Боғот туманида жойлашган “Мир Ҳошим бобо” жоме масжидини қайтадан қуриш учун тамал тоши қўйилган эди.
Шу йил 12 апрель куни мазкур масжиднинг янги биноси қурилишига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, тумандаги имом-хатиблар, мутасаддилар, маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар иштирок этди.
Уламоларимиз: "Бирор ҳудудда масжид барпо этилса, шу масжиднинг баракаси бутун аҳолига татийди. Шу ерга файз, унум ва барака инади", дейишган.
Аллоҳ таоло янги жоме тез орада мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилишини насиб этсин. Бу хайрли ишга ҳисса қўшаётганлардан Роббимиз рози бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.