Дин ишлари бўйича қўмита, Чилонзор туман ҳокимлиги ҳамда Маърифий тарғибот маркази ҳамкорлигида Чилонзор туманидаги 195-мактабда "Хўжа Аламбардор" жоме масжиди имоми Раҳимберди домла Раҳмонов иштирокида "Неъматлар шукри ила зиёда бўлади" мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Маъруза давомида шукр – бу фақат тил билан "шукр" дейиш эмас, балки неъматни ўз ўрнида ишлатиш, ношукрликдан сақланиш ва доимо миннатдорлик ҳисси билан яшаш кераклиги тўғрисида айтилди.
Шунингдек, жаҳолатнинг салбий оқибатлари ва унинг олдини олишда илм-маърифатнинг ўрни ҳамда Ислом динининг ҳақиқий моҳияти ва инсонпарварлик тамойиллари ҳақида тушунчалар берилди.
Бугунги даврда ёшларни жамиятга зид бўлган ёт ғоялардан асраш ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тадбир сўнгида аҳоли томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший)нинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Маълумот ўрнида Абдуқаҳҳор Шоший 1939 йили Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" даҳасида туғилганлар. 1956-1960 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, 1965-1969 йиллари Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида ўқиганлар. Сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро бўлими мудири, “Мир Араб” мадрасаси директори, Тошкент Ислом олий маъҳади ректори вазифаларида ишлаганлар. “Ислом ақидаси”, “Ислом арконлари”, “Қуръоний ҳикоялар” каби ўнлаб китоблар муаллифи ва таржимонлари саналади.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси