Шу йил 10 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида имом-хатиб ва ҳожилар Хива шаҳридаги маҳаллаларда бўлишди. Унда кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож 56 та оила ҳолидан хабар олиб, уларга зарур кўмаклар берилди.
Шу билан бирга, адашиб турли ёт оқимлар, ақидаси бузуқ кимсалар таъсирига тушиб қолган кишилар, айниқса, ёшларга ҳам ҳожи ота ва ҳожи оналар муҳим тавсиялар берди, йўл-йўриқлар кўрсатишди.
Натижада 16 та оилавий ажримнинг олдини олишга ҳаракат қилинди. 10 та хонадонда зарарли одатларга ружу қўйганларга насиҳатлар қилинди. Умумий ҳисобда 114 та оилага кирилиб, тарғибот ва амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
Тадбир сўнгида Хива шаҳридаги жоме масжидларда Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, маҳаллаларимиз ободлигини сўраб қилинган хайрли дуолар ташрифларга маънавий зеб бағишлади.
Дарҳақиқат, ҳожи деган шарафли номга сазовор бўлган, Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиб, Исломнинг бешинчи рукнини адо этган киши ўз манфаатларидан кўра халқникини, Ватаниникини устун қўяди. Шу боис у ҳар жойда азиз ва мукаррамдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Малайзия 2025 йилги мусулмонлар саёҳати рейтингида ислом давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.
Малайзия бу йил “Мастерcард-Cресcент Ратинг” глобал мусулмон саёҳатлари индексида биринчи ўринга кўтарилди, деб ёзади “IQNA” сайти “Travel Dayli media” нашрига таяниб.
Бу йил Малайзия 79 балл тўплаган ҳолда, яна биринчи ўринни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида пешқадамликни қўлга киритди.
Саудия Aрабистони, Туркия ва Бирлашган Aраб Aмирликлари ҳам 78 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Индонезия бу йил тўрт поғона пастлаб, 76 балл билан Қатар билан бешинчи ўринни бўлишди.
Рейтингдаги ушбу ўзгаришлар ўзгарувчан глобал бозор конюнктурасини акс эттиради. Бунинг эса ўсиш ва рақобат учун жуда муҳим эканлиги исботланган. Бу йилги рейтингни ҳисоблаб чиққан экспертлар фикрича, Малайзиянинг ислом туризми йўналиши сифатидаги кўрсаткич ва машҳурлиги сўнгги ўн йил ичида барқарорлигини сақлаб қолмоқда.
Буни мамлакатнинг ички ва халқаро саёҳатчиларнинг эҳтиёж ва афзалликларига жавоб берадиган миллий ҳалол туризм стратегиясини қабул қилиш ва амалга ошириш усули билан боғлаш мумкин.
Шу мақсадда Малайзия ҳукумати ва хусусий сектори ҳалол сертификатлаш, инклюзив туризм сиёсати ва маҳаллий анъаналар, ислом мероси ва замонавий технологияларни ўзида мужассам этган маданий ўзига хослигини мустаҳкамлашга катта сармоя киритди.
Илёсхон Аҳмедов,
тайёрлади.