Учрашувда масъуллар Марказ кутубхонаси фондини маҳаллий ва хорижий нашриётларда чоп этилган диний-маърифий, илмий-оммабоп, замонавий адабиётлар билан бойитиш бўйича фикр-мулоҳазаларини баён этди. Муҳокама марказига диний-маърифий йўналишдаги экспонатларнинг мазмуни, маълумотларнинг асосли эканлиги, уларни бойитиш ва такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот марказларидан мутахассисларни жалб этиш, буюк аждодларимизнинг маданий меросларини оммалаштириш мақсадида уларнинг илмий-маърифий асарларнинг қўлёзма ва нашр нусхалари қўргазмасини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий йўналишдаги ислоҳотлар ҳақида илиқ фикрлар айтилди. Ўзбекистондаги халқаро Ислом академияси ректори Марказ экспозициясини ташкил этишда самарали ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритди:
— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси бўйича олдимизга устувор вазифалар қўйилган эди. Шу топшириқлар асосида соҳалар кесимида самарали ишлар қилинмоқда. Бунда Марказ экспозициясини бойитишда замонавий ёндашган ҳолда ишлар олиб борилмоқда. Бунда нодир китоблар ва қўлёзмалар рўйхати шакллантирилмоқда. Соҳавий янгиликлар ва кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган манбаларни экспозиция учун тақдим этишни режалаштирганмиз. Умуман олганда, Марказ бунёд этилишида ҳисса қўшиш – бу катта ишонч ва масъулиятдир!
Учрашувда, шунингдек, Марказ катта илмий ходими Абдушукур Муратов лойиҳалар бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ўз маърузаси билан қатнашди, ҳамкорлар, диний-маърифий йўналишда вилоятларда фаолият юритаётган ташкилотлар ва ҳамкорлар онлайн иштирок этиб, мавзу доирасида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
cisc.uz
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов