Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу йигит ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва ота-онага муҳаббат қўйишнинг олий намунасини кўрсатган. У Исломга кирганини эълон қилиш ва мусулмон ёшлардан бири сифатида Аллоҳ йўлида курашиш истагида Расулуллоҳ билан учрашишга интиқ эди. Бир куни ушбу ниятини амалга оширишни мақсад қилди. Масжидга борди ва у ерни муҳожир ва ансорлар билан тўла эканини кўрди. Улар Ҳабиблари соллаллоҳу алайҳи васалламни тинглаётган эдилар. У бориб, сафнинг орқароғига, ёшлар ва ўсмирлар билан бирга ўтирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини якунлаб ташқарига юра бошладилар. Саҳобалар масжид ташқарисига қадар йўлларида туришди. Шу пайт Талҳа ибн Баро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашди. Сўнгра қўлларини меҳр, муҳаббат билан ўпа бошлади ва: «Мен Талҳа ибн Баро ибн Умайрман. Сизнинг ёнингизга Исломга киришга, байъат олгани келдим... Ўзингиз яхши кўрган нарсани менга амр этинг. Сизга бирон ишда итоатсизлик, осийлик қилмайман...», деярди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини ўпиб, байъат сўраётган йигитчага қарадилар ва елкасига қоқиб: «Сенга ота-онангдан алоқангни узасан деб буюрсам, бажарасанми?», деб сўрадилар.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бор отангни ўлдириб кел» дедилар. У дарҳол амалга ошириш учун юрганида, уни ортга қайтарганлар», деб келади.
Талҳа: «Йўқ», деди. Чунки унга кучли меҳр кўрсатувчи, чуқур муҳаббат билан севувчи онаси бор эди. У ота-онасига оқ бўлишни тасаввур қилолмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга юқоридаги саволни такрорладилар. Талҳа ичида рад қилди. Лекин учинчи марта савол такрорланганда, у «ҳа», деди. Чунки унинг Расулуллоҳга бўлган муҳаббати ота-онасига бўлган муҳаббатдан кўра кучли эди... Балки ушбу ҳадиси шариф шундай инсонлар ҳақидадир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Талҳа учинчи маротабасида «ҳа», деганида Расулуллоҳ табассум қилдилар ва: «Эй Талҳа, бизнинг динимизда қариндош-уруғлар билан алоқани узиш йўқдир. Мен фақатгина динингда шубҳа аралашишини истамадим», дедилар...
Лекин ўлим унга Аллоҳ йўлида жанг қилишидан аввал етди. У қаттиқ касал бўлиб қолди ва бу қиш фасли эди... У бир ҳушидан кетар, бир ўзига келарди... Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламга унинг хасталиги хабари етди. У зот келиб кўрдилар ва аҳлига қараб: «Талҳанинг жони узиладиганга ўхшайди. Агар вафот қилса менга хабар беринглар ва (дафн этишга) шошилинглар. Токи мўмин кишини (вафот этгач) аҳли олдида тутиб туриш яхши эмас», дедилар.
Ярим тунда Талҳа уйғониб кетди. Яқинларидан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдиларми?», деб сўради. Улар у зотнинг сўзларини хабарини беришди. Шунда Талҳа розияллоҳу анҳу: «Йўқ, мен ўлсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берманглар. Мен (тунда юрсалар) у зотга яҳудийлар (бирон ёмонлик қилиши)дан қўрқаман. Яна бирон зарарли ҳашарот чақиб олишидан қўрқаман... Ёки бирон мусибат етишидан қўрқаман... Лекин у зотга менинг саломимни айтинглар... Сўнгра, у зотдан мен учун истиғфор сўрашларини айтинглар», деди. Кейин эса аста-секин нафас олиб-чиқариб, хотиржамлик ва сокинлик билан икки шаҳодат калималарини такрорлай бошлади...»
Талҳа ибн Баро ҳатто ўлим соатида ҳам... Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ўйларди.. У зотга бирон зиён етишидан қўрқарди... Шу сабабдан ҳам, гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга сўнгги бор назар солишларини умид қилган бўлса-да, у зотнинг иштирокларисиз қабрга қўйилишини истади. Чунки унинг қалбидаги Пайғамбар севгиси ҳар қандай хоҳишдан кучлироқ, ҳар қандай рағбатдан устунроқ эди.
Талҳанинг оиласи уни тонг отишидан аввал қабрга қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиққанларида у зотга Талҳанинг вафот этгани хабарини етказишди. У зот бомдод намозини адо этиб, асҳоблари билан унинг қабри ёнига келишди ва атрофида саф тортишди. Сўнгра қўлларини кўтариб: «Аллоҳумма алқи Толҳата, тазҳаку илайҳи ва йазҳаку илайка».
Аллоҳим, Талҳани Сен унга кулган ҳолда ва у Сенга кулган ҳолда қарши олгин!», дея дуо қилдилар.
Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатнинг гўзал намуналарини кўрсатган ёш саҳобийнинг ҳаёти шу тарзда якун топди. У ўзининг ортидан бу дунёда муҳаббат, яхшилик ва вафонинг хуш бўйларини қолдириб кетди.
Абдулмунъим Қандил
Изоҳ: Ушбу ёш ансорийнинг қиссаси Иззуддин ибн Асирнинг «Асадул ғояти фий маърифатус саҳоба» асарида ва яна Бағовий, ибн Ҳайсама, ибн Абу Осим ва ибн Шаҳинлар ҳам келтирганлар. Буларнинг баъзиларини Абу Довуд ривоят қилган.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган анжуманда дунёнинг ўттизга яқин давлатидан муфтийлар, исломшунос ва диншунос олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман муносабати билан ўтказилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби Илҳом Маърупов конференция ва унинг доирасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берди.
– Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш бўйича пухта ўйланган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди И.Маърупов. – Ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида 2025 йил 29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мотуридийшунослик илмий мактаби шаклланди, десак тўғри бўлади.
Конференциянинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида гапирганда бугунги кунда қуйидаги омиллар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётганини алоҳида қайд этиш лозим:
– муқаддас ислом дини ниқоби остида фаолият юритаётган радикал гуруҳлар ҳаракати кучайиб бораётган бугунги шароитда халқаро майдонда Имом Мотуридий таълимотини ўрганишга эътибор ошмоқда;
– мотуридийлик мактабининг бағрикенг ғоялари, асрлар давомида минтақамиз хусусиятларига мос ҳолда шаклланган инсонпарвар таълимоти радикализмга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали воситаси сифатида баҳоланмоқда.
Конференция 3 та шуъбада фаолият олиб боради:
Биринчи шуъба “Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни” мавзуига бағишланган бўлиб, унда Имом Мотуридий, мотуридий алломалари ва издошлари ҳаёт йўли, Мовароуннаҳр калом илми мактаби ривожланиш тарихи ҳақида баҳс-мунозаралар, илмий музокаралар бўлиб ўтади.
Иккинчи шуъба “Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини” мавзуида бўлиб, у Мотуридийлик таълимотида илгари сурилган ғоялар, жумладан, бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат назарияларининг шаклланишига оид мунозараларни ўз ичига олади.
Учинчи шуъба “XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти” мавзуига бағишланган бўлиб, у Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросида кўтарилган мавзуларнинг бугунги кундаги долзарб муаммоларни ҳал қилишдаги илмий ва назарий аҳамиятига оид баҳс-мунозараларни қамраб олади.
Анжуман якунида Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янги босқичга олиб чиқиш бўйича нуфузли олимларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида якуний декларация қабул қилинади.
Бугун анжуман қатнашчилари учун Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжолар ва тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳат кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари