиборида бўлиши маълум.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойда бир одам «Бисмиллаҳ»ни айтмай, таом тановул қила бошлади. Ҳамма дамини ичига ютиб, нима бўлар экан, деб кутиб турди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса индамас эдилар. Ҳалиги киши эса таом ейишда давом этар эди. Энди нима бўлади? Атиги бир луқма таом қолганда бирдан эсига тушиб қолиб:

«Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди».


Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва: «Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганда қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар».

Демак, таомни «Бисмиллаҳ»ни айтмай еган одам билан бирга шайтон ҳам унинг таомидан қўшилишиб еб турар экан.

Бу эса ҳам гуноҳ, ҳам таомнинг баракасини қочиришдир. Шунинг учун бу масалага жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Мабодо аввалида айтиш эсдан чиқиб қолган бўлса ҳам, эслаган заҳоти айтиш лозим.

Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, сўнг таом ейишни бошлаш исломий овқатланиш маданиятининг бошида туради.

Албатта, таом Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим бўлган банда учун неъматга эришган пайтда неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи Зотни эсидан чиқарган одам хато қилган бўлади. Агар ўзи эслаб, хатосини тўғриласа, яхши. Агар унинг эсига тушмаса, атрофдагилар унга эслатиб қўйишлари лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жузидан