Тирикмисиз? Ҳаётнинг қадрига етинг.
Чарчадингизми? Аллоҳ яратган табиат қўйнига чиқинг дам олинг, тафаккур қилинг!
Йиқилдингизми? Аллоҳдан сабр ва куч сўраб, ўрнингиздан туринг.
Сиздан сўрасалар, ўйланмай бераверинг. Зеро, ҳамма нарса Аллоҳники. Аллоҳ вақтинчалик сизга бериб турибди, холос. Ўрни бўлса, муҳтожларга улашиб, савобини олиб қолинг.
Сизни қадрламасалар хафа бўлманг, қадрлашларини сўраманг ҳам. Аммо шаънингиз топталган жойда қолманг.
Ўргатсалар, ўрганинг сабоқ олинг. Ҳаёт синовлари олдида енгилманг. Курашиб яшанг. То ҳаёт экансиз, ҳар бир неъматнинг шукрини қилинг. Бу фоний оламда ҳаммаси синов эканини эсдан чиқарманг.
Акбаршоҳ Расулов
Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов