Учрашувда марказ биносидаги 14 та равоқдан охирги иккитаси учун мўлжалланган асарларнинг тайёрланиш жараёни муҳокама қилинди.
— Бу икки равоқ жуда ажойиб ва муҳташам яратилиши керак. Биз бугун муҳокама қилган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври равоқлари гўзал ишланган, минг йиллик тарих ва маданиятимиз, алломаларимиз қиёфаси гавдаланган. Бугун шу равоқларнинг иккитаси ҳақида гаплашдик. Демоқчи бўлганим, 14 та равоқнинг барчаси бир-бирини тўлдириб бориши ва бир бутун композиция яралиши керак — деди, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан Қуръони Карим залидан ўрин оладиган саккизта гилам масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қуръон залига қўйиладиган гиламларни Қуръон оятларининг кетма-кетлиги бўйича жойлаштириш учун ўз маслаҳатларини беришди ва уларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталишди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 январь куни ушбу марказга қилган ташрифи жараёнида билдирилган фикрлар, мулоҳазалар ва тавсиялари асосида охирги учта равоқ учун мўлжалланган ранг-тасвир асарларнинг мавзулари қайта кўриб чиқилган эди.
Мазкур асарларни яратиш учун махсус рассомлар гуруҳи ташкил этилган бўлиб, унга Ўзбекистон халқ рассоми, давлат мукофоти совриндори, академик Алишер Алиқулов раҳбарлик қилади.
Ишнинг машаққатли томонларидан бири шундаки, тарихий шахсларнинг қиёфасини яратишда илмий ва ижодий ёндашув талаб қилинади. Нафақат ташқи қиёфани шакллантириш балки ўша давр нафасини бериб турадиган санъат асари яратиш лозимлиги таъкидланди.
Cisc.uz
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Сергели туман ҳокимлиги ҳамда Маърифий тарғибот маркази ҳамкорлигида Сергели туманидаги 104-мактабда "Хўжа Аламбардор" жоме масжиди имом-хатиби Устоз Раҳимберди домла Раҳмонов иштирокида "Қипчоқ" ва "Саховат" МФЙда истиқомат қилувчи ота-оналар ва аҳоли вакиллари билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида жаҳолатнинг жамият ривожига етказадиган салбий оқибатлари, илм-маърифатнинг эса инсон ҳаёти ва жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ислом динининг асл инсонпарварлик тамойиллари, илм ва адолатга чақирувчи моҳияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, ота-онага ҳурмат ва уларга хизмат қилишнинг фазилати, фарзанд тарбиясидаги маърифат ва Ватанга садоқат руҳини шакллантиришнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир сўнгида аҳоли томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.
t.me/marifiymarkaz