Шу йил 15 апрель куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида намунавий-амалий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов, туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари ва отинойилар, шунингдек, «Ҳаж – 2024» зиёратчилари, маҳаллалар раислари иштирок этди.
Дастлаб Бўстонлиқ туманидаги «Хўжакент» жоме масжидида амалга ошириладиган тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Сўнгра ҳудудга мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазилди.
Шундан сўнг маҳаллаларга чиқилиб, тумандаги ҳар бир маҳаллада муаммоли бештадан оила ўрганилди.
Арзимас сабаблар билан ажрим ёқасига келиб қолган ёш оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқароларга ҳам Исломнигн соф таълимоти тушунтирилди.
Пешин намозидан сўнг Дониёр домла Икромов тумандаги «Олимжон ота» масжиди қавмига мавъиза қилиб берди.
Хуллас, бу маърифий тадбир ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир сўнгида кун давомида амалга оширилган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хайрли дуолар билан тадбир ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўмоннинг “Oman Daily” нашрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, анжуманда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 300 нафарга яқин журналист, тадқиқотчи, ношир, кинорежиссёр ва технология соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари Ислом цивилизациясининг тарихий-маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали халқаро аудиторияга кенг тарғиб қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Мақолада Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, хусусан, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек ва Амир Темур каби буюк тарихий шахсларнинг бой илмий ва маданий мероси алоҳида эътироф этилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказининг ушбу тарихий бойликни атрофлича ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро майдонда тизимли тарғиб қилишдаги стратегик аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Форум доирасида қадимий Қуръон қўлёзмалари, тарихий хариталар, ҳужжатли фильмлар ҳамда инновацион рақамли лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчилари Ислом цивилизацияси ҳақидаги халқаро медиа контентида мавжуд бўлган муайян стереотипларни бартараф этиш, унинг жаҳон илм-фани, маданияти ва умуминсоний тараққиётга қўшган бебаҳо ҳиссасини холис ҳамда кенг қамровли ёритиш зарурлигини бир овоздан таъкидлади.
Газетада Ўзбекистоннинг маданий дипломатия механизмларидан унумли фойдаланган ҳолда мамлакатнинг бой тарихий мероси ва Ислом цивилизациясидаги ўрнини жаҳон жамоатчилигига кенг етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати