“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда. Шу чоққача бўлиб ўтган 81 минг 116 та тадбирда 494 327 нафар юртдошимиз қамраб олинди.
Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри ва шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди.
Диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар иштирок этаётган тадбирлар натижасида низоли оилалар яраштирилмоқда, ёт унсурлар таъсирига тушиб қолганлар тўғри йўлга қайтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Бу ўзгаришлар замирида заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, шахслар, илм-фанга улкан ҳисса қўшган машҳур аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш ишлари мужассам.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган "Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман фикримизни тасдиқлайди. Ушбу нуфузли анжуманда "Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни", "Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини", "XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти" каби шўбаларда муҳокамалар бўлиб ўтди. Муфтийлар, илм-фан арбоблари ва илмий тадқиқотчилар ўз маърузаларида буюк бобомизнинг илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг моҳияти каби муҳим масалаларда сўз юритди.
Тадбирда Миср, Туркия, Малайзия, Индонезия, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 дан ортиқ давлатдан 70 дан зиёд муфтий, нуфузли исломшунос олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, мотуридийшунос тадқиқотчилар, тарихшунослар ва диний-маърифий соҳа вакиллари қатнашди.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 1 май, 88-сон